Билимли ёшлар – келажак инвестицияси


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Муносабат Fraksiya yangiliklari

Биз фарзанд тарбиясига эътиборни у туғилмасидан олдин бошлаш керак, деган нақлга амал қилиб келган халқимиз. Таълим-тарбияга берилган эътибор келажагимизни ҳал қилади. Зеро, рақобатбардош, интеллектуал кадрларга бой мамлакатнинг иқтисодиёти ривожланган, сиёсати барқарор, хавфсизлиги мустаҳкам, аҳолиси фаровон бўлади.

Ушбу масалалар Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишининг устувор ғояси бўлди.

Давлатимиз раҳбари президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб юртимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган, замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Буни биз қисқа вақт мобайнида Президентимиз томонидан халқ таълими тизимига оид 6 та фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилиниб, бу соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари мустаҳкамланганида ҳам кўришимиз мумкин. Натижада сўнгги уч йилда 157 та умумтаълим мактаби янгидан қурилди, халқ таълими тизимига 12 минг 871 нафар эркак ўқитувчи қайтди, ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробар оширилди, нафақа ёшида фаолиятини давом эттираётган ўқитувчиларга пенсияси тўлиқ миқдорда берилмоқда. 

Аммо ушбу ўзгаришларни Ўзбекистон келажагини ўз қўлига оладиган ёшларни тарбиялаш учун етарли, деб бўлмайди. Тизимда ечимини кутаётган муаммолар ҳали мавжуд. Бунга Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг амалга оширган назорат-таҳлил ишларида ҳам гувоҳи бўлган эдик. Шу боисдан, жорий йилда партия ҳамда фракция фаолиятида таълим ва унинг сифатини ошириш масаласи устуворлик касб этмоқда. Жумладан, парламент қуйи палатасида ўтказилган “Ҳукумат соати”га партиямиз фракцияси ташаббуси билан “Умумий ўрта таълим мактаблари биноларини сақлаш, синфхоналари, дарсликлар ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги масала киритилган эди. Шунингдек, Бош вазир ўринбосарига “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Умумтаълим мактабларида тиббий хизмат кўрсатиш ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги парламент сўровлари юборилган эди.

Албатта, бу борада фақатгина фракциямиз фаоллиги эвазига бутун тизимни ёки республиканинг барча ҳудудларини қамраб олишнинг имкони йўқ. Шу ўринда партиямиз ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари ҳам партия сайловолди дастурининг асосий йўналиши ҳисобланган таълим тизимидаги жараёнларнинг амалга оширилишида ўрганишлар олиб бормоқда. Жумладан, “Мактабда ижтимоий тенглик масалалари” лойиҳаси доирасида жойларда 11 йиллик таълимнинг ташкил этилиши ҳолати, ўқувчиларга ягона мактаб кийими жорий қилиш ҳолати ўрганилди. Шунингдек, “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси жамоатчилик тартибида кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, “Таълим сифати – партия нигоҳида” лойиҳаси доирасида умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиши ҳамда айрим дарсликлардаги хато-камчиликлар ҳолати ўрганилди. Натижада мазкур лойиҳалар доирасида 100 дан ортиқ ҳудудий ва туман (шаҳар) Кенгаши сессияларига масалалар киритилди ҳамда қарорлар ижроси назоратга олинди.

Албатта, таълим тизимидаги ислоҳотларда бир дақиқа сусткашликка йўл қўйиш қанчадан-қанча ёш авлод тақдирига, бу эса, ўз навбатида, мамлакат тараққиётига ўзининг салбий асоратини кўрсатмасдан қолмайди.

Шу боисдан, видеоселектор йиғилишида белгиланган бир қатор вазифалар ижроси юзасидан партиямиз ҳам ташаббусни қўлга олиши лозим.

Энг аввало, партия электоратининг асосий қисми ҳисобланиб, аъзолар сонининг 25 фоизини фоизини ташкил этувчи ўқитувчилар манфаатини ҳимоя қилиш, ўқитувчи касби мақомини юксалтириш биз учун энг асосий масала ҳисобланади. Зеро, ўқитувчининг мавқени оширмасдан туриб, мактабда таълим сифатини кўтаришга уриниш, ерга уруғ қадамасдан ҳосил кутиш билан баробардир.

Шунингдек, бундан 22 йил аввал қабул қилинган “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”, хоҳлаймизми-йўқми, бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишга муҳтож. Бундан ташқари, айни дамда Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маромига етказишда фракция аъзолари билан биргаликда фаол иштирок этиш ва бунда асосий эътиборни ўқитувчи ўз касбидан рози бўлиши, фахрланишига эришишига қаратишимиз лозим.

Шу билан бирга, партиямиз касбий таълимни бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирмай туриб, таълимнинг узлуксизлигини таъминлай олмаймиз, деб ҳисоблайди. Шу боисдан, фракциямиз аъзолари коллежлар тизимини қайта кўриб чиқиш ва уни иқтисодиётнинг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда тезкор касбий тайёргарлик масканларига айлантириш бўйича тегишли таклифларни ишлаб чиқиши лозим.

Умуман олганда, таълим-тарбия соҳасида замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартлари, дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаш зарур. Шунингдек билим беришда чет элдаги илғор тажрибалардан фойдаланиш, тарбияда эса, миллий анъана ва қадриятларга суяниш муҳим. Бу борада оила институти муҳим аҳамият касб этади. Чунки фарзандимиз дастлабки таълим ва тарбияни оилада олади. Шу боисдан, фарзанд тарбиясида ота-оналар масъулиятини янада ошириш, улар учун қисқа курслар ташкил этишимиз лозим. Ана ўшанда оила — таълим муассасаси — жамият бўғинининг барча қисмлари ўз вазифасини бажаришни бошлайди.

Эртаси бугунидан гўзал бўлишини хоҳлаган ҳар қандай миллат мактаб ва ўқитувчини эъзозлаши лозим. Зеро, келажакка тикилган энг яхши инвестиция бу ёшлар таълими ва тарбиясига тикилган инвестициядир.

Наримон УМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!