Мақсуд Қурбонбоев: Йигирма саккиз йиллик ҳикмат


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Муносабат Fraksiya yangiliklari

28 йил. Бир мамлакат тараққиёт йўли учун камми ёки кўпми, деган савол ҳаммамизга қизиқ туюлиши табиий. Айниқса, 1 сентябрь яқинлашгани сари бундай ўй-хаёлларга берилишимиз раво бўлса керак.

Мустақилликнинг илк йилларини эсласак, қандай қийинчиликларга дуч келингани кўпимизнинг хотирамизга тушади. Ўша пайтлари эндигина катта ҳаётга қадам қўйган пайтларимиз эди. Аҳолимизнинг кундалик харажатларининг қоплаш масаласи, энг асосийси, озиқ-овқат — нон, ун, ёғ, гўшт ва бошқа маҳсулотлар танқислиги, дўконлар пештахталари бўм-бўш бўлиб қолгани ҳозиргидай ёдимизда.

Бугун замон тамомила бошқа. Унинг акси. Эришилаётган ютуқлар, иқтисодий ўсиш ва унинг кейинги икки йилда янада жадаллашаётгани, аҳолининг фаровон яшаши учун яратилётган шароитлар, албатта, ўз-ўзидан бўлмаслиги кундек равшан. Бир янги оиланинг рўзғорини бутлаш, муносиб шароитларни яратиб олиши учун нимадандир воз кечиши, тунни кунга улаши, астойидил меҳнат қилиши кераклиги барчамизнинг бошимиздан ўтган ёки ўтяпти.  

Кейингги йилларда иқтисодий ўсиш, аҳоли даромадларининг оширилиши бўйича катта ишлар амалга оширилганига ҳар бир фуқаро бевосита ўзи гувоҳ бўлмоқда.

Шу ўринда иқтисодий йўналишда амалга оширилган ислоҳотларни таҳлил қилган ҳолда, уларнинг энг асосийларига бирма-бир тўхталиб ўтсак.

Бизнес юритиш учун рўйхатдан ўтиш жараёнида аҳоли учун кулай шарт-шароитлар яратилди, яъни туни кун онлайн режимида ишлайдиган тизим барпо қилингани туфайли, эндиликда, бу жараённи ярим соат ичида амалга ошириш мумкин бўлди. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар учун олдин 7 та ҳужжат талаб қилинар эди, бугунги кунда улар 1 тага тушди, илгари юридик шахслар учун талаб қилинган ҳужжатлар сони эса 6 тадан 2 тага камайтирилди.

2017 йилдан бошлаб, бир неча йил давомида бемалол бизнес юритишга тўғаноқ бўлиб келаётган миллий валютанинг девольвация этилиши натижасида хорижий валютанинг конвертацияси осонлаштирилди. Яъни, чет эл валютасини пул алмаштириш шохобчаларидан бемалол сотиб олиш ёки сотиш имкониятлари яратилди. Ваҳоланки, бундан уч йил аввал буни тасаввур қилиш ҳам қийин эди. Айрим тадбиркорларнинг конвертация учун йиллаб қимматли вақти ва харажатини ортиқча сарфлаганини барчамиз яхши биламиз.

Пластик карталар билан муомала тизимига киритилган ўзгартиришлар натижасида нақд пул олиш учун банкоматлар ўрнатилди. Илгари оддий аҳоли нақд пулга қийналган бўлса, ҳозирда бу муаммо ҳам бартараф этилди. Умуман олганда, республикамиз бўйича пластик картанинг эмин-эркин ишлатилиши бўйича кенг камровли ишлар амалга оширилди. Чет эл валютаси учун махсус карталар ҳам аҳоли фойдаланиши учун муомалага киритилгани ҳам шулар жумласидандир.

Дарвоқе, валюта сиёсатининг либераллаштирилиши ҳам катта воқелик бўлди. Чет эл валютасини республикамизга олиб кириш ва олиб чиқиш тартиблари такомиллаштирилгани бу борадаги кўплаб муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этди. Натижада илгари фуқаролар 2000 АҚШ долларигача бўлган валютани декларациясиз хорижга олиб чиқиш ёки олиб кириши мумкин бўлган бўлса, бугунги кунда бу миқдор 5000 АҚШ долларига кўтарилди ва бунинг учун банкдан махсус рухсат олиш тартиби бекор қилинди.

Тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш ва бизнесни кенгайтириш учун ташкил қилинган эркин иқтисодий зоналар сафига яна 7 таси қўшилди. Бунда аҳолимизнинг дори-дармонга бўлган эҳтиёжини қоплаш мақсадидан келиб чиқиб, асосий эътибор фармацевтика соҳаси йўналишига қаратилди.

Мамлакат тақдирини белгиловчи бош молиявий ҳужжат — Давлат бюджетининг қабул қилиниши ва ижро этилиши соҳасидаги ислоҳотлар олиб борилаётган ишларнинг ҳақиқий маънодаги туб бурилиши бўлди, десак муболаға эмас. Президентимизнинг 2018 йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада тамоман янги босқични бошлаб берди. Унга кўра, бюджет маълумотларининг очиқлиги ва сифати, уларни хорижий инвесторларга ҳамда бошқа манфаатдор субъектларга етказиш, шунингдек, парламент вакиллари ва фуқаролик жамияти институтларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этилишида бевосита иштирок этиши, жамоатчилик назоратини олиб бориши юзасидан янги механизмлар яратилди. 2019 йилдан бошлаб туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтиришни назарда тутадиган тизим жорий қилинди.

Шунингдек, 2020 йилдан бошлаб Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлари батафсил баён этилиши назарда тутилган, илғор халқаро стандартларга мос келадиган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур лойиҳа билан Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тақдим этилишидан олдин жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, жамоатчилик фикрини олиш учун туман (шаҳар)лар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилиш таклиф этилаётган тадбирлар тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш ҳам кўзда тутилмоқда.

Албатта, бу ислоҳотлар мамлакатда бир неча йиллар давомида тўпланиб қолган, халқимизнинг қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этаётган бўлса-да, келажакда амалга оширилиши режалаштирилаётганлари олдида денгиздан томчи ҳисобланади. Сабаби, халқимизнинг бахтли, саодатли яшаши учун мустаҳкам иқтисодиёт, барқарор сиёсат муҳим ўрин тутади. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, халқимиз эртага эмас, бугун яхши яшамоғи лозим. Кеча бошлаган, бугун давом эттираётган, эртага янада катта масъулият билан қилажак ишларимиз ана шу хайрли мақсадга йўналитирлгани билан аҳамиятлидир.

Йигирма саккиз йиллик залворли тарихдан чиқарган хулосамиз, уққан ҳикматимиз — шу!

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!