Менда таклиф бор: Бепул ўқийман деб, текин мардикорга айланманг!

Сафдошларимиз партиямизнинг янги дастурлари лойиҳалари юзасидан муҳокамалар давомида ечимини кутаётган долзарб муаммоларга кенг жамоатчилик эъборини қаратмоқда. Жумладан “Адолат” газетасининг жорий йил 2 август кунги сонида Жиззах шаҳар “Учариқ” МФЙдаги БПТ раиси Ҳожиакбар Муҳаммадиевнинг “Долларга келган диплом сариқ чақага арзимаса...” сарлавҳали мақоласида ўртага ташланган таклифда ҳам ана шундай муаммолардан бири тилга олинган.  Унда билдирилган таклиф кўпчиликнинг дилидаги гап, десак янглишмаймиз.

Афсуски, қайсидир чет давлатга бориб, имтиҳонсиз ўқишга кириш имкони борлиги ҳақида рекламалар ҳамон давом этмоқда: Ижтимоий тармоқлардан тортиб, метро бекатларида, кўча-кўйда, маҳаллаларда бундай рекламалар ёшларга таклиф қилинмоқда. Очиғини айтганда, уларнинг аксарияти ёшларимизни ширин гаплар билан алдамоқда. Хўш, нега мутасаддилар бу ҳолатларга ҳамон бефарқ қарамоқда, деган савол туғилади.

Мақола муаллифининг “Олий таълим даргоҳига кириши учун абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишда воситачи бўлиш тадбиркорликмикан ўзи? Нега масаланинг бу жиҳатига ҳеч ким эътибор бермаяпти?”, деб куюнганича бор.  Бу масалада мутахассислар, хусусан, адлия ходимлари ҳуқуқий жиҳатдан фикр билдиришса, айни муддао бўлар эди.

Телевидениеда берилган “Муносабат” кўрсатувида хорижда ўқиш тарғиб этилаётган рекламалар ва шу билан боғлиқ оқибатлар ҳақида атрофлича сўз юритилган  ҳаётий мисоллар келтирилган эди. Барча фикрлардан англашиладики, долларга келган диплом (дипломлар!) юртимизда нострификация қилинмагач, кераксиз бир парча қоғозга айланади, масофадан таълим бериш тизими ҳақида ҳам худди шундай фикрни айтиш мумкин экан. Хўш, эртага бундай дипломга эга бўлган ёшларнинг тақдири нима бўлади? Ўқиш текин дейилган баъзи ҳолатларда эса хорижий таълим даргоҳида ўқиш пуллик бўлиб, “мендан кетгунча” қабилида “бизнесмен”лар берган ваъдаларнинг таги пуч экани ҳам аён бўлибди. Бу эса фирибгарлик саналади.

Яна бошқа бир савол ҳам кишини ўйлантиради. Алдовларга чув тушиб, бепул талаба бўлиш орзуси билан хорижга етиб борган айрим ёшларимиз сароб ортида бепул ўқиш эмас, текин мардикорга айнланиб, паспортини ҳам ололмай юрган ҳолатлар-чи? Ахир бу ишлар одам савдоси кўринишларининг ўзи-ку? 

Хорижда ўқиш таклиф қилинаётган бундай рекламаларни ман этиш учун шу ҳолатлар етарли эмасми? Ёшларимизнинг увол бўлаётган тақдирлари эвазига кимлардир ўз “бизнес”ини фирибгарлик йўли билан, ҳатто одам савдоси даражасида ҳам давом эттиравериши қонунларимизга хилофдир. Текин пишлоқ қармоқда бўлади, деб бежиз айтишмайди.

Муаммонинг ечими сифатида муаллиф олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг хорижий таълим даргоҳлари билан алоқалар масаласига масъул бошқармаси барча шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда бу ишни марказлашган тарзда олиб бориши, ушбу масаланинг тадбиркорликка умуман алоқаси бўлмаслиги лозим, деб ўртага ташлаган таклифини қўллаб-қувватлайман. Бу таклиф партиямиз дастуридан ўрин олиши лозим. 

Ёшларимиз дуч келган фирибгарларнинг қўлига тушиб қолмаслиги керак, бунга эса жавобгарлик, масъулият вазирликнинг зиммасида бўлиши орқали эришиш мумкин. 

Ислом ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутати

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Орқага қайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!