СУРХОНДАРЁ

Манзил: Термиз шаҳри, Ат-Термизий кўчаси, 19 а-уй

Телефон: (76) 223-34-67, 224-34-68

Электрон манзил: surxondaryo.adolat@mail.ru

Янгиликлар
News

Ишчи гуруҳ фуқароларга амалий ёрдам кўрсатмоқда

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилояти, шаҳар ва туман Кенгашларида ташкил этилган ишчи гуруҳи аъзолари фуқароларни қийнаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалаларни ижобий ҳал этиш мақсадида фаол иш олиб бормоқда. Хусусан, ҳар бир маҳалла, шунингдек, ижтимоий объектлар партия фаоллари томонидан алоҳида ўрганилиб, муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳамда партиянинг Термиз шаҳар Кенгаши фаоллари томонидан шаҳардаги “Бўстон” МФЙ фуқароларининг мурожаат ва муаммолари ўрганилди. Фуқаролар томонидан билдирилган муаммоларни бартараф этиш мақсадида ишчи гуруҳ аъзолари таркибини ташкил қилувчи депутатлар тегишли ташкилотларга сўров билан мурожаат қилишмоқда. Депутатлар “Бўстон” МФЙ кўчаларида яшовчи фуқаролар билан бўлган мулоқотида томорқалардан унумли фойдаланиш, мевали ва манзарали дарахтлар ўрнатиш, кичик бизнес, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, банклардан имтиёзли кредитлар олиб, иссиқхоналар қуриш, якка тадбиркорлик фаолиятини шакллантириш, шунингдек, давлатимиз томонидан берилган ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда ўз фаолиятини кенгайтириш юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари амалга оширилди. Ишчи гуруҳ фуқаролар билан яккама-якка мулоқот ўрнатиш жараёнида фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган қатор муамоларга дуч келишди. Жумладан, “Бўстон” маҳалласидаги “Бахт” кўчасиида яшовчи фуқаролар билан суҳбатлашиб, мурожаат ва муаммоларининг ечилишида кўмаклашишди. Ўрганиш жараёнида 10 дан ортиқ хонадонларга ташриф буюриб, баъзи фуқароларнинг вақтинчалик ишсиз эканликлари билан боғлиқ муаммолар таҳлил қилинди. Маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Ўғилой Одинаева уй-жойга эҳтиёжи борлиги сабабли қурилаётган арзон уй-жойлардан олишда ёрдам сўраб, неварасига 2 ёшгача болалар нафақа пули олиш тўғрисида ҳамда қандли диабет касаллиги бўйича ҳисобда туриши ва даволаниши учун бепул дори-дармон билан таъминланмаётганлиги тўғрисида мурожаат қилди. Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати Б.Махматмуродов томонидан “Бўстон” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Ў.Одинаеванинг арзон уй-жойлардан олишда ёрдам сўраб қилган мурожаати юзасидан шаҳар ҳокимлигига ҳамда неварасига 2 ёшгача болалар нафақа пули олиш тўғрисидаги мурожаати юзасидан вилоят Маҳалла Кенгашига ва қандли диабед билан даволанишида дори-дармонларнинг берилмаётганлиги тўғрисидаги мурожаати юзасидан Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбариятига депутат сўровлари билан мурожаат қилди. Шунингдек, мазкур ишчи гуруҳи томонидан Қумқўрғон туманидаги “Уясь” МФЙ ҳудудида жойлашган юридик ва жисмоний шахслар билан бевосита суҳбатлар уюштирилди, қонунлар ижроси ва ислоҳотларнинг амал қилиш даражаси ўрганилди. МФЙ ҳудудида жойлашган 11 та хонадонга ташриф буюрилиб, 22 нафар фуқаролар билан суҳбат қилинди. Жумладан, Ишчи гуруҳи томонидан “Уясь” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Алимқулов Шуҳратнинг иш билан таъминлаш тўғрисидаги мурожаатлари юзасидан фуқарога туман Бандликка кўмаклашиш марказига ариза билан мурожаат қилиши тўғрисида ҳуқуқий маслаҳатлар берилди Мазкур МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар Чориева Гулшода, Чориев Холмирза, Остонақулов Панжи, Марданқулов Одиллар газ баллон билан таъминлашда ёрдам сўраб қилган мурожаатлари юзасидан МФЙ раисига учрашилиб, фуқароларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилди ва газ баллон олувчилар рўйхатига киритилди. 10 кун муддат ичида фуқаролар газ баллон билан таъминланадиган бўлди. Мурожаатлар билан бирга шаҳар ва туманлардаги бошқа ижтимоий объектларнинг ҳам аҳволи ўрганилди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳозирда ишлар олиб борилмоқда. Партия фаолларининг ўрганишлари давом этмоқда. Дилафрўз РАҲМАТОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича бош мутахассиси ...

Батафсил
News

Эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунаси

Ўтган давр мобайнида республикамизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш борасида самарали натижаларга эришилди. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бир қатор ўткир муаммоларни бартараф этиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифатини янада оширишга қаратилгани билан ғоят муҳимдир. Ушбу фармон ўз мазмун-моҳияти билан вақтида қабул қилинган стратегик ҳужжат бўлди. Оддий мисол тариқасида оладиган бўлсак, мамлакатимизнинг жанубий вилояти Сурхондарёда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги, ва оммабоплигини тубдан ошириш мақсадга мувофиқдир. Хусусан, воҳанинг чекка тоғли туманларида аёллар ва болаларга шошилинч ва ихтисослашган тиббий ёрдамни ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахсларни реаблитация қилиш, протезлаш ҳудудий марказларни ишга тушириш зарур. Фармон билан мазкур ҳудудларда ана шундай замонавий типдаги тиббиёт марказлари ташкил этилади. Мазкур устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2019 йил 1 июлга қадар “Мажбурий тиббий суғурталаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиши назарда тутилган. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг сифатини оширади. Ўзбекистонда 2025 йилгача соҳани ривожлантириш бўйича концепция лойиҳасида кўплаб йўналишлар, жумладан, тиббий суғурта соҳасига ҳам алоҳида урғу берилмоқда. 2021 йилдан бошлаб мажбурий тиббий суғурта тизимини босқичма-босқич жорий этилиши, бунда кўплаб ривожланган давлатлар қаторида Ўзбекистонда ҳам ўз ижобий самарасини беради. Мамлакатимиз раҳбариятининг тиббий суғурта тизимини чуқур ўрганган ҳолда тиббий суғуртани жорий этиш, бу борадаги ижобий тажрибаларнинг юртимизда ҳам татбиқ этилиши халқимиз фаровонлигига чуқур хизмат қилишидан даракдир. Жаҳондаги ривожланган миллий тиббий суғурта тизими ва тиббиётнинг ривожланиши тажрибасига эга мамлакатларда тиббий суғурта тизими халқаро тамойиллар асосида изчил такомиллашиб бормоқда. Шу сабабдан у халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради ва юртимиз аҳолисининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилади. Тиббий суғурта тизимини бевосита ўрганиш ва ютуқларини мамлакатимизда татбиқ этиш соғлиқни сақлаш тизимининг такомиллашувига ва аҳоли саломатлигини самарали муҳофаза қилиш тизимини яратишга хизмат қилиши муқаррардир. Эътиборлиси, фармон билан ортопедия буюмлари ҳамда реаблитация техник воситаларини ишлаб чиқарадиган корхоналарга имконият ва имтиёзлар берилмоқда. Соҳа корхоналари 2021 йил 1 январигача солиқ ҳамда бошқа мажбурий тўловлардан ва четдан олиб кириладиган бутловчи буюм ҳамда эҳтиёт қисмлар, асбоб-ускуналар, компъютер ҳамда диагностика воситалари учун божхона тўловларидан озод қилинди. Мазкур соҳа бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш кўзда тутилган. Яъни, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2019-2020 ўқув йиллардан бошлаб олий ҳамда ўрта махсус маълумотли протезчи мутахассисларни тайёрлашни бошлайди. Фармонга асосан, эндиликда эркин иқтисодий ҳамда кичик саноат зоналари ҳудудларида ҳам протез ортопедия буюмлари, реаблитация техник воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мазкур жараёнга хориждаги етакчи ишлаб чиқарувчилар, чет эл инвесторлари, турли грантлар ва халқаро молия институтлари маблағларини жалб этиш орқали соҳага янги инновацион технологиялар жорий қилинади. Шунингдек, фармонда фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш, нарх шаклланиши механизмларини такомиллаштириш, дори воситалари, тиббий техника ва буюмлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини кенгайтириш ҳам кўзда тутилмоқда. Мазкур устувор ислоҳотлар республикамизнинг тоғли ҳудудларида доривор ўсимликлар плантацияларининг янада кенгайтирилишида муҳим пойдевор бўла олади. Хусусан, фармондаги ушбу муҳим босқич воҳамизнинг тоғли Бойсун туманида фармсаноатни ривожлантириш, доривор гиёҳлар экиладиган майдонларнинг янада кенгайтириш ва “Бойсунфармсаноат”ни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ушбу ҳужжат мазмун-моҳиятига кўра сифатли ва қулай тиббий хизматга қаратилган тизимли чора-тадбирлар юртимизда аҳолининг барча қатлами учун кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўла олади. Бўри МАҲМАТМУРОДОВ, Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати, Олий тоифали шифокор ...

Батафсил
News

Конституция – мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларининг муҳим пойдевори

Ўзбекистон “Адолат” СДП Cурхондарё вилоят Кенгаши томонидан Республика Ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Термиз ҳудудий бўлинмасида Ўзбекистон Республикаси конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан “Конституция – мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларининг муҳим пойдевори” мавзусида тадбир ўтказилди Тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши ходимлари, партия фаоллари, ФЖШМҚМИ ҳудудий бўлинмаси ходимлари, ўқитувчи ва тингловчилар иштирок этишди Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси ўринбосари И.Қурбонов кириш сўзи билан очиб, тадбир иштирокчиларини байрам билан табриклади. Шундан сўнг Партия фахрийси, тарих фанлари номзоди Юсуф Валиқулов Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – тенглар ичида тенг давлат, мустақил диёрнинг мустақиллигини ёрқин намоён этувчи асосий ҳужжат, бахтимиз қомуси, халқимизнинг ору-номуси. Негаки, унинг ҳар бир моддасида, ҳар бир бандида халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳам, миллий бағрикенглик тамойиллари ҳам акс этиб туриши. Эркин ва обод жамият ҳамда ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш ғояси Қомусимизнинг асосий мазмунини ташкил этиши, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш масаласи биринчи ўринга қўйилганлиги, мустақил Ўзбекистон давлатининг ҳуқуқий асосини яратишдаги муҳим пойдевор бўлганлиги тўғрисида гапириб ўтди. Шунингдек, ФЖШМҚМИ ҳудудий бўлими сектор мудири Ойбек Худойназаров конституция мустақиллигимизнинг ҳуқуқий пойдевори эканлиги ҳамда мустақилликка эришганимиздан сўнг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларида қонунларимизнинг аҳамиятига ҳамда конституциянинг яратилиш тарихи, тузилиши ҳақида тўхталиб, Конституция (лотинча “Constitution” – тузилиш, тузук) – давлатнинг асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб берганликлари, асосий қонунимиз яратилишининг мураккаб ва муҳим, айни чоғда шарафли солномасига назар солар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари натижаси эканига комил ишонч ҳосил қилишимиз, конституциявий “бино”ни қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилганлиги, бугунги Ўзбекистон қадимги Хоразм ва Сўғдиёна, қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Амир Темур ва Темурийлар, ўзбек хонликлари, маърифатпарвар аждодларимиз, халқимизнинг тарихий анъаналари ва унинг мустақил давлат ҳақидаги кўп асрли орзусини мужассам этганлиги ҳақида батафсил тўхталди. Тадбир якунида иштирокчилар билан қизиқтирган саволлари юзасидан савол-жавоблар ўтказилди ва марказ маъмурияти тадбир ташкилотчилари ҳамда тадбирга ташриф буюрган меҳмонларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Фахриддин ОРИФХОНОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси ўринбосари ...

Батафсил
News

Бош қомусимизга бағишланган тадбир

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун — 8 декабарь, халқимиз орасида катта тантана билан нишонланади. Шу муносабат билан, Сурхондарё вилоятининг барча ташкилотларида, таълим даргоҳларида байрам кечалари, давра суҳбатлари уюштирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон «Адолат» СДП Олтинсой тумани Кенгаши ташаббуси билан тумандаги 19-умумтаълим мактабида Конституциямизнинг 26 йиллиги муносабати билан “Конституция — мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларининг муҳим пойдевори” мавзусида байрам тадбирини ўтказилди. Тадбирда партиянинг Олтинсой туман Кенгаши вакиллари, депутатлар, ўқитувчи-педагоглар, ёшлар, фаоллар иштирок этди. Тадбирда сўз олганлар, Конституция атамаси узоқ тарихга эгалиги, мустақиллик берган ҳуррият тимсоли бўлиб, унинг тарихий моҳияти, Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинлиги, уларнинг қонун олдида бирдек тенглиги, миллий қадриятлари, урф-одатлари билан ҳамоҳанг тарзда ўз ифодасини топганлиги билан аҳамиятлилиги, жинси, миллати, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, Конституциямиз халқимизнинг орзу-умидлари, иродасини ўзида жамлаган қомусий ҳужжат эканлиги ҳақида ёшларга тушунчалар беришди. Фазлиддин Сирожиев, Халқ депутатлари Олтинсой туман Кенгаши депутати: — Ҳаётимиз шамчироғи ҳисобланган Конституциямизда фуқароларнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши, ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишида мазкур ҳужжатнинг ўрни ва мавқеи жуда каттдир. Конституцияда белгиланган кафолатлар фуқароларнинг озод Ватанда эркин ва фаровон яшаши, эртанги кунга умид ва ишончи мустаҳкам бўлишини таъминлайди. Бош қомусимиз Ўзбекистонда тинчликни, сиёсий барқарорликни, ижтимоий тотувликни, иқтисодий тараққиётни, одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим тамойил ҳисобланади. Тадбир давомида ўқувчи ёшлар Ватанни, қомусимизни мадҳ этувчи шеърлари, куй-қўшиқлари билан йиғилганларга ҳақиқий байрамона кайфият улашдилар. Шоҳруҳ ТОШТЕМИРОВ, Ўзбекистон “Адолат”СДП Олтинсой туман Кенгаши раиси ...

Батафсил
News

Сурхондарёда тор доирадаги тиббиёт мутахассисларига эҳтиёж сезилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 9 ноябрь куни республика соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва соҳани изчил ривожлантиришга доир долзарб вазифалар ҳамда соҳадаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф қилиш юзасидан аниқ топшириқлар берди. Соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган Ҳаракатлар режаси — “Йўл харитаси” тадбирлари белгиланди. Ушбу “Йўл харитаси” асосида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами хизмати сифати ва самарадорлигини ошириш, муассасалар моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, кадрлар таъминоти ва салоҳиятини ошириш, санитар-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда хусусий секторни ривожлантириш чораларини белгилаш юзасидан Республика ишчи гуруҳи шакллантирилди. Ишчи гуруҳ таркибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва республика тиббиёт муассасаларининг раҳбарлари 27-29 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташриф буюришди. Ташрифнинг дастлабки кунида ишчи гуруҳ томонидан Сурхондарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасида соҳа ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, соҳадаги мавжуд ҳолат, муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан чора-тадбирлар белгилаш мақсадида ҳар бир соҳа бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижаси ҳамда самарадорлигига алоҳида эътибор қаратишди. Айтиш жоизки, вилоятда бугунги кунга қадар дори-дармон сотиб олиш учун 41,1 млрд. сўм ажратилган бўлиб, бу 2017 йилга нисбатан ўртача 2,5 бараварга ўсган. ҚОП ва ҚВПларнинг моддий техника базасининг мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда Обод қишлоқ ва Обод маҳалла дастури асосида 10 та, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига 3 та, инвестиция дастури асосида 4 та, бирламчи тиббиёт муассасалари таъмирланган. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами хизмати сифати ва самарадорлигини ошириш, муассасалар моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, кадрлар таъминоти ва салоҳиятини ошириш, санитар-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда хусусий секторни ривожлантириш чораларини белгилаш мақсадида депутатларимиз Ангор, Музрабод, Шерабод, Шўрчи ва Олтинсой туманлари ва Термиз шаҳридаги Тиббиёт бирлашмасида бўлишди, беморлар, ҳамшира ва шифокорлар билан суҳбатлашдилар. Олтинсой туман Тиббиёт бирлашмаси фаолияти билан танишиб, шифокорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан мулоқот қилдилар. Мулоқот чоғида ушбу мазкур бирлашмада бир қатор камчиликлар мавжудлиги эътиборга олинди. Жумладан Олтинсой тумани аҳолисига хизмат кўрсатаётган тиббиёт муассасалари фаолияти ўрганилганда 4 та тез тиббий хизмат машинасининг яроқлилик муддати ўтган. Белгиланган норматив бўйича 13 000 минг аҳолига битта автомашина хизмат кўрсатиши нуқтаи назардан туманда яна қўшимча 3 та автомашинага эҳтиёж сезилаётганлиги аниқланди. Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси биноси 1993 йилда қурилган бўлиб, ҳозирда аҳоли сони 2 баробарга ортганлиги учун бино қуввати жиҳатидан талабга жавоб бермайди, бундан ташқари даволаш профилактика муассасаларининг моддий техник базаси ҳам ночор аҳволда. Айни кунда бирлашмага замонавий ИВЛ аппаратлари, болалар ва катталар учун оксигенаторлар, кувез аппаратлари, функционал кроватлар, замонавий операцион комплектлар, кўчма рентген мосламаси етишмаслиги аниқланди. Бугунги кунда туманда 162 нафар олий маълумотли шифокорлар мавжуд бўлиб, улардан 20-25 фоизини нафақа ёшидаги шифокорларни ташкил этади. 145 нафар турли хилдаги тор доирадаги тиббиёт мутахассисларига эхтиёж сезилмоқда. Шундан сўнг 37-Қишлоқ оилавий поликлиникага ташриф буюрилиб, бу ерда ҳам бир талай муаммолар мавжудлиги аниқланди. 37 нафар тиббиёт ходими ишлайдиган мазкур поликлиника айни пайтда таъмирталаб бўлиб қолган. Муассасада ичимлик суви муаммоси бор. Ишчи гуруҳ аъзолари аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги мавжуд муаммоларни батафсил ўрганиб чиқиб, бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилашди. Аниқланган муаммоларни бартараф этишда республика ва маҳаллий бюджетлардан маблағлар ажратиш масаласини кўриб чиқишди. Юзма-юз кечаётган мулоқотлар чоғида халқни қийнаётган муаммоларнинг бартараф этилаётгани унинг турмуш фаровонлигининг яхшиланаётганлигига мустаҳкам омил бўлмоқда. Ўрганиш ишлари вилоят ҳудудида давом этмоқда. Гулшод ТУРСОАТОВА, Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Тоза ва озодалик — юрт кўрки

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда ободонлаштириш ишларининг янада ривожланишида, атроф-муҳит озодалигини таъминлаш борасидаги вазифалар такомиллашишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу ўринда «Адолат» СДП сайловолди дастурида кўзда тутилган мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган лойиҳалар фуқароларда шаҳар-қишлоқларимизни озода сақлашга бўлган дахлдорлик ҳиссини ошириш, атроф-муҳитнинг тозалигини таъминлашга сафарбар этиш, юрт ободлиги йўлида аҳолини бирлаштиришга хизмат қилади. Партиямиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида республикамиз бўйлаб бир қатор тадбирлар амалга оширилаётганлиги таҳсинга сазовордир. Шунга асосан Партиянинг Сурхондарё Вилоят Кенгаши ҳамда ҳудудлардаги Кенгашлари ва депутатлар томонидан ҳам амалий ишлар йўлга қўйилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон «Адолат» СДП Бойсун туман Кенгаши вакиллари ва депутатлар ҳамкорлигида партиянинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси асосида тумандаги 28-умумий ўрта таълим мактабида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда ўқувчи ёшларга партия лойиҳаси мақсад ва ғоялари атрофлича тушунтирилди. Шавкат Муртазоев, Халқ депутатлари Бойсун туман Кенгаши депутати: — Тозалик ва озодалик азал-азалдан халқимизнинг энг муқаддас миллий қадриятларидан саналади. Лекин, ўтган асрнинг ўрталарига келиб, айрим объектив ва субъектив сабабларга кўра унга сезиларли даражада путур етди. Бироқ, мамлакатимиз мустақиллиги шарофати билан барча эзгу қадриятларимиз қаторида тозалик ва озодаликка бўлган доимий ва жиддий эътибор яна кучайди. Аммо “шоли курмаксиз бўлмайди”, деганларидек, орамизда бу ўта жиддий масалага бефарқ, лоқайд кишилар ҳам оз бўлсада, учраб турибди. Бу эса кўпчиликни ташвишга солмасдан қолмайди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ишлаб чиқилган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасининг ҳаётга тадбиқ этила бошланганлиги кўплаб юртдошларимизнинг кўнглидаги иш бўлди, десам муболаға эмас. Тадбир давомида партия фаоллари ва ёшлар ўртасида қизғин-савол жавоблар бўлиб, ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишлича жавоблар олишди. Тоҳир ИМОМҚУЛОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бойсун туман Кенгаши раиси ...

Батафсил
News

Сайлов қонунчилиги ривожидаги янги босқич

Термиз шаҳридаги Адиб Собир-Термизий номидаги вилоят ахборот кутубхона марказида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси” лойиҳасининг такомиллаштирилишига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда Сурхондарё вилоят Кенгаши ходимлари, ФЖШМҚМИ Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлими вакиллари, Кутубхона ходимлари ҳамда ёшлар иштирок этишди. Тадбирда партиянинг Вилоят Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича бош мутахассиси Д.Раҳматова сўзга чиқиб, тадбирнинг мақсад ва вазифалари билан таништириб, давлатимиз раҳбари ташабуси билан ишлаб чиқилган «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ қабул қилинган «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат Дастури тўғрисида»ги Фармон иловасининг 2, 5 ва 7-бандларида миллий сайлов тизимини ислоҳ этиш юзасидан долзарб муҳим вазифалар белигилаб берилганлигини таъкидлади. Ойбек Худойназаров, ФЖШМҚМИ Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлими сектор мудири: — Сайлов кодексини яратишнинг зарурлиги, амалдаги қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштиришнинг алоҳида ва энг юқори шакли ҳисобланади. Бунда аввалроқ жорий этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни пухта ва ҳар томонлама таҳлил этиш, мукаммаллаштириш учун қайта ишлаш ҳамда унда зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш йўли билан янги, комплекс қамровга эга бўлган, тизимлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат яратилиши кутилаяпти. Кодекснинг қабул қилиниши сайлов муносабатларининг янада сифатли ҳуқуқий тартибга солиниши, уларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминланиши, мавжуд бир-бирини инкор қилувчи қоидаларни бартараф этилишига имкон беради. Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларининг Сайлов кодекси лойиҳасига доир фикр-мулоҳазаларини ва таклифларини билдиришди. Фахриддин ОРИФХОНОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси ўринбосари ...

Батафсил
News

Термизда депутатлик фаолияти бўйича ёшлар билан давра суҳбати ўтказилди

Бугунги кунда ёшларнинг ҳар томонлама юксак маънавиятли ҳамда баркамол авлод бўлиб шаклланиши учун қатор имкониятлар яратилган. Хусусан, келажакда етук мутахассис, малакали кадр бўлиб етишишлари мақсадида барча соҳа тизимида шароитлар кўлами кенгаймоқда. Таъкидлаб ўтадиган бўлсак, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида ҳам партиянинг бош вазифаси мамлакатимиз таълим тизимининг фуқароларнинг комил шахслар бўлиб шаклланишига йўналтирилган, инсон омилини намоён этадиган, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассисларни етиштириб берадиган энг яхши анъаналарни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдан иборат эканлиги айтиб ўтилган. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида навқирон авлодни жисмонан соғлом, интеллектуал ривожланган, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позицияга эга, Ватанга содиқ қилиб тарбиялаш баробарида мамлакатимизда замонавий меҳнат бозорини ривожлантириш, янги иш жойларини барпо қилиш, ёш мутахассислар бандлигини таъминлаш, кадрлар тайёрлашнинг замонавий воситаларини татбиқ этиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Бугуннинг ўзида ҳар бир битирувчини аниқ бир ташкилотга бириктиришни таъминлаш билан бирга, унинг бўлажак иш жойи, иш ҳақи ва ижтимоий шароитларини аниқ белгилаш зарур”, деган сўзлари эртамиз эгаларига бўлган юксак эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Шу хусусда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Даврон Тангиров иштирокида Термиз Ахборот технологиялари ва туризм касб-ҳунар коллежида “Депутат ва ва ёшлар” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгаши вакиллари, партия фаоллари, коллеж ўқитувчилари ва талабалар иштирок этишди. Тадбирни партиянинг вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳамраев очди ва олиб борди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Д.Тангиров сўзга чиқиб депутатлик фаолияти, депутатлик сўрови, мақоми ҳамда депутатлик ҳуқуқлари тўғрисида ёшларга сўзлаб берди. Айни вақтда қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар бир депутатга ўз ваколатларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароит кафолатланиши, унинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати муҳофаза қилиниши ҳақида атрофлича тушунтиришлар бериб ўтди. Депутат ўз маърузасида мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга барча шароитларни яратиб бериш масаласи давлатимиз сиёсатининг муҳим бўғинларидан бири эканлиги, бу борада зарур ҳуқуқий асослар яратилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди 2016 йил сентябрда янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг янги босқичини бошлаб бергани, айни пайтда уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги касбга йўналтирилган таълимни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган малакали кадрлар бўлиб етишишига хизмат қилишини таъкидлади. Назокат Хидирова, Термиз ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси, коллежнинг хотин-қизлар қўмитаси раиси: — Бўлиб ўтган учрашув коллеж ёшларининг ҳуқуқий онги, маданияти ва савияси юксалишида муҳим аҳамиятга эга. Унда сиёсий партияларнинг ғоялари, кўппартиявий тизим асосидаги фаолият, партия Дастури, Устави, сиёсий партия номидан давлат ҳокимияти вакиллик органига сайланган депутат, сиёсий партияларнинг депутат билан ишлаш жараёни, партия мафкурасини улар онгига сингдириш ва унинг устуворлигини таъминлаш масалалари хусусида мунозаралар ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Ёшлар Олий таълим муассасаларидаги қўшимча қабул қилинган квоталар борасидаги олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Ўз вақтида депутатдан тегишли жавоблар олинди. Қувонарлиси шуки, ўзаро савол-жавобларга бой бўлган тадбирда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши, баркамол авлодга эътибор ва ғамхўрлик натижасида ҳаётда муносиб ўрнини топишга интилаётган йигит-қизлар қайси соҳада бўлмасин жамиятимиз тараққиётига ҳисса қўшмоқ ниятида эканликларини билдиришди . Гулшод ТУРСОАТОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!