Баҳор байрамининг илк туҳфаси

14.03.2022 12:03:36

Инсоният яралибдики, жамиятнинг маданий даражасининг ривожлангани, маънавий баркамоллиги хотин-қизларга бўлган муносабатига қараб баҳо берилади. Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб фазилатлардандир. Юртимизда хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлашга, уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш, гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилган ҳар бир сўзлари биз хотин-қизларга катта қувонч, шижоат, ғурур бағишлади.

Давлатимиз раҳбари хотин-қизлар билан ишлаш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида янги тизимни бошлаб, аёлларни ижтимоий ҳимоя қилишни тубдан кучайтириш ва бу борадаги ёндашувларни қайта кўриб чиқиш борасида вазифаларни белгилади, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш бўйича Фармонни имзолади.

Йиғилиш давомида жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан кафолатли тўлаб берадиган тизим яратилиши,  уларга 4 ойга 2 миллион сўм миқдорида бир марталик ҳомиладорлик нафақаси тўлаб бериш борасидаги фикрлари аёллар манфаат йўлидаги яна бир муҳим қадам деб ўйлайман. Чунки, фарзандини дунёга келтирганидан сўнг саломатлиги, руҳий ҳолатини тиклаб олиши учун аёлга нафақат жисмоний ҳордиқ, маънавий, моддий ёрдам ниҳоятда зарур.

Биз адолатчиларни Давлат бошқарувида аёллар фаоллигини ошириш дастурини ишлаб чиқиш, давлат идораларида ишлаётган раҳбар аёллар улушини ошириш борасида белгиланган вазифалар  беҳад қувонтирди. Партиямиз ҳам ўз Сайловолди дастурида бу борада олиб борилаётган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш, хотин-қизларнинг давлат органларининг барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кафолатлашга қаратилган устувор вазифаларни белгилаб олган.

Аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда етакчилик сифатларини ривожлантириш, ташаббусларини рағбатлантириш ва бир қатор мақсадли вазифаларни амалга оширилиши натижасида, бугунги кунга келиб партия вилоят Кенгаши таркибида 27003 нафардан ортиқ хотин-қизлар жамланган бўлиб, улар партия дастури ва уставида аёллар масаласида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш билан биргаликда “Аёллар  қаноти”га таянч бўлишмоқда.

 Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жараёнларда  фаол иштирок этиб,  хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар самарасида аёллар барча жабҳада ҳавас қилса арзигулик натижаларга эришмоқда. Ана шундай сафдошларимиздан Каттақўрғон шаҳар ҳокими, партиямизнинг вилоят Кенгаши депутати, Каттақўрғоннинг Тўмариси номини олган шижоатли ҳокима аёл Гавҳар Алимова фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаган бўлсада, шаҳарда тубдан ўзгаришлар, инсон манфаатлари йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундай ўзгаришлар каттақўрғонликларнинг қалбида эртанги ёрқин келажак учун  ишонч туйғуси билан бир қаторда масъулият ҳиссини юксалтирмоқда. Гавҳар Алимова фаолиятининг илк онлариданоқ халқни рози қилиш, уларнинг қалбига йўл топиш, кўҳна ва азим Каттақўрғон шаҳрини обод ва файзли гўшага айлантиришда танти ва очиқкўнгил аҳоли билан ҳамжиҳатликда фаолият юритишни энг  устувор вазифа деб билди.

Ҳокима опани иш хонасидан топишингиз қийин, бир суткада 24 соат бўлса, шу 24 соатни ҳам аҳоли муаммоларини ўрганишга, жойларда ечимини кутаётган масалалар ечимини топишига кам деб изланадиган фидойилардан.  Саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, ўрганишлар жойида қолиб кетмаяпти, олиб борилаётган ишлар натижасини кўрсатмоқда, Каттақўрғон аҳли эса бундан рози бўлиб, катта-ю кичик ҳақига дуо қилиб қўл очмоқда.

Ёки бўлмаса партиямизнинг яна бир вилоят Кенгаши депутати Тозагул Холиқова Жомбой туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори сифатида иш фаолиятини бошлаганидан буён аҳолига ўз вақтида сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, соҳани янада ривожлантириш борасида самарали фаолият юритиб келмоқда. Сафимизда бундай фидойи, ташаббускор хотин-қизларимиз сони жиҳатидан кўплиги бизни қувонтиради, хусусан, олий таълим даргоҳида талабаларга таълим бериш билан бир қаторда ер билан тиллашиб, ерга ишлов бериб 50 нафарга яқин хотин қизларни бандлигини таъминлаб келаётган фермер Гулмира Бобоева, тикувчилик соҳасида 30 дан ортиқ аёлларга иш ўринлари яратиб берган Гулбека Қучқарова, соғлиқни сақлаш борасида самарали фаолият юритиб келаётган шаҳар марказий поликлиникаси бош шифокори Дилфуза Камолова, халқ таълими тизимида дилдора Шукурова. Азиза Боймуродова. Насибали Мамадиярова каби кўплаб фаолларимизга давлатимиз раҳбарининг “Аёллар ишлаган ва раҳбарлик қилган жойларда тартиб, адолат, ҳалоллик, маданият юқори бўлиши ҳеч кимга сир эмас”... деб таъкидлаган эътирофлари шижоатларига шижоат бағишлади десам муболаға бўлмайди.

Аёллар саломатлигини тиклаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, таълим, таҳсил олишлари учун кенг имкониятлар яратиш, тадбиркорлик борасида қулай имтиёзлар тақдим этиш, қишлоқ жойлардаги хотин - қизларнинг ҳам касб-ҳунар эгаллашлари учун шароитларни яратиб бериш, уларнинг маънавий юксалишлари учун кўмаклашиш, жамиятда оила, аёл мавқеини ошириш борасида белгиланган вазифаларни тинглаган ҳар бир аёл борки кўнгли тоғлар каби юксалди, баҳорий байрамнинг илк туҳфаси бўли десам янглишмайман.

Албатта ушбу видеоселектор йиғилиши хотин-қизлар борасида партия дастурий мақсад ва ғояларини амалга оширида ҳам кенг имкониятлар эшигини очиш билан бир қаторда зиммамизга улкан масъулият ҳам юклайди.

Муҳиба Бабабекова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+