Янгиликлар 825
Буюк келажак Адолат, фаоллик, фидойилик туфайли яратилади
![](https://telegra.ph/file/2702a88d89d8febaae69c.jpg)
Шу йилнинг 8 сентябрь куни “Адолат” социал-демократик партиясининг навбатдаги Х Қурултойи ўтказилди. Унда партиянинг VII Пленуми қарорига асосан делегат сифатида белгиланган партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Марказий назорат-тафтиш комиссияси аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари конференцияларида сайланган делегатлар, шунингдек, таклиф этилган халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
![](https://telegra.ph/file/3b00ebf6ffd553b49ea84.jpg)
Қурултойда “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳамда партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг Сайловолди дастури лойиҳаси тўғрисидаги масалалар хусусида сўз юритилди.
![](https://telegra.ph/file/69a7ef3c44f68eaf5ea05.jpg)
“Адолат” социал-демократик партияси ҳам республикамиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимизга янада тўкис, фаровон турмуш шароитларини яратиш, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, маънавий соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишни мақсад қилган сиёсий куч сифатида ушбу сайловда муносиб иштирок этишга бел боғлаган.
![](https://telegra.ph/file/aad800ecbd0ebcbbd9930.jpg)
Маълумки, “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг жорий йил 5 август куни бўлиб ўтган VII Пленумида партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки ҳақида қарор қилинган. Мазкур Пленумда “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатиладиган номзод масаласини партиянинг навбатдаги Х Қурултойи муҳокамасига киритиш бўйича келишиб олинган эди. Шундан кейин партия томонидан тақдим этилган тегишли ҳужжатлар Марказий сайлов комиссиясида кўриб чиқилиб, сайловда иштирок этиш ҳуқуқи берилганди.
![](https://telegra.ph/file/60d44d12d8664c527abd4.jpg)
Шу нуқтаи назардан, Қурултойда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 37- ва 62-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод кўрсатиш тўғрисидаги масала қизғин муҳокама қилинди.
![](https://telegra.ph/file/8c92363af23a0e347a5f0.jpg)
Қурултойда делегатлар эътиборига Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовнинг номзоди ҳавола этилди. Мазкур масала юзасидан сўзга чиққанлар номзодни қўллаб-қувватлаб, барча делегатларни номзодга овоз беришга чақирдилар. Делегатларнинг барчаси овоз беришда иштирок этди ва номзод қўллаб-қувватланди.
![](https://telegra.ph/file/d5035c0cac47fa7917d8a.jpg)
Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясининг номзоди Баҳром Абдуҳалимов ўз Сайловолди дастури лойиҳасининг бир неча устувор йўналишларини Қурултой қатнашчиларига маълум қилди.
![](https://telegra.ph/file/5a49114662ff4bc54633a.jpg)
Номзоднинг Сайловолди дастури лойиҳасининг давлат ҳокимияти бошқаруви йўналишида фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларини, эркин сўзлаш ва фикр билдириш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; бошқарувда шаффофлик ва ошкоралик тамойилига қатъий риоя этилишини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари ходимлари, шу жумладан, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий мақомини халқаро андозалар даражасига кўтариш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш; 2019 йилдан буён таъкидлаб келинаётган маҳаллий ҳокимларни сайлаш тизимини жорий этиш ва ҳокимларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари раислари лавозимида ўтиришига чек қўйиш; коррупционерларга Ватан тараққиётига тўғаноқ бўлувчи хоинлар деб қараш, коррупциянинг барча кўринишлари учун қаттиқ жазо чораларини қўллаш масалаларига алоҳида ўрин ажратилган.
![](https://telegra.ph/file/d9458420f50adbfd31073.jpg)
Дастур лойиҳасининг адолатлилик ва суд-ҳуқуқ йўналишида шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, жумладан, шахс дахлсизлиги, мулк дахлсизлиги, турар жой дахлсизлиги, наботот ва ҳайвонот олами дахслизлиги тамойилларига қатъий риоя этилишини таъминлаш; жиноятчиликка, шу жумладан, давлат мулкини ўзлаштиришга, порахўрликка, тамагирликка, зўравонликка, экстремизм ва терроризмга қарши муросасиз курашиш; ҳар қандай кўринишдаги “самосуд” учун қатъий жазо белгилаш; адолатсиз жарималарни қайта кўриб чиқиш, жарималар, биринчи навбатда, халқнинг реал даромадига мутаносиб бўлишини, шунингдек, жарималар уларнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб белгиланишини таъминлаш, айрим жиноят турларига маънавий жазо қўллаш; ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларини халқаро талаблар доирасида таъминлаш каби масалалар кўзда тутилган.
![](https://telegra.ph/file/8a003f9d036b43df4714f.jpg)
Ижтимоий йўналишда ходимни эксплуатация қилишга қарши кескин курашиш; ҳар бир инсонни ҳаммабоп ва ҳамёнбоп уйлар билан таъминлаш; уй-жойларнинг нархини кескин камайтириш; аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муниципал уйлар билан таъминлаш; пенсиядаги юқори чекловларни бекор қилиш ва ҳар кимнинг меҳнатига, олган маошига ва ижтимоий тўловларига яраша пенсия таъминотини йўлга қўйиш; мактабгача таълимнинг сифат ва самарадорлигини юқори даражага кўтариш; боғчаларга ҳозиргидек уч ёшидан эмас, икки ёшидан бошлаб, ҳеч қандай навбатларсиз юз фоиз қамраб олиш; умумий ўрта таълимнинг янги стандартларини яратиш; аъло баҳолар билан ўқиган иқтидорли, кам таъминланган ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаш; олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилиш ва рейтинги юқори бўлган талабаларни бепул олий таълим олишини кафолатлаш; таълим тизимида кечаётган тарқоқликлардан, қарама-қаршиликлардан воз кечиш ва узвийликни таъминлаш учун Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини ягона – Таълим вазирлигига айлантириш масалаларига эътибор қаратилган.
![](https://telegra.ph/file/395c1c73448aed1f7abcd.jpg)
Шунингдек, дастур лойиҳасидан олимларни, ҳар қандай ихтиро ва ихтирочиларни қўллаб-қувватлаш; аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича “Миллий дастур” яратиш; дори-дармон спекуляциясига чек қўйиш; тарихий қадриятларимизга асосланган “Жамиятда юриш-туриш, одоб-ахлоқ қоидалари” кодексини яратиш; буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасида тузиладиган шартномани қудратли ҳуқуқий воситага айлантириш ва бу жараёнга ҳокимият аралашувига чек қўйиш; ундириладиган барча тўловларни (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) тўлалигича давлат бюджетига йўналтириш; сифатсиз маҳсулот чиқариш ҳамда нарх-наволарни сунъий кўтаришга қаратилган хатти-ҳаракатлар учун кучайтирилган жазо чораларини қўллаш каби масалалар ҳам ўрин олган.
![](https://telegra.ph/file/cac44ca89e2abb0693927.jpg)
Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастури лойиҳасидан ўрин олган барча масалалар Х Қурултой қатнашчилари томонидан атрофлича муҳокама қилинди ва делегатлар томонидан алоҳида эътироф этилди.
![](https://telegra.ph/file/0f8670b56788f122490bd.jpg)
Муҳокамалар жараёнида Президентликка номзоднинг Сайловолди дастури лойиҳасини халқимиз онгу шуурига етказиш партия фаоллари олдида турган муҳим масала эканлиги қайд этилди.
![](https://telegra.ph/file/0cc9c660b2075d53efb10.jpg)
Қурултой кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
![](https://telegra.ph/file/3e86f2d37ceae414b9a33.jpg)
![](https://telegra.ph/file/a32a33af24dc67d65ecf3.jpg)
![](https://telegra.ph/file/b3d9134c2bcd2b7b38413.jpg)
![](https://telegra.ph/file/6693ed07fd4e121544463.jpg)
![](https://telegra.ph/file/48d5b6e968e42632a0d99.jpg)
![](https://telegra.ph/file/8225fbf81ee32b96924fe.jpg)
![](https://telegra.ph/file/2a55cce404c9c056ac607.jpg)
![](https://telegra.ph/file/09877d52f12dddb155385.jpg)
![](https://telegra.ph/file/e9c7981043d66ac7fb0df.jpg)
![](https://telegra.ph/file/2c94002c29eb0e4ddb987.jpg)
![](https://telegra.ph/file/4183d6759e30da5a3aa16.jpg)
![](https://telegra.ph/file/d27f3104b322c7c7e504b.jpg)
![](https://telegra.ph/file/fea9be469c6429e81a14e.jpg)
![](https://telegra.ph/file/c7eb8f9d8e3185a1765c2.jpg)
![](https://telegra.ph/file/5782a38181a9c35989fbd.jpg)
Фикрингизни қолдиринг