Депутат муаммоларга ечим изламоқда

31.01.2022 15:01:04

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг сайлов округларида сайловчилар билан ўтказилилиши режалаштирилган учрашувига биноан Тошкент шаҳри ҳудудидан сайланган ОМҚП депутати Гулруҳ Агзамова Сергели ва Янги ҳаёт туманидаги муаммоли ҳолатларни ўрганди.

Аниқланишича, Сергели туманидаги Қўйлиқ 5 массивида Шукуровлар оиласи 1 хонали хонадонда 5 киши истиқомат қилади. Шукуров Сардорнинг ўзи ҳали талаба, вояга етмаган 14 ёшли укаси ва 12 ёшли синглиси, кекса бувиси ва ёлғиз онаси билан яшайди. Уй-жойга бўлган эхтиёжи туфайли Шукуров С. депутат Г. Агзамовага мурожаат қилган эди. Унга кўра, ўтган йил сўнгида Сардорлар оиласи қўшимча уй-жой олиш учун туман хокимиятининг базавий рўйҳатига киритилди.

Депутат Г.Агзамова маҳаллий аҳоли тилида Сергели ярмаркаси деб аталувчи бозорча ҳудудини ҳам кўздан кечирди. Маълум бўлишича, бозорча атрофи туман ҳокимлиги буйруғига кўра бузиб ташланган. Ўрнида қад кўтариши лозим бўлган 3 та кўп қаватли бинони қуриш режа қилинган бўлса-да, ҳали қурилиши ишларидан дарак йўқ. Икки ўртада ушбу ерда анча йиллардан буён савдо-сотиқ қилиб келаётган тадбиркорлар оворагарчилиги қолди. Депутат Г.Агзамова тадбиркорлар билан вевосита мулоқотларида уларнинг бугунги мавжуд шарт-шароитларини ўрганди. Очиқ осмон остида қолиб кетган тадбиркорлар ҳавонинг қорли, ёмғирли кунларида турли машаққатларга дуч келаётганлиги ойдинлашди. Баъзи савдогарлар ўзлари соёбон ясатиб кичик шароит қилиб олишган. Қолганларининг эса ахволи ёмон. Ўтган йилнинг 19 декабрида ушбу ҳудудга бош вазир ташриф буюрганида хатто, бу масала ҳукумат даражасигача чиққанди. Депутат Г.Агзамова ушбу ҳолат бўйича туман Халқ қабулхонаси мудири Зикрилла Расулов, “Нурҳаёт” МФЙ раиси Холбобоева Муаззам, туман прокуратураси, ҳокимлик мутасаддилари билан учрашди ва зарур тушунтиришларини олди. Муаммони ҳал этиш бўйича келгуси режалар биргаликда бамаслаҳат амалга оширилиши белгиланди.

         Депутат дуч келган яна бир муаммо Сергели туманининг айрим қисмлари Янгиҳаёт туманига қўшиб юборилгани боис туман марказий шифохонасида штатлар сони қисқариб, бўлиниш юзага келганлиги, бундан “Нурҳаёт” МФЙ аҳолиси тиббий хизматдан фойдаланишида ноқулайлик келтириб чиқараётгани, Сергели 3, 16-А даги кундузги шифохона аҳолининг мавжуд эхтиёжларини қондира олмаётганлиги, боз устига таъмирталаблиги маълум бўлди. Ўз навбатида аҳоли томонидан тумандаги 10 оилавий поликлиникани шу маҳаллага кўчириб олиб келиш лозимлиги таклифи билдирилди. Депутат бу масалани ҳам ўз назоратига оладиган бўлди.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+