Янгиликлар 2071
Депутатларнинг жипслиги ҳар қачонгиданда зарур
Пастдарғом туман ҳокимлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Музаффара Абдиева ҳамда Шуҳрат Полвонов, туман Кенгашлари депутатлари, маҳаллалар раислари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24 мартдаги “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги видеоселекторда таъкидлаб ўтилган масалалар муҳокама қилинди.
- Депутатлар ўз ҳудудида аҳоли муаммоларини ҳал этишда кўмаклашаяпти, аниқроқ қилиб айтганда, ўз вазифасини сидқидилдан адо этишга ҳаракат қилаяпти. Аммо муаммоларнинг қайсидири ҳал этилаяпти, қайсидири эса йўқ. Бу борада депутатларнинг ўзаро жипслиги зарур. Ижтимоий тармоқда “Пастдарғомлик депутатлар 2020-2025” ўзанини ташкил этиб, ана шу орқали аҳоли муаммолари, уларни ҳал қилиш бўйича фикрлар ҳамда ижобий ишлар самаралари тўғрисида маълумот бериб борилса, нур устига аъло нур бўларди, - деди йиғилишда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Музаффара Абдиева.
Шунингдек, депутат Шуҳрат Полвонов ҳам бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
- Юртбошимиз таъкидлаганидек, 2018 йилда “Обод қишлоқ” давлат дастури бўйича эзгу ишлар бошланган эди,- деди депутат. – Аммо пандемия сабабли бу ишлар тўхтаб қолди. Энди эса бу борадаги саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бериши лозим. Чунки электр энергияси, ичимлик суви, намунали мактаби ёки боғчаси, равон йўли бўлмаган маҳаллани обод маҳалла қаторига киритиб бўлмайди. Президентимиз ҳам оғир инқироздан сўнг, ички имкониятлар ҳисобига ажратилган 21 триллион сўм маблағ катта имконият эканлигини таъкидлаб ўтди. Демак, депутатлар, маҳалла фаоллари биргаликда бир тизимга бирлашиб, фаол ҳаракат қилсаккина, муаммолар ечим топади. Қишлоқлар обод, эл фаровон бўлади.
Йиғилиш давомида яна бир қатор масалалар бўйича иштирокчиларнинг фикрлари тингланди. Депутатлар халқ дардини тинглаш, муаммоларини биргаликда ҳал этишга келишиб олишди. Жумладан, апрель ойида маълум режа асосида туманда электр энергияси муаммосига доир масалалар ҳал этиладиган бўлди.
Гулжаҳон МАРДОН қизи,
партия фаоли
Фикрингизни қолдиринг