Янгиликлар 2782
Инсон қадри улуғланган юртнинг келажаги ҳам улуғ бўлади
Ортимизда қолган 2021 йил чинакам янгиланаётган Ўзбекистоннинг «муҳим даври» бўлди десак, ўринли бўлади.
Биргина октябрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикасининг Президентлик сайлови фикримизнинг ёрқин исботидир.
Куни кеча барчамиз янги 2022 йилни байрамона нишонлаб, оилавий кутиб олдик. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан Янги йил муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида 2022 йилни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилинди. Бундан кўриниб турибдики, жорий йилда ҳам инсон қадри, унинг манфаати ҳамиша юқори ўринда туриши керак деган халқпарвар ғоянинг узвий давом этиши яна бир бора ўз тасдиғини топди.
Ҳурматли Юртбошимиз янги йилга ном беришда кенг жамоатчиликнинг фикрлари ўрганилгани ва ана шу таклифлардан келиб чиқиб, бундай қарор қабул қилинганини билдирди. Инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир. Бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи асосий ўрин тутади. Таъкидланганидек, маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, мамлакат обод бўлади. Шу боис, бундан буён ҳар бир маҳаллада самарали иш олиб бориш фаолиятимизнинг бош мезонига айланиши қайд этилди. Бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорликни таъминлашга устувор аҳамият қаратилишига урғу берилди. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан янги йил муносабати билан халққа йўллаган табрикда 2022 йилда иқтисодиётимиз тармоқлари ва тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш эътибор марказида бўлиши, юртимизни янада обод қилиш, замонавий уй-жойлар, жумладан барча ҳудудларимизда «Янги Ўзбекистон массивлари»ни қўриш асосий вазифаларимиздан бирига айланиши таъкидлаб ўтилди.
Эътиборлиси, «Ишонтириб айтаманки, халқимизнинг ҳаёти янада фаровон ва мазмунли бўлиши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз», - деди муҳтарам Президентимиз. Юртбошимизнинг ушбу саъй-ҳаракатлари Ватанимиз келажаги учун қилинаётган улкан ғамхўрликнинг намунасидир.
Айтиш жоизки, ўтган даврда юртбошимиз раҳнамолигида кўплаб кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, қисқа фурсатда юртимизда ҳаётнинг барча жабҳаларида туб бурилишлар йўлида дадил қадам ташланиб, мисли кўрилмаган ишлар қилинди. Бошқача айтганда, Ўзбекистон ўз тараққиётида янги босқичга қадам қўйди.
Шунингдек, ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида Президентимиз томонидан бошланган демократик ислоҳотлар йўлини янада қатъий давом эттиришга қаратилган, бош мезони «Инсон қадри учун» деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш бўлган «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойили асосидаги Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси эълон қилинди. Ушбу стратегия ҳам юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгилангани билан аҳамиятлидир. Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган «Инсон қадри учун» деган тамойил ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароитини яратишни назарда тутади. Жумладан, ўтган давр мобайнида ушбу тамойил асосида барча соҳада туб ўзгаришлар қилинди. Бу йилнинг номланиши ҳам айнан инсон қадри учун деган юксак ғоянинг замирида бунёд этилгани бежиз эмас. Юртимизда ҳар бир соҳада рўй бераётган ўзгаришлар аввало инсон учун яратилаётган қулайликларнинг ёрқин ифодасидир.
Юртбошимизнинг янги йил муносабати билан халққа йўллаган табригидан ўрин олган муҳим вазифалардан келиб чиқиб мавжуд сиёсий партиялар қатори бизнинг «Адолат» СДП ҳам барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз ҳамда айтилган масалаларда ўз олдимизга муҳим вазифаларни белгилаб, юртимиз тараққиёти учун ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Мақсуд ҲАМИДОВ,
«Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
Фикрингизни қолдиринг