Оила шаъни, маҳалла виждони, юрт тимсоли

03.03.2022 09:03:54

Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича изчил ислоҳотлар олиб бориляпти. Аёлларнинг мамлакат иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни янада ошаётир.

Таҳлилларга кўра, айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенат аъзоларининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг қарийб 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

Бу билан Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Мамлакатимиз парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламентлар ўртасида 37-ўринга кўтарилди.

Албатта, ушбу рақамлар ортида катта меҳнат, ўз ишига масъулият, ўз устида тинмай изланиш, узлуксиз малака ва маҳоратини ошириб бориш жараёни ётибди. Мукаммалликнинг чегараси бўлмаганидек, хотин-қизлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, янги босқичга олиб чиқиш бугунги Тараққиёт стратегиясининг устувор вазифалари қаторидан ўрин олмоқда. Президентимиз раислигида 1 март куни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Айтиш жоизки, хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак бериш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларимизга мақсадли ва тизимли ёрдам бериш мақсадида жорий этилган “Аёллар дафтари”га 2020 йилда киритилган 900 мингга яқин хотин-қизларга амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Нозик ҳилқат вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси қайта ташкил этилди. Эзгу тадбирларни амалга ошириш учун жамғармага ҳар йили бюджетдан 300 миллиардгача пул ва турли имтиёзларнинг берилиши ҳам Ўзбекистонда хотин-қизларни эъзозлаш, жамиятдаги ролини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланганига яққол мисолдир.

Йиғилишда ҳозирги кунда “Аёллар дафтари”да 630 мингдан зиёд хотин-қизлар рўйхатда тургани, улардан 200 минг нафари ишсиз эканлиги айтилиб, бу муаммоларни ҳал этишда маҳалла фаоллари, жамоатчилик ҳамда нуронийларнинг ўрни ва таъсири сезилмаётгани қайд этилди.

Бу борадаги ишларни жой-жойига қўйиш ҳамда ҳар бир маҳалла кесимида амалга ошириш учун Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди. Эндиликда Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда “Аёллар дафтари” жамғармаси мазкур қўмита томонидан бошқарилади. Юртимиздаги 9 минг 309 та маҳалла раисининг хотин-қизлар ва оила бўйича ўринбосари лавозимлари ҳам қўмита тизимига ўтказилади. Муҳими, ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилинади.

 

Умуман олганда, аёл бор жамиятда, оилада, ижтимоий муҳитда тинчлик-тотувлик, осойишталик, эзгулик, саранжом-саришталик, сабр-қаноат, меҳр-оқибат бўлади. Президентимиз таъбири билан айтганда, бугунги фаровон ҳаётимиз, ёруғ келажагимиз аёлларга боғлиқ.

 

 

 

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+