Қиёфаси - одам, қилмиши - зулм

17.06.2021 10:06:04

Дарҳақиқат, ўзбегимнинг минг асрларга тенг тарихи, ўзлиги ва ўзига хос ўтмиши борлиги билан фахрлансак арзийди. Жаннатмакон юртда туғилиб,  бағрида униб ўсдим ва  фарзандларим камолини кўриш бахтига ҳам муяссар бўлдим.

Ҳозирги кунда ён атрофимиз, яъни биз билан чегарадош мамлакатларда бўлиб турган нохуш вазиятлар одамнинг кўнглини хира қилиб, жиддий хавотирга ҳам қўймоқда. Тарихдан маълумки, Алишер Навоий, Заҳириддин Мухаммад Бобур ва бошқа буюк бобокалонларимиз  тақдир тақозосига биноан Афғонистондан макон топганлар.

Маълумки, Марказий Осиё халқлари тили бошқа бўлсада, дини, урф-одатлари, таълим-тарбияси бир-бирига уйғунлашиб кетган. Ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, афғон, туркман ҳалқлари  бир ота-онадан тарқалган ака-укалар, опа-сингиллардек иноқ-аҳил яшаганлар. Қўшни давлатлар билан асрлар  давомида қон-қардош, қуда-анда бўлиб яшаб келаётганимиз ойдин ҳақиқат.

Лекин  қўшниларимиз орасидаги вазият...

Қўшнинг тинч – сен тинч, деб бежиз айтишмаган. Қўшни Афғон заминида бугунги кунга келиб яна қайта авж олган Толибон террористлари ҳужуми оқибатида қанчадан қанча бегуноҳ инсонлар қони оқмоқда. Улар уй-жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлишмоқда. Афғон заминида яшаётган ўзбек миллати, яъни бизнинг бир бўлагимиз бўлган жигарларимизнинг қийналаётганини кўриб юрак-бағринг эзилади.

Мени қаттиқ ташвишлантирган ва азобга солган нарса шундаки, толибон ва ИШИД каби террористик ташкилотларга мойил, уларнинг ғояларига эргашувчи айрим кимсаларнинг яъни,  жоҳил тўдаларнинг борлигидир. Динни ниқоб қилиб,  ўзларининг  ғараз ва чиркин ниятлари йўлида ҳеч нимадан қайтмайдиган, ҳаттоки ҳаётга яшаш завқи билан тикилиб турган гўдакларни ҳам аямайдиган вахшийлар борлигидан, беихтиёр, алҳазар дейсан киши! Дин ва дин илмидан тамоман узоқ, исломнинг эзгу ғоя ва ниятларига умуман даҳли йўқ кимсаларнинг “Аллоҳу Акбар!” дейиши янада аянчлидир!

Бундай кимсаларни бир сўз билан Худо бехабарлар, динсизлар, дўзахилар, кофирлар деб айтсак ҳеч ҳам хато бўлмайди. Кексаларимиз ёмон ниятли, ёмон ҳулқли, ёмон қилмиш ва амал эгаларига “Худо инсоф берсин шуларга” дейишади умидвор кайфиятда.  

Нима ҳам дердик, қалби иймон ва инсофга тааллуқлиларга кексаларимиз айтганидек, инсоф берсин! Инсоф ва иймонга дахли йўқ кимсаларга эса Парвардигорнинг ғазаби, халқнинг қарғиши муқаррар!

 

Шаҳноза ОЧИЛОВА,

                                                                  “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

                                                                  Марказий аппарати бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+