Сени унутмаймиз, Муслимбек…

13.12.2022 13:12:37

Она фарзандини дунёга келтирар экан, унинг иқболини кўришни, илмли, фозил инсон бўлиб, камол топишини орзу қилади. Шу йўлда интилади. Умрини, борини тикади. Нилуфар Умрқулова ҳам гарчи эрта бева қолган, рўзғор юкини ёлғиз тортиш чекига тушган бўлсада, оналик матлабидан чекинмади. Фарзандининг камоли учун ҳар қанча машаққатга тайёр бўлди.

Кичик ўғли Муслимбек Ўроқбоев яқинда 18 ёшни тўлдирган эди. Тўсатдан оғир хасталикка чалиниб қолди. Қон таҳлили натижаларига кўра, унда ўткир лейкемия (оққон) аниқланган...

Шифокорлар унга бу касалликни мамлакатимизда даволашнинг имкони йўқлиги, хорижда амалга ошириладиган амалиётга эса катта маблағ талаб этилишини айтишган. У Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига ётқизилди.

Муслимбек «Адолат» социал-демократик партияси туман кенгаши қошидаги «Истеъдод» ижодий клубининг раҳбари, истеъдодли фаол ёшлардан бири эди.

Иқтидорли қаламкаш сифатида республика, вилоят, туман газеталарида, турли веб-сайтларда мақолалари ёритилган. Айниқса, «Бадиий асар ўқийдиганлар борми?», «Равшан ака кўпчиликка ўрнак» каби мақолалари ёшлар даврасида қизғин муҳокама қилинганди. Унинг фикр-мулоҳазалари теран, кам гап, партиямиз ёшлари сафида ўрни бўлакча эди!

Ташхисдан сўнг жамоат фаоллари, саховатпеша инсонларга ёрдам сўраб мурожаат қилдик. Кўпчилик қўлидан келганча ёрдам қилди.

Унинг аҳволи бир мунча яхши, соғлиғи барқарорлашган, шифокорлар қарамоғида эканлигида бир неча бор шифохонага боргандим.

– Миллий университетга ўқишга кирмоқчиман, – деди бир куни. Компьютер дастурчилиги, ИТ соҳасига қизиқиши баланд эди. – Соғайиб кетсам, ҳужжат топшираман, беморлар масофавий таълим олиши ҳам мумкин экан…

Аммо, унга имтиҳон жараёнларида иштирок этиш насиб қилмади. Сўнгги вақтларда соғлиғи ёмонлашиб, оққон таначалари организм бўйлаб тарқалиб кетган экан. Кўрилган чоралар, муолажаларга наф бермади. Муслимбек 29-октябрь куни бизни тарк этди.

Оиласи, дўстлари, барча яқинларига «Адолат» социал-демократик партияси туман кенгаши номидан ҳамдардлик билдирамиз.

Комила УМАРОВА,

партиянинг туман кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+