Янгиликлар 1640
Янги Ўзбекистоннинг эзгу мақсадлари йўлида
Бозор иқтисодиётига эга демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш давлатимизнинг асосий стратегик мақсади ҳисобланади.
Бу борада демократик сайлов тизими мустақил Ўзбекистон Республикасида демократияни амалга оширишнинг муҳим механизмларидан биридир.
Aйнан сайлов тизими орқали халқнинг ҳокимият билан узвий алоқаси таъминланади. Ушбу тизимда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида аҳолининг барча қатламларининг манфаатлари ва уларнинг сайловчилар олдида ҳисобдорлиги кенг акс эттирилган.
Ўзбекистондаги сайловлар конституциявий-ҳуқуқий институти, унинг демократик моҳияти фуқароларимизнинг сиёсий ҳуқуқлари тизимида асосий ўринни эгаллайди. Мазкур институт туфайли фуқаролар бевосита ёки ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини бошқаришда иштирок этишлари мумкин.
Умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи, яширин овоз бериш орқали сайловчилар иродасини эркин ифода этиш каби сайлов қонунчилигининг бир қатор умумий тамойиллари халқаро ҳужжатлар ва кўплаб мамлакатларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган.
Ўзбекистоннинг бугунги кундаги амалда бўлган сайловлар тўғрисидаги қонунчилиги ва қонун ҳужжатлари халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла мос келади ва талабларига тўлиқ жавоб беради. Сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган - сайловларнинг шаффофлиги, очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни амалга оширувчи органларнинг давлат ҳокимияти органларидан мустақиллиги, сайловолди ташвиқоти учун номзодларга тенг имкониятлар яратилиши, номзодлар ва уларнинг вакилларининг рақобатлашуви ва бошқа тамойилларини амалга оширилишини таъминлаш учун барча шароитлар яратилган.
Маълумки, демократик талаблар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларига жавоб берадиган сайлов тизими Ўзбекистон Республикасида мустақиллик йилларида босқичма-босқич яратилиб, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилиш билан бир қаторда изчил ривожланиб борди.
Ўзбекистоннинг замонавий қонунчилик тизими ҳуқуқий тизимнинг бир бўлагидир. Эволюцион йўл билан ривожланиб борадиган барқарор ҳуқуқий тизимни яратиш- янги ижтимоий муносабатлар ва ижтимоий қадриятларни қонунчиликда мустаҳкамлаш жиҳатидан устувор аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, "миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар асосида одамларнинг, сайловчиларнинг сиёсий онгини ошириш" катта аҳамият касб этади. Сайловчиларнинг сиёсий онги, савияси ва маданиятини ошириш, уларнинг конституциявий ҳуқуқларини чуқур англаши муҳим ва долзарб вазифадир. Шу сабабли, Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилиги ва амалиётининг ривожланишига мамлакатда амалга оширилаётган демократик, сиёсий ва ҳуқуқий ислоҳотларнинг ажралмас қисми сифатида қаралиши керак.
Шуни таъкидлаш керакки, эркин ва адолатли сайловлар - демократиянинг асосий талабидир. Демократик сайловлар фақат кўп партиявийлик асосида амалга оширилади. Фақат кўп партияли тизим шароитидагина ҳар бир фуқаро ҳақиқатдан ҳам танлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Сиёсий партиялар учун сайлов қонунчилигида юз бераётган изчил ва муҳим ўзгаришларнинг асосийларидан бири- сайловчилар ташаббускор гуруҳларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари сайловларида иштирок этиши институтининг бекор қилиниши бўлди. Мазкур янгилик киритилиши асосида сайловларда фақат сиёсий партиялар депутатликка ва Президентликка номзодларни кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди. Ушбу меъёрнинг ўрнатилиши сиёсий партияларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, аҳамияти ва масъулиятини янада оширишда муҳим омил ҳисобланади.
Бугунги кунда республикамизда бешта сиёсий партия ўз фаолиятни олиб бормоқда ва уларнинг барчаси ўз мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда маълум даражада мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчилари сифатида давлат органларини шакллантиришда ва фаолиятида иштирок этиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг "Сиёсий партиялар тўғрисида"ги қонунига асосан, давлат сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолати сифатида уларнинг уставларида белгиланган мақсад ва вазифаларини амалга оширишлари учун тенг ҳуқуқли имкониятлар яратиб беради.
Биз, сиёсий партиялар вакиллари, сиёсий партиялар учун тенг имкониятларни, шунингдек ўзаро назоратни таъминлайдиган бир қатор нормаларни назарда тутадиган Ўзбекистон Сайлов кодексини тўла маъқуллаймиз.
Сайлов қонунчилигига "Сиёсий партиянинг ваколатли вакили" каби янги меъёрнинг киритилиши нафақат партияларнинг сайловларда иштирок этиш институти, балки ўзаро ички назоратни ҳам ўрнатишга хизмат қилди.
Сиёсий партиянинг ваколатли вакили сайлов участкаларида овозларни санаш жараёнида қонун ҳужжатларига риоя қилинишини бевосита кузатиб бориш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, сайлов қонунчилигида сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларининг Марказий сайлов комиссияси томонидан имзо варақалари ва рўйхатларини тўлдириш тўғрилигини текшириш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқи ҳам белгиланган.
Ушбу институтнинг жорий этилиши натижасида депутатликка ёки Президентликка ўз номзодини кўрсатган ҳар бир сиёсий партия учун овоз бериш ва овозларни ҳисоблаш жараёнларини қонуний ва адолатли ўтказилиши бевосита кузатиб бориши учун ҳуқуқий асос яратилди.
Имзо варақаларида имзолар сохталаштирилган тақдирда, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг сайловларда иштирок этиш ҳуқуқини рад этади.
Шунингдек, Қонунда сайлов комиссиялари қарорлари юзасидан келиб тушган шикоятларни кўриб чиқиш тартиби янада такомиллаштирилди. Маълумки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, номзодларни кўрсатган сиёсий партиялар органлари, уларнинг ишончли вакиллари, кузатувчилар ва сайловчилар юқори сайлов комиссиясига ёки судга шикоят билан мурожаат қилишлари мумкин эди.
Яна шуни таъкидлаш керакки, номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилишлари мумкин.
Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилингандан кейин беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.
Шикоят келиб тушгандан кейин уч кун ичида, агар сайлов кунига олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши керак. Шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок етиш ҳуқуқига эгадирлар.
Бизнинг ишончимиз комилки, мамлакатимизда яратилган қонунчилик базаси сайловларни адолатли, демократик ва ҳуқуқий асосларда ўтказиш, сиёсий партияларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштироки учун зарур шарт-шароитларни яратиш, шу билан бирга, эзгу мақсадлар йўлидаги демократик меъёрларни ўзида мужассам этган.
2019 йилги сайловлар бутунлай янгича ва очиқ-ошкора руҳда бўлиб ўтди. Шунга яраша партиямиз ҳам тарғиботнинг энг замонавий усулларидан фойдаланган ҳолда митинглар, акциялар, дебатлар ташкил этди.
Сайловолди учрашувларда депутатликка номзодларимиз томонидан жойлардаги аҳолини ташвишга солаётган масалаларни ўрганиш билан биргаликда партиямизнинг сайловолди дастурида белгиланган масалалар билан таништириб, ушбу йўналишларнинг қанчалик аҳоли муаммоларини ечишга қаратилганлигини тарғибот қилдилар.
Сайловолди дастурининг йўналишларини белгилаш ва дастурга киритиш жараёнида ҳам партиянинг ҳудудлардаги кенгашлари ва фаолларининг аҳоли иштирокида ўтказилган муҳокамалардан келиб чиқиб тақдим этилган таклифлари берилган. Ушбу таклифларнинг қанчалик долзарблиги ва муҳимлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди.
Сайловлар натижасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига партиямиз кўрсатган номзодларнинг ичидан 24 нафар депутат сайланди. Натижада, партиямиз Парламент сайловида 5 та сиёсий партиялар ўртасида 24 та депутатлик ўрни билан 3-ўринга эга бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатларимизнинг
13 нафари (54 %) ҳамда сенаторларнинг 2 нафари (28 %) хотин-қизлардир. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатларнинг 460 нафари (55 %)ни хотин-қизлар, 51 нафари (6 %)ни ёшлар ташкил этади.
Ҳудудий Кенгашларга 104 нафар, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига эса 742 нафар жами 870 нафар депутат сайланишга эришилди.
Олий Мажлис Сенатига 7 нафар партия фаоли сенатор этиб сайланди.
Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги 831 та депутатлик ўрнидан
104 тасига (12,5%) партиямиздан кўрсатилган номзодлар сайланди.
Бу йили ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови биздан қонун талабларидан келиб чиқиб, янгича ёндошувни талаб қилади.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда бўлажак Президент сайловлари аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий ва фуқаролик фаоллигини ошириш, халқнинг миллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишдаги кенг иштирокини таъминлаш учун янги мактабга айланади.
Ўзбекистон мустақиллик йилларида тўпланган демократик ривожланиш тажрибасини, амалдаги сайлов қонунчилигига, сайловга доир замонавий халқаро ҳуқуқ талаблари ва тамойилларига қатъий риоя этилишини таъминлашини бутун дунёга яна бир бор намойиш этади.
“Адолат” партиясининг вазифаси бу қонунларга изчил амал қилиш, сайловларда фаол иштирок этиш орқали конституциявий ҳуқуқларимизни юқори сиёсий савияда амалга оширишдан иборат.
Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,
"Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг