Ёш авлод соғлигига бефарқ бўлмайлик!

30.03.2022 15:03:24

Ҳар томонлама баркамол, комил инсонни тарбиялаш  жамиятимиз олдида турган энг долзарб масалалардан биридир. Шундай экан, ёш авлод тарбияси билан шуғулланадиган, оилада – ота-оналар, маҳаллада – қўни-қўшни ва кенг жамоатчилик, таълим муассасасида – ўқитувчи ва мураббийлар келгуси авлод баркамоллиги ҳамда ўғил-қизларимизнинг улуғ аждодларимизга хос равишда камол топишлари учун  масъулдирлар.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Миришкор туманидаги мактабда ўтказилган байрам тадбири чоғида даврада  рақс ижро этаётган ўқувчи қизнинг тўсатдан  йиқилиб тушиб вафот этгани тасвирланган видео кенг жамоатчилик орасида турлича муҳокамалар қилинмоқда. Биз мазкур ҳолатни депутатлар иштирокида ўргандик. Вафот этган қиз 2005 йилда туғилган бўлиб, тумандаги 33-мактабнинг 10-синфида таҳсил олган. У болалигидан тутқаноқ (эпилепсия) хасталигига чалинган. Чандир қишлоғида яшовчи марҳума  Наврўз байрамига бағишланган  тадбирда дугоналари билан  рақсга тушаётган вақтда тўсатдан ерга йиқилган ва ҳушини йўқотган. Мазкур воқеа содир бўлгач, мактаб маъмурияти ўқувчи қизни зудлик билан Шошилинч тез тиббий  ёрдам ҳодимлари ёрдамида шифохонага олиб кетганларига қарамай, қиз йўлда вафот этган. Ҳозирда тегишли органларнинг масъуллари томонидан ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки,  соғлом турмуш кечириш учун албатта организмни атроф-муҳит шароитларига мувофиқ чиниқтириш лозим. Турмушда шундай воқеалар бўладики, баъзи одамлар бир зумда касал бўлиб қоладилар. Саломатлик–одамнинг ижобий ҳолати ва ташқи муҳитдаги зарарли таъсирларга қарши туриш қобилиятидир. Шундай экан, инсон ҳар дақиқада ўз соғлиғини назорат қилиб бориши шарт. Мактабларда ўтказиб келинаётган тиббий кўрикларни ҳар ойда  бир марта мунтазам ва самарали ўтказиш мақсадга мувофиқдир. “Адолат” СДП туман Кенгаши туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда  бундан буён сурункали хасталикка чалинган ёш авлодни тез-тез тиббий кўрикдан ўтказишга келишиб олинди.

                                                                                    

Тўлқин Хидиров

“Адолат” СДП Миришкор туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+