Бугунги кунимдан кўнглим тўлди

03.02.2022 10:02:47

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Музаффара Абдиева  ўз сайлов округидаги сайловчилари билан учрашгани Пастдарғом туманида бўлди.  

Эътиборимни тортган жиҳати, аввало, кўнгли ярим, бир оғиз ширин сўзга маҳтал кишилар хонадонида бўлиб уларнинг ҳолидан хабар олди. Сизга бирор кўмак керакми дея кўнглига қўл солди. Кимнингдир моддий ёрдам масаласида, яна аллакимларнинг ички йўлларни таъмирлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги мулоҳазаларини тинглаб қонун доирасида ечим топишга ваъда берди.

Куннинг иккинчи ярмида xалқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгашининг эллик олтинчи сессиясида иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони лойиҳаси, 2022 йилда амалга ошириш бўйича  “йўл харитаси” лойиҳалари мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида маъруза қилди. Шунингдек сессия давомида туманнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларига тааллуқли бир қанча масалалар муҳокама марказида бўлди.

Депутатнинг ижтимоий тармоқлардаги  гуруҳ ва каналлари орқали сайлов округида эканлигидан хабардор бўлган, учрашувга ўзлари ташриф буюра олмаган “Боғонали” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро мурожаатига кўра “Боғонали” маҳалласига бордик. Мурожаат эгасининг хонадонига кириб борар эканмиз 13 йилдан буён тўшакка михланган бўлсада кўксида шижоати, кўзида умид учқунлари чақнаган айни навқирон ёшдаги йигит билан учрашдик.

Бизни тўлқинлантирган жиҳати бу йигит исми Шаҳобиддин ўзининг шахсий муаммоларни эмас, балки ижтимоий муаммолар юзасидан, хусусан маҳаллани тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўлларни асфальтлаш, яроқсиз ҳолга келиб қолган электр тармоқларини янгилаш, маҳаллага мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш сингари бутун маҳалладошларини қийнаётган муаммоларни ўртага ташлагани бўлди.

 Йигит билан узоқ суҳбатлашдик. Унинг ёниб-кўйиб маҳалладошларининг яшаш тарзини янада яхшилаш, кенг имкониятлар яратиш борасидаги таклифларини тинглаб катта тааъсуротларга эга бўлдик. Унинг дардига меҳрибон Оллоҳдан шифо тилаб хайирлашар эканмиз, кўтарилган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга тегилши сўровлар чиқарилиши депутат Музаффар Абдиева томонидан маълум қилинди.

Шу билан бир қаторда депутат тумандаги бир қатор мактабларда бўлиб, уларнинг қишки мавсумда мактаб биносининг иситилиш ҳолати, “ONLINE” ўқитиш сифати қай аҳволда эканлиги ва бугун таълимга қўйилаётган талаблар хусусида ўқитувчилар билан суҳбат олиб борди. Туман тиббиёт бирлашмаси, маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, мавжуд ҳолат билан яқиндан танишди, соҳа юзасидан мутахассислар билан учрашув ўтказиб муаммоларни тинглади. Ўртага ташланган масалалар бўйича тегишли ташкилотлар билан боғланиб ижобий ҳал этишга кўмаклашишини маълум қилди. 

Хонбуви Хайитова,

“Адолат” СДП Пастдарғом туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+