Янгиликлар 1648
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг кафолатлари янада мустаҳкамланади
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир қатор қонун лойиҳалари бирлаштирилиб, “Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ном билан қабул қилинди.
Таъкидлаш жоиз, бирлашган ҳужжатда автомототранспорт воситаларини электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион йўли билан ижарага берилганда, ижарага бериш шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмаслиги, электрон онлайн-аукцион натижасига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга бўлиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланяпти. Яъни, Чернобиль ҳалокати оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия тайинланиш ҳуқуқи; боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўловларини марҳумнинг қарамоғидаги фарзандларига, улар 18 ёшгача, агар умумий ўрта таълим муассасаси, академик лицей ва олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса 23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўланиши; ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга 18 ёшгача қараган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш, болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақтини ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 6 йиллик даврини иш стажига қўшиб ҳисобланиши; республика ҳудудида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган даврда амал қилиб турган даврда пенсия олиш ҳуқуқи вужудга келган фуқаролар, ушбу тадбирлар (чекловлар) даврида ёки тугагандан сўнг бир ой ичида пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган тақдирда, уларга пенсия уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган санадан тайинланиши, энг муҳими, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланиши, бу таътиллар меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан олти йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилиши назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиш киритилмоқда.
Бирлаштирилган қонунда шунингдек, аҳолини қишки-баҳорги мавсумда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли ва узлуксиз таъминлаш, нархлар барқарорлигини таъминлаш, қўшни давлатлардан мамлакатимизга озиқ-овқат маҳсулотларининг олиб келинишини рағбатлантириш орқали аҳолига янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида имтиёзлар қўлланилган. Яъни, ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, соя данагини олиб кириш, ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотлар, картошка ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма ва уларни олиб киришда 2022 йил 30 апрелга қадар қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши назарда тутилган.
Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳужжат автомототранспорт воситаларини ижарага бериш билан боғлиқ муносабатларни енгиллаштиришга, ижара бозорининг ривожланишига ҳамда соҳадаги бюрократиянинг олдини олишга, ижтимоий ҳимояни кучайтиришга, етим болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришга, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Муҳаммаджон ВАЛИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Коррупцияга қарши курашиш ва
суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг