14 та тарихий объектда Илмий-эксперт кенгаши билан келишилмасдан таъмирлаш ишлари бажарилган

16.03.2022 15:03:30

Ўзбекистон маданияти ва санъати ўзининг буюк тарихига эга. Аждодларимиз томонидан адабиёт, мусиқа, архитектура каби нафис санъат соҳаларида яратилган оламшумул намуналар ҳалқимиз тарихий-маданий меросининг беқиёс маънавий тафаккурини акс эттиради.

Тарихимиздан ҳаққоний далолат берувчи археологик ёдгорлик, обидалар, масжиду зиёратгоҳлар, мадрасаю хонақоҳларни асраб-авайлаш, уларнинг азалий қиёфасини тиклаш, келажак авлодга безавол етказиш борасида кўп меҳнат қилиш зарур.  
 
“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунида маданий мерос объектларининг давлат томонидан муҳофаза қилиниши қатъий белгилаб қўйилган.  Бу эса, ўз ўрнида, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат бошқарувини амалга оширувчи органлар томонидан ҳуқуқий, ташкилий, молиявий, ахборотга доир, моддий-техникавий ва бошқа чора-тадбирлар кўриладиган тизимининг барча поғоналари узвий боғланган тарзда фаолият кўрсатишини тақозо этади.  
 
Бугунги кунда мамлакатимизда 8 минг 210 та моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган бўлиб, шундан 4 минг 788 таси археология, 2 минг 265 таси архитектура объектлари, 625 таси монументал санъат асарлари, 530 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади.  

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан сўнгги вақтларда маданий мерос объектларига зарар етказилган ҳолатлар юзасидан ўтказилаётган тафтиш ва тергов ҳаракатларидан маълум бўлишича, айрим ҳолларда давлат бюджети маблағлари ҳисобига маданий мерос объектларида олиб борилаётган тиклаш-таъмирлаш ишлари буюртмачи, пудратчи, лойиҳачи, экспертиза ташкилотлари томонидан объектларни илмий-меъморий реставрация қилиш талабларига зид равишда олиб борилиб, уларнинг тарихий ва бадиий  қимматига тикланмас зиён ва шунинг баробарида жуда кўп миқдорда молиявий зарар етказилмоқда.  
 
Жумладан, республика бўйича 14 та моддий маданий мерос объектларини таъмирлаш-тиклаш лойиҳа ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасм Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгаши билан келишилмасдан, жами 12 миллиард 454,9 миллион сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилган. Ваҳоланки, амалдаги қонунчиликка асосан Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгашининг рухсатисиз маданий мерос объектларида бирон-бир реставрация ёки таъмирлаш ишларини амалга ошириш тақиқланган.  
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида маданият ва санъат муассасаларининг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш, уларнинг моддий ресурс базасини янада мустаҳкамлаш, объектларни сақлаш ҳамда муҳофаза қилишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш вазифаси қўйилган. Шунингдек, бир қатор обидалар қошида жамоатчилик инспекторини бириктириш вазифаси ҳам алоҳида белгилаб қўйилган.  

Дарҳақиқат, жамоатчилик назорати деганда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини назорат қилиш мақсадида амалга ошириладиган жамоатчилик назорати субъектларининг фаолияти тушунилади.

Афсуски, бугунги кунга келиб, қарорда белгилаб берилган долзарб вазифанинг бажарилиши кечикмоқда. Бинобарин, Президентимиз томонидан юртимиздаги барча соҳаларнинг ривожида жамоатчилик назоратининг муҳимлиги таъкидланади.  

Айтиш керакки, маданият ривожи, илму-фан тараққиёти, шунингдек, тарихий-маданий меросни асраш масалаларига тегишли бўлган қонун ҳужжатларини ҳаётга татбиқ этиш фақат давлат органининг вазифаси бўлиб қолмоқда. Ваҳоланки, мамлакат қонунчилигига доир ҳуқуқий ҳужжатлар давлат бошқарувининг барча поғоналари, хусусан, маҳаллий кенгашлар ва ҳокимликлар учун ҳам бевосита тааллуқлидир.

Шунга кўра, моддий маданий меросни сақлаш ва таъмирлашга оид муаммолар ҳамда соҳага оид қонун ҳужжатларининг жойларда бажарилишини назорат қилиш ҳудудий кенгаш депутатлари томонидан вилоят, шаҳар ва туман кенгашларининг сессияларида ўрганилиши ва муҳокамалардан ўтказилиши мақсадга  мувофиқдир.  
 
Зеро, улкан мақсадлар сари қадам босиб янгиланаётган мамлакатимиз дунё ҳамжамияти олдида ўзининиг муносиб ўрнини эгаллашида, аввало, бизга насиб этган табаррук маданий мероснинг қадрини юксакка кўтаришдек шарафли ишни умумҳалқ иши, ва энг муҳими, фуқаролик бурчи деб идрок этмоғимиз шарт.  

  
Ойдин АБДУЛЛАЕВА,  
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари  
қўмитаси аъзоси

ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+