Аҳоли бандлигини таъминлаш – энг устувор вазифамиз.

30.12.2020 20:12:34

Республиканинг қайси худудига борманг, ким билан гаплашманг барчада асосий кўтариладиган муаммонинг негизи ишсизликка бориб тақалади. Оиладаги келишмовчиликми ёки бирон жиноят содир бўладими, барчасининг асосида ишсизлик, бекорчилик ётади. Шунинг учун ҳам, ҳар бир ислоҳот замирида аҳолини банд қилиш, иш билан таъминлаш масаласи устувор туради.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва ўз ҳалққа қилган мурожаатининг асосини ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини тадбиркорликка, касбга ўргатиш орқали банд қилиш масалалари олға сурилди. 2021 йилда аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи аёллар ва ёшларни банд қилишга аълоҳида эътибор берилиши таъкидланди.

2021 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш учун қуйидагилар амалга оширилади:

- ёшлар тадбиркорлиги ва бандлигини таъминлаш учун 100 миллион доллар ажратилади;

- ёшларнинг бизнес лойиҳаларини кредитлаш ҳамда уларни касб-ҳунарга ўқитиш учун 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар ажратилади.

- оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 6 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.

- Ҳукумат томонидан Жаҳон банки билан биргаликда бошланган қишлоқларда тадбиркорликни ривожлантириш дастурини кенгайтириш учун қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади.

- тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг сони қисқартирилади ҳамда Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилади.

   - Аёлларнинг бизнес-лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жойларда аниқланган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд (100 миллион доллар) маблағ йўналтирилади.

- “Халқ банки” томонидан жойларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, намунавий бизнес-режаларини ишлаб чиқиш ва кредит олишда уларга амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилади.

- маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилади.

Бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга ускуналар харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар берилади.

- ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1  гектаргача ер майдонлари ажратилади.

- Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади.

- вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар (223 минг сўмдан 680 минг сўмга) оширилади ва бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартиб бекор қилинади.

Ушбу ишларни амалга ошириш, ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли сарфлаш албатта, масъуллардан юқори масъулият, ҳалқимиз олдидаги жавобгарлик ҳиссини уйғотиши, ҳар бир сўм маблағ ортида қайсидир ишсиз, қийналган юртдошимизнинг тақдири ётганлигини ҳис этган ҳолда ҳалоллик билан иш ташкил этиши лозим. Бунинг учун Президентимиз  Мурожаатномада такрор-такрор таъкидлаганидек ҳар бир раҳбар билимли, қатъиятли, коррупцияга берилмаган бўлиши керак.

Биз ҳалқ вакилларининг бу борадаги асосий вазифаси ушбу ишларни амалга оширилишида назорат ўрнатишимиз, ҳар бир маблағ ва эътибор энг мухтож аҳоли қатламига етиб боришига кўмаклашишимиз керак. Ижро ҳокимияти билан елкама елка ишлаш орқали, ҳар бир сайловчимизнинг истакларини амалга ошириш бизнинг энг олий мақсадимизга айланиши зарур.

 

 

 

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+