Аҳоли бандлигини таъминлашнинг уч муҳим йўналиши белгилаб берилди

20.12.2021 09:12:06

Сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, турмуш фаровонлигини ошириш борасида бошланган ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатиб, юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам ҳар бир аҳоли ўз ҳаётида бўлаётган ўзгаришларни оилалари мисолида яққол ҳис қилишмоқда. Буни биргина жойларда сайловчилар билан ўтказиладиган юзма-юз мулоқотларда кўтариладиган бандлик, ижтимоий хизмат турларининг пастлиги, электр энергияси, ичимлик суви ва ички йўллар каби айрим турдаги аҳоли мурожаатлари сони камайганлигида ҳам кузатиш мумкин.

Бунда эса, албатта аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Таҳлилларга қаралса, 2017-2020 йилларда аҳоли бандлигини таъминлаш учун қариб 3 миллионга яқин доимий иш ўринлари яратилган. Шунингдек, ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги орқали субсидия ва грандлар, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида бўлганлар фуқаролар учун имтиёзли кредитлар доимий равишда ажратиб келинмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, аҳоли бандлигини таъминлашда жойларда хизматлар соҳасининг ривожланиб бориши муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан, ҳам далатимиз раҳбари бошчилигида жойларда хизматлар соҳасини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратиб келинмода. Жумладан, жорий йилнинг 11 май куни қабул қилинган Президентимизнинг “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан хизматлар соҳасининг мамлакатимиз иқтисодиётидаги улушини кўпайтириш, жойларда хизматлар соҳасидаги мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, хизматлар турларини кенгайтириш ва сифатини ошириш бўйича ўз ечимини кутаётган муаммоли масалаларни ҳал қилиш, мазкур йўналишда тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг ғоя ва ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилган эди.

Ўтган қисқа вақт давомида иқтисодий ўсишни таъминлашда хизматлар соҳасини муҳим драйверга айлантириш ва 2023 йилга қадар хизматлар ҳажмини икки бараварга ошириш, аҳолига тайёр бизнес режалар ва лойиҳалар тақдим этиш, уларни касбга ўқитишдан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишгача бўлган босқичларни қамраб олувчи “комплекс хизматлар” кўрсатишни ташкил этиш борасида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ишлари бошлаб юборилди.

Эътиборлиси, ушбу турдаги ишлар самарадорлигини оширишнинг ҳуқуқий асослари ҳам такомиллаштириб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 30 сентябрь куни яна бир муҳим ҳужжат – “Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилиниб, пандемия даврида умумий овқатланиш, савдо, туризм, транспорт соҳалари учун берилган имтиёзлар муддати узайтирилди.

Натижада, жорий йилда 18 триллион сўмлик 29 мингта лойиҳа амалга оширилиб, хизматлар соҳасида 20 фоиз ўсишга эришилди. Аммо мамлакатимизда яратилган ишбилармонлик муҳити ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларга нисбатан эришилган натижа билан қаноатланиб бўлмайди.

Шу боисдан, ҳам ўтган ҳафтада давлатимиз раҳбари томонидан хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда хизматлар соҳасини кенг ривожлантириш, фойдаланилмаётган имкониятларни тўлақонли ишга солиш масалалари муҳокама қилинди.

Жумладан, Президентимиз бу борада ҳар бир ҳудудга алоҳида ёндашув зарурлигини таъкидлаб, аниқ мисолларни келтирди. Туман ва шаҳарларнинг аҳоли сони, географик жойлашуви, иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича 3 та йўналиш белгилаб берилди.

Биринчи йўналиш доирасида 158 та туманларда хизматлар соҳаси ривожлантирилади. Хусусан, сайёҳлик масканлари бор 45 та ҳамда тоғли ҳудуддаги 40 та туманда туризм хизматлари кўпайтирилади.

Ушбу туманлар зарур инфратузилма билан таъминланиб, ерлари тайёр лойиҳа ҳолатида аукционга чиқарилади. Шунингдек, туризм соҳаси учун махсус солиқ режими жорий этилиб, меҳмон уйлари учун имтиёзли кредитлар ажратилади.

Иккинчи йўналишда эса, 29 та ўрта ва йирик шаҳар ҳамда аҳолиси 300 мингдан кўп 6 та туманда замонавий бозор хизматлари ривожлантирилади. Бунинг учун кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидан самарали фойдаланилиб, енгил конструкцияли объектлар учун ер участкаларини аукционга чиқарилади.

Шаҳарларда мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида ўринлар етишмаслигининг олдини олиш учун хусусий таълим хизматлари қамровини кенгайтириш, мактаб ва боғча қуриш учун ер майдонларини ажратилади. Тошкент вилояти тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда ёшларни замонавий хизматларга ўқитадиган IT-академиялар ташкил этилади.

Учинчи йўналишга кўра, Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида юқори даромадли хизматларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Натижада, 750 минг иш ўрни яратилади. Жумладан, Сергели туманидаги ер усти метроси атрофида савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 5 мингта иш ўрни яратиш имкониятидан самарали фойдаланилади. Шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби йирик шаҳарларда “Такс фри” тизими жорий этилиб, шаҳар ичида “Дюти фри” дўконларини очиш орқали чакана савдо ҳажми янада оширилади. Келгуси йилда хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга 500 миллион доллар ажратилади.

Хулоса қилиб айтганда, яқин қисқа вақт ичида, аҳоли банлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш, фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар соҳасини ривожлантириш борасида мутлақо янги тизим яратилиб, ижобий натижаларга эришилади.

Мавлуда АТХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+