Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати янада ошади

16.05.2021 18:05:18

Юртимизда кейинги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам изчил давом эттирилмоқда. Аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган Президентнинг бир қатор ҳужжатлари қабул қилинди. Жамоатчилик томонидан тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш юзасидан билдирилган таклифлар инобатга олиниб, аҳолига қулай бўлган “Электрон поликлиника” тизими йўлга қўйилди.

Хусусан, Сирдарё вилоятида Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор, унинг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат терапия ва педиатрия йўналишлари бўйича ёрдамчилари, патронаж ҳамширалари ва доядан ташкил топган гуруҳларни тузиш йўлга қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармони соҳада амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Фармон билан оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда “тиббиёт бригадалари” фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса, яна қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг Давлат бюджетидан молиялаштириладиган амалдаги койкалар фондининг 10 фоизи 2022 йил 1 январдан бошлаб, яна қўшимча 10 фоизи 2023 йил 1 январдан бошлаб тўлов асосида тиббий хизматлар кўрсатишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига таъминланадиган койкалар фондига ўтказилмоқда. Албатта, биз бугунги кунда сифатли тиббий хизмат тизимини йўлга қўйишни исатар эканмиз биринчи навбатта тизимни энг сўнгги замонавий асбоб-усукуналар билан жиҳозлашимиз бунинг учун эса бюджетдан ажратилаётган маблағ ҳажмини кўпайтиришимиз даркор.

Мазкур ҳужжат билан шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квотасини икки бараварга ошириш, ҳудудга зарур бўлган тор мутахассисликдаги шифокорларни тайёрлаш учун тегишли маҳаллий бюджетдан етарли миқдорда грант ажратиш тизими йўлга қўйилиши белгиланди. Мазкур грант асосида таълим олган битирувчиларга тегишли ҳудудга бориб, уч йил ишлаб бериш мажбурияти юклатилади. Ҳудудга фаолият юритиш учун юборилган тор мутахассисликдаги шифокорларнинг яшаш харажатлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

2021 йил 1 июлдан бошлаб эса, ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилмоқда. Ҳамширалар учун яратилган бундай қулайлик улар фаолиятини амалга ошириши учун бир қатор мажбуриятлар ҳам юкламоқда. Хусусан, ҳамширалик иши фаолиятини фақат ўрта тиббий ёки олий ҳамширалик иши йўналиши бўйича олий маълумотга эга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли ахборот тизимида 2022 йил 1 январдан бошлаб рўйхатдан ўтган шахсларгина амалга оширади. Ҳамширалик иши фаолияти билан шуғулланаётган шахс белгиланган муддатларда ўз малакасини ошириб бориши зарур.

Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлигида Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ташкил этилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Фармон билан аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш борасида бир қатор тизимли чора-тадбирлар белгилаб берилмоқда. Галдаги вазифа эса, биз халқ вакиллари мазкур ишларнинг ўз вақтида тизимли амалга оширилишини назорат қилишдан иборатдир.

 

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+