Янгиликлар 2517
Ақлли иқтисодиёт – аҳоли ҳаёти фаровонлигини таъминлаш кафолати
Яқин кунларда барча юртдошларимиз томонидан энг улуғ, энг азиз неъмат бўлган Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги кенг нишонланади. Ўтган вақт давомида мамлакатимизда фуқароларнинг турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда жамият тараққиётига эришиш мақсадида барча соҳаларда туб бурилишлар амалга оширилди. Хусусан, бунда иқтисодий соҳани ривожлантириш орқали, фуқаролар бандлигини таъминлаб даромадини ошириш, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиш борасида салмоқли натижаларга эришилди.
Натижада, сўнгги беш йилда дунё ҳамжамияти кўз ўнгида иқтисодий барқарорликка еришаётган Янги Ўзбекистон номоён бўлди. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ҳаётбахш ғоялари асосида ишлаб чиқилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида амалга оширилиши режалаштирилган бешта энг муҳим устувор йўналишнинг ҳам учинчиси айнан иқтисодий ривожланиш борасидаги устувор вазифадир. Чунки, ҳар бир давлатнинг барча соҳа ва тармоқлардаги ўзгаришлари бевосита мустақил барқарорликка эга бўлган иқтисодий ўсиш билан чамбарчас боғлиқ.
Ўтган вақт давомида Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган иқтисодий ўзгаришларга хизмат қилувчи вазифаларнинг ўз вақтида ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ўсиш сурати тубдан ўзгарди. Амалга оширилган барча ислоҳотлар “Инсон манфаатлари ва фаровонлиги ҳамма нарсадан устун” деган эзгу тамойил асосида олиб борилмоқда.
Бу борада, энг аввало, мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, қатъий пул-кредит сиёсатини юритиш, миллий валюта ва ички бозордаги нархлар барқарорлигини таъминлаш, солиқ-бюджет ислоҳотларини олиб боришга асосий эътибор қаратилди.
Эътиборли томони иқтисодий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида инсон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳаётга тадбиқ этилиши назарда тутилган иқтисодий ғоя ва ташаббусларга ҳамоҳангдир. Жумладан, партия ўз дастурида иқтисодий барқарорликка эришишда рақамли технологияларга асосланган инновацион миллий иқтисодиётни барпо этиш, “фаровон давлат” қуриш, аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтириш, тадбиркорликни ҳар бир фуқаронинг қобилияти ва имкониятини инобатга олган ҳолда ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ва унинг ривожланишига ғов бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали мамлакатнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш ҳамда давлат идораларининг бюджет харажатлари очиқлигни таъминлаш ташаббусларини илгари суриб келмоқда.
Айни кунга келиб амалиётда Ҳукумат, барча вазирлик ва идоралар ҳамда Марказий банк томонидан макроиқтисодий кўрсаткичлар, давлат бюджети ижроси, пул муомаласи ва олтин-валюта заҳиралари ҳолати тўғрисидаги барча статистик ва таҳлилий маълумотларни доимий равишда очиқ чоп этиб бориши йўлга қўйилди.
Инсон манфаатларига асосоланган иқтисодий солиқ ислоҳотлари натижасида эса солиқ тизими соддалаштирилиб, фуқаролар ва тадбиркорлар учун солиқ юки камайтирилди. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилиниб, солиқ турлари 19 тадан 15 тага қисқартирилди. Ягона ижтимоий тўлов 25 фоиздан 12 фоизга, фойда солиғи эса 14 фоиздан 12 фоизга туширилди.
Шунингдек, партия ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдори сифатида юксак технологияли маҳсулот, маълумотлар жадал алмашинуви технологияси ва виртуал молиявий хизматларга таянган рақамли иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулот таркибидаги улушини 2025 йилга қадар 45 фоизга етказишни муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб олган эди. Бугунги кунда қонунчиликка киритилган тегишли ўзгартиришлар натижасида аҳолинг ижтимоий қатламларини иш билан таъминлаган фуқаро ва тадбиркорларга ўз фаолиятларини йўлга қўйишлари учун кўплаб имтиёзлар тақдим этилмоқда.
Натижада ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига ўтиш имконияти кун сайин ортиб бормоқда. Иқтисодиётдаги аҳолининг реал даромадининг ортиши натижасида инфлация кўрсаткичлари ҳам 2017 йилги 18,8 фоизлик кўрсаткичдан 11,1 фоизга камайди.
Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенг ривожлантириш учун имтиёзли тарздаги кредитлар ажратилмоқда. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текшириш амалиёти бекор қилинди. Соҳага ахборот технологияларининг кенг жорйи этилиши натижасида тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш учун давлат хизматларини кўрсатиш тартиботлари сони, рўйхатдан ўтиш учун кетадиган вақт қисқарди. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти (Омбудсман) таъсис этилди.
Натижада, мамлакатда қулай инвестициявий муҳит ва ташқи иқтисодий фаолият эркинлаштирилиб, ҳамкор мамлакатлар ва халқаро молия институтлари билан муносабатлардаги ёндашув ўзгарди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилдаги “Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан қулай инвестиция муҳитига эга бўлган эркин иқтисодий саноат зоналарини ташкил этиш борасида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда мамлакатимизда ҳар бир ҳудуд аҳолисининг ўз тадбиркорлик ғоялари ва ташаббусларини йўлга қўйишлари учун барча зарурий инфратузилмалар билан таъминланган 23 та эркин иқтисодий ва 348 та кичик саноат зонаси фаолият олиб бормоқда. Эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 2,6 млрд. долларлик 453 та лойиҳа амалга оширилиб, 36 мингга яқин иш ўрни яратилган. Кичик саноат зоналарида эса 5 трлн. сўмлик 1497 та лойиҳа ишга туширилиб, 36 мингдан зиёд кишининг бандлиги таъминланган.
Жорий йилда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолиятини янада яхшилаш учун 1,6 трлн. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Бу каби Ўзбекистонда яратилган қулай тадбиркорлик муҳити сабаб Жаҳон банкининг “Doing Business 2018” маърузасида Ўзбекистон бизнес юритиш учун энг қулай шароит яратган “топ 10” талик ислоҳотчи мамлакатлар рўйхатига киритилди. Ўзбекистон 2016 йилда “Doing Business” рейтингида 87 ўринда бўлган бўлса, 2020 йил якунига келиб бу кўрсаткич 18 ўринга кўтарилиб 69 ўриндан жой эгаллади.
Қувонарли томони Ўзбекистонда иқтисодий барқарорликка эришишда инновацион ёндашувли рақамли иқтисодиётга ўтишни ташкил этиш, иқтисодиётни таркибий қайта қуриш, уни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлаш борасида бошланган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, барқарор иқтисодий ўсиш ва ҳалқимиз даромадини изчил оширишнинг муҳим омили сифатида иқтисодий тараққиётга эриш борасида чорак аср олдин дунёнинг иқтисодиёти жадал ривожланган давлатлари тажрибасига таянган Ўзбекистон бугун оғир пандемия шароити бўлишига қарамасдан ўзининг иқтисодий соҳада амалга ошираётган ҳаётий кўрсаткичлари орқали барқарор ривожланиш йўлига ўтган дунё давлатларига намуна бўлмоқда.
Музаффара АБДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг