Янгиликлар 1597
Археология объектлари обод манзилларга айланади
Музей — тарихий, моддий ва маънавий маданий мерос объектларини тўплаш, ўрганиш, сақлаш ва намойиш этиш, шунингдек, улар билан боғлиқ маълумотларни оммалаштириш ҳамда бу борада маърифий фаолият олиб борувчи муассасадир. Куни кеча эълон қилинган “Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори юртимиздаги музейлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маркетинг сиёсати ва хизматлар соҳасини комплекс ривожлантириш, музейларга инновацион технологияларни самарали қўллаш, шунингдек, музейларда миллатимиз тарихи, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига оид замонавий янги экспозицияларни яратиш билан боғлиқ улкан мақсадни амалга оширишга қаратилган ҳужжат бўлди.
Қарорга биноан, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги етакчи музей ҳамда музей-қўриқхоналарнинг фаолиятини янада такомиллаштириш ва оммалаштириш, моддий-техник базасини бойитиш, реставрация ишлари билан боғлиқ лабораториялар фаолиятини ташкил этиш каби муҳим вазифалар ва уларнинг бажарилиш механизмлари аниқ кўрсатиб берилган.
Жумладан, 2022-2023 йилларда давлат музейларида ташкил этиладиган қўшимча хизматларнинг манзилли режаси келтирилган бўлиб, унга кўра, ушбу муассасаларда “Музейда тун”, “Open Air Fest” каби кўнгилочар дастурлар, концерт, томошалар, уста-ҳунармандларнинг маҳорат дарслари, совғалар ва сувенир дўкони, ҳунармандлар устахонаси ва савдо шохобчалари, онлайн дўконларни ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломалар ҳаёти ва фаолиятига оид 2022-2024 йилларда янги ташкил этиладиган экспозицияларнинг манзилли режаси келтирилган бўлиб, экспозиция номи, унинг ўтказилиш муддати ва унга масъул этиб белгиланган ташкилотлар аниқ кўрсатиб ўтилган. Бунда, ўзбек халқи тарихининг асосий босқичлари саналган Кишилик тарихидаги Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, Тошкент воҳаси моддий маданияти, Шарқ алломаларининг аниқ ва табиий фанлар ривожига қўшган ҳиссаси, Қадимги цивилизация излари, Ислом юксалган юрт, Илк давлатчилик куртаклари, Турон ҳарбий санъати каби қизиқарли мавзуларни ёритиш вазифаси белгилаб қўйилган.
Шу билан бир қаторда, 2022-2024 йилларда давлат музейларида ихтисослаштирилган реставрация лабораторияларини ташкил қилишнинг манзилли режаси ҳам келтирилган бўлиб, ҳар бир музейда унинг профессионал хусусиятидан келиб чиқиб, муайян соҳалардаги лабораторияларни ташкил этиш вазифаси қўйилган. Бунда, археология ва этнография ашёлари лабораторияси, тасвирий санъат лабораторияси, халқ амалий санъати лабораторияси, ёғоч ва металл буюмлар лабораторияси кабиларни ташкил этиб, фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.
Қарорда яна бир муҳим нарсага эътибор қаратилганки, бу репликация, яъни маълумотнинг нусхасини яратиш. Шунга биноан, ноёб музей ашёлари ва коллекцияларининг репликацияларини тайёрлаш ҳамда уларни реализация қилиш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар келтирилган. Унга кўра, турли йилларда нусхаси яратиладиган асарларнинг сони ва репликация жараёнига жалб этиладиган масъуллар рўйхати аниқ кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, музейлар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш режаси ҳам муҳим вазифалардан бири сифатида қарордан жой олган. Унда давлат музейларига ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш тавсия этилаётган ҳорижий музейлар ва халқаро ташкилотларнинг номи келтирилган бўлиб, уларнинг орасида Мустақил музейлар ассоциацияси (Буюк Британия), Америка музейлари иттифоқи (АҚШ), Британия музей дўстлари ассоциацияси (Буюк Британия), Ирландия музейлар ассоциацияси (Ирландия), Музейлар компьютер тармоғи (АҚШ), Музейлар компьютер гуруҳи (Museums Computer Group) (Буюк Британия), Тўпқопи саройи музей кутубхонаси (Туркия), Консервациялаш институти (Италия) каби нуфузли муассасаларнинг номлари келтирилган.
Музейлар фаолиятини янада такомиллаштириш борасида муҳим ҳисобланган яна бир жиҳат - 2022-2023 йилларда музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган бўлиб, бу борада белгиланган аниқ чора-тадбирлар, уларни амалга ошириш механизми, ижро муддати, молиялаштириш манбалари аниқ белгилаб қўйилди.
Президент қарорининг яна бир қимматли жиҳати шундаки, унда 2023-2026 йилларда музейлаштириладиган археология ёдгорликларининг манзилли режаси тасдиқланди. Ушбу режага биноан, Далварзинтепа, Мингтепа, Чилонзор оқтепаси, Шерозқалъа, Қўйқирилган қалъа, Нур қалъаси, Қадимги Поп, Қалиятепа, Қоратепа, Қува шаҳристони, Ақчахан қалъа, Пойкент, Юнусобод оқтепаси, Қанқа, Авросиёб, Тупроққалъа, Ерқўрғон, Қоратош тепа каби ноёб археология объектлари аҳоли томонидан ташриф буюриб, томоша қилиш мумкин бўлган манзилларга айлантирилади.
Археология объектларини музейлаштириш – музей фаолияти ва ёдгорликларини муҳофаза қилиш доирасидаги йўналиш бўлиб, тарих ва маданиятнинг кўчмас ёдгорликларини, шунингдек, табиий объектларни музей экспозицияси объектларига айлантиришдан иборат.
Маданий мерос объектларини музей экспозицияси объектига айлантириш жараёни ёдгорликларни ўрганиш, уни консервация ва реставрация қилиш, бадиий-меъморий интерьерларни, маданий ва тарихий муҳитни сақлаш ва тиклаш, талқин этишни ўз ичига олади. Бу эса доимий экспозиция ва кўргазмаларни ташкил этиш ва маданий мерос объектларини оммалаштириш имконини беради.
Шуни айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимиздаги 32 та ноёб археология объекти ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш учун тавсия этилган. Бу археология объектлари стационар музей даражасига олиб чиқилиши ҳамда аҳоли ва туристлар ташрифи учун қулай ва мустаҳкам ҳолатга келтирилиши шарт.
Музейлар фаолияти соҳасида илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2023 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта май ойининг иккинчи ўн кунлигида “Музейшунослик ва археология тадқиқотлари: долзарб муаммолар ва замонавий ечимлар” халқаро форуми ҳамда унинг доирасида илмий-амалий конференция, “Буюк ипак йўли” тадқиқотлари” кўп жилдли каталог тақдимоти, кўрик-танлов, кўргазма-савдолар, театрлаштирилган концерт-томоша дастурлари ўтказилади. Ҳар йили музейларга ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан музейлар соҳасида фаолият олиб борувчи мутахассисларнинг камида 10 нафарини чет элга малака ошириш ва тажриба алмашиш учун юбориш мажбурий йўлга қўйилади. Ҳар йили камида 2 та маданий мерос соҳасидаги ташкилот, шу жумладан, музей ҳамда 100 нафар мутахассисга Маданий мерос жамғармаси маблағлари ҳисобидан Халқаро музейлар кенгашига (ICOM), Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш халқаро кенгашига (ИКОМОС) аъзолик бадалини тўлаб бериш амалиёти жорий этилади.
Ўзбекистон бутун жаҳон тамаддуни ривожида муҳим ўрин тутган давлатдир. Мамлакатимиз тарихи ва маданиятига мансуб маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ва уларнинг қадр-қимматини янада ошириш Учинчи Ренессансга пойдевор қўяётган Янги Ўзбекистон учун ўта муҳим масала ҳисобланади. Шундай экан, мазкур қарор соҳа ривожи учун ўта муҳим аҳамият касб этади.
Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Фан, таълим, маданият ва
спорт масалалари қўмитаси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг