Асло ўчмас яхшилар ёди

08.05.2021 19:05:28

Маълумки, 9 май юртимизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида умумхалқ байрамига айланиб улгурди. Дарҳақиқат, уруш арафасида мамлакатимизда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам урушда бевосита иштирок этган. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса, қонли жангларда ҳалок бўлган.

Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барчасида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб қилинади, уруш эса батамом қораланади. Зеро, тинчлиги бузилган кичик бир хонадон ҳам, катта бир мамлакат ҳам асло ҳотиржам бўла олмайди. Қарияларимиз дуоларининг дебочаси ҳам “..тинчлик-ҳотиржамлик, хайру баракасини берсин”нияти билан бошланади.

1999 йилдан бошлаб Хотира ва қадрлаш куни сифатида ардоқланиб келинаётган ёднома байрамимизни ўзимиз танладик. Чунки ҳар бир халқ қандай яшаши, нимани қадрлаши, қайси саналарни тантана қилишини ўзи ҳал этади. Бунда у ўз тарихий арконларидан келиб чиқади, бугунини ўйлайди ва келажагини назарда тутади.

Ўзбекистон бунинг чинакам намунасини кўрсатди. Хотира ва Қадрлаш куни ўзгача, аниқроғи, миллий хусусият касб этди. Бу байрамнинг мазмун-моҳияти буткул ўзгарди – у халқ хотираси ва инсонни қадрлаш кунига айланди.

Халқ хотираси деганда кўз ўнгимизда ватанни Ватан қилган, халқини бирлаштирган, унинг давлатчилиги йўлида курашган, куч-қудратини, илму тамойилини аямаган, керак бўлса, шу йўлда ҳеч иккиланмай жонинини фидо қилган не-не буюк зот бир-бир ўтади. Широқ, Тўмарис, Соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбеклар сиймосини кимни қандай қадрлаб хотирлашни ўргатаётгандай бўлаверади...

Бу ўгитлар асрларга, сиймоларга муҳрланди. Хотира майдонидаги темир “дафтар”идаги зарҳал ҳарфлар живири, Мотамсаро Онанинг кўзидаги мунг, Ғалаба боғидаги сукут, кўкраги тўла ордену медаллар шодасининг жаранги сусайиб бораётган нуроний ҳокисорларимизнинг қадди, алвон гуллар тобора ўз эгасини топа олмаётганлиги кишининг ақлини шоширади, унутганларингни ёд олишга шоширтиради.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёвнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонига асосан уларнинг ҳар бирига 12 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофотини Республика Президентининг шахсий табрикномаси билан етказилиб берилаётганлиги ҳам шунчалик азиз ва ардоқлидир.

Ватан қаҳрамонларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, ҳотиржам, осойишта яшаётганимиз, фаровонликни таъминлаш учун унумли меҳнат қилишимизнинг шукронаси ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу юртга садоқат ва қатъят билан ҳизмат қилишга ундайди.

Зеро, яхшилар ёди асло ўчмайди.

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+