Янгиликлар 2204
Асосий ғоя: оролбўйи минтақасининг бой тарихи, маданий мероси ва анъаналарини сақлаб қолиш
2021 йил 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон томонидан ташаббус сифатида ишлаб чиқилган муҳим ҳужжат - Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция кўриб чиқилди ва БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Айтиш жоизки, 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Орол денгизи қуриши муаммосини кўтариб, Орол фожиаси билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш билан боғлиқ халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришга чақирган эди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу нутқидан сўнг Орол муаммосини бартараф этиш мақсадида тизимли равишда қатор ишлар амалга оширилди. Орол муаммосини бартараф этишга қаратилган Халқаро Трастфонднинг ташкил этилиши ҳам Ўзбекистон томонидан илгари сурилган самарали ташаббус бўлди.
Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган “Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар” концепцияси мазкур муаммони бартараф этишга доир амалий чора-тадбирлар ва уларнинг бажарилиш механизмини ўз ичига олади. Унга кўра, “Экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш, молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш, соҳа учун зарур бўлган малакали мутахассис кадрларни тайёрлашни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Маълумки, Оролбўйи минтақаси азал-азалдан ўзининг бой ўтмиши, юқори даражадаги салоҳияти, теран тафаккури билан жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин эгаллаган. Қорақалпоқ элининг адабиёти, маданияти ва санъати ер юзида мавжуд бошқа кўплаб миллат ва элатлар маданиятининг ривожланишига таъсир кўрсатган. Адабиёт, тасвирий санъат, мусиқа ва рақс санъатида кузатиладиган ижодий тенденциялар, бой маънавий тафаккур, инсон руҳиятига хос теран туйғулар Оролбўйи тарихи ва маданиятининг ўзига хос миллий-маънавий қиёфасини ифода этади.
Оролбўйи минтақаси аҳолисининг Ватан туйғуси ҳамиша адабиёт ва санъатда акс этган. Оролнинг қуриши билан боғлиқ фожиа мавзуси адабий асарлар, тасвирий санъат асарлари, куй-қўшиқ, рақсларда алоҳида кайфият билан тасвирланади. Бунда қорақалпоқ элининг матонати, сабр-бардоши, ҳаёт фалсафаси мужассамдир. Оқин ва жировларнинг куй пардаларида сувнинг йироқлашиши билан боғлиқ соғинч туйғуси мусаввирларнинг бўёқларида, санъаткорларнинг мусиқий пардаларида ўз ифодасини топади.
Сўнгги йилларда Орол минтақасидаги экологияни соғломлаштириш, инсонларнинг ҳаёт даражасини кўтаришга доир саъй-ҳаракатларнинг жадаллашуви, табиийки, минтақа аҳолиси қалбида келажакка нисбатан ёруғ умид ва ишонч ҳиссининг уйғонишига олиб келди. Одамларнинг кайфиятида кўтаринкилик пайдо бўлди. Ёруғ истиқболни кўзлаб тузилаётган режалар, амалга оширилаётган эзгу амаллар, кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам Оролни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг ёрқин натижасидир.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг Орол фожиаси муносабати билан кўрсатаётган ташаббуси ва самарали ҳаракати Оролбўйи минтақасининг бой тарихи, миллий маданий мероси ва анъаналарини сақлаш, уларни келажак авлодга бекаму кўст етказиш, ва умуман, Оролбўйи аҳолисининг миллат сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш билан боғлиқ юксак ғояни ифода этади.
Бинобарин, Оролбўйи минтақасининг фожиаси нафақат ўз ҳудуди, балки жаҳоннинг экологик саломатлигига ҳам таҳдид солиб турибди. Буни англаб етган жаҳон ҳамжамияти давлатимиз раҳбарининг ушбу масалага оид ташаббусларини бир овоздан маъқуллаб, ўз ҳамкорлигини таклиф этиши Ўзбекистон мамлакатининг жаҳон ҳамжамияти олдидаги нуфузига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати,
Фан, таълим, маданият ва
спорт қўмитаси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг