Янгиликлар 2263
Асосий мақсад — аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаб, турмуш фаровонлигини ошириш
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ҳаётий ташаббусларнинг ҳар бири дунё ҳамжамияти нигоҳи Ўзбекистонга қаратилишига сабаб бўлмоқда.
Ўтган йиллар давомида дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибасига таянган Ўзбекистон бугун Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга ошириб келаётган ўз йўли ва ташаббуслари орқали айрим ривожланаётган ва ривожланган давлатларга намуна бўлмоқда. Ўзбекистонда изчил амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар натижасида мамлакатни жаҳон танимоқда ва тан олмоқда.
Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ҳаётбахш ғоялари асосида ишлаб чиқилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Хусусан, “Ҳаракатлар стратегияси” бугунги глобаллашув ва пандемия шароитида ер юзида туб ўзгаришлар кечаётган мураккаб бир вазиятда, Ўзбекистон учун сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларнинг энг муҳим беш устувор йўналишини амалга оширишнинг яқин истиқболга мўлжалланган муҳим миллий стратегик ҳужжати эканлиги ўтган вақт давомида ҳаётнинг ўзи исботлади.
Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган тўрт ярим йил давомида аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамларнинг даромадларини ошириш, фан ва узлуксиз таълимни ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва улар билан аҳолини қамраб олишни кенгайтириш, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, фаровонлигини ошириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш ва туризм соҳаларини такомиллаштиришга қаратилган қатор тизимли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, ўтган вақт давомида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида 1 373 та қишлоқ врачлик пункти қисқартирилиб, ўрнига 793 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 441 та тез тиббий ёрдам шохобчалари ҳамда кундузги стационарлар очилди. Қишлоқда фаолият юритадиган 700 нафарга яқин шифокорлар хизмат уй-жойлари билан таъминланди. Тез тиббий ёрдам бўлимлари 1 600 тадан ортиқ ихтисослаштирилган автотранспорт воситалари, асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди, уларга ажратиладиган дори воситалари ҳажми 2 бараварга кўпайтирилди. Ўтган ҳафтада соғлиқни сақлаш соҳасига бағишлаб ўтказилган Давлатимиз раҳбарининг видеоселектор йиғилишида жорий йилнинг 1 ноябригача яна 1 000 дона тез тиббиёт ёрдам кўрсатишга ихтисослашган автотранспорт воситалари ҳудудларга етказиб берилиши белгилаб берилди. 13 та ҳудудда Республика ихтисослаштирилган марказларининг бўлимлари очилди, республика марказларида 1 200 нафардан ортиқ вилоят мутахассислари малака оширди.
Шу билан бирга нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унга 14 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилди. Натижада нодавлат тиббиёт муассасалари сони сезиларли даражада ортишига эришилди. Хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилди. Чет эл клиникаларида фаолият юритаётган 50 нафардан ортиқ ўзбекистонлик малакали шифокор мамлакатга қайтарилди.
Тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш кўламини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, қабул ўринлари 2 минг нафарга (38 фоизга) шу жумладан, грант ўринлари 50 фоизга оширилди.
Ёшларимизнинг ҳар бирининг илим олишини тўлақонли таъминлаш мақсадида фан ва таълим соҳасининг ҳар бир йўналишида 5 йилликка мўлжалланган алоҳида дастурлар қабул қилинди. Жумалдан, Мактабгача таълим соҳасини ислоҳ қилиш мақсадида 5 йиллик алоҳида қабул қилинган Дастур доирасида 1 200 та МТМ давлат бюджети ва халқаро грантлар маблағлари ҳисобидан замонавий мебель, ривожлантирувчи ўйинлар ва бошқа жиҳозлар билан таъминланди.
Шунингдек, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Жанубий Кореянинг “Chung Construction Design” ва Сингапурнинг “Modern Montessori International Group” компанияси билан қуввати 400 ва 200 ўринли ҳамда мос равишда Тошкент шаҳрида 3,4 млн. доллар ва 1,5 млн. доллар қийматга тенг Жанубий Корея ва Сингапур модели асосида инновацион технологиялар қўлланиладиган мактабгача таълим муассасасини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш белгилаб олинган.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг чекка ҳудудларида мактабгача ёшдаги болаларни сифатли мактабгача таълим билан қамраб олиш учун 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, “Ақлвой” мактабгача таълим мобиль гуруҳлари тажриба тариқасида қайта жиҳозланган ISUZU автобуслари негизида ташкил этилди ва натижада мобиль таълим гуруҳларига 1920 нафар мактабгача ёшдаги бола қамраб олинди.
Мактабгача таълим соҳасида амалга оширилган ишлар натижасида 2020 йил якуни билан мактабгача таълимнинг қамрови 60,9 фоизга етказилди. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилиниб, 2030 йилга қадар мактабгача ёшдаги болаларнинг 80,8 фоизини МТМларга қамраб олиш устувор вазифа этиб белгиланди.
Таълимнинг иккинчи босқичи бўлган мактабларда 11 йиллик таълим тизими жорий этилди. 10-синфларда ўқув жараёнини ташкил этиш мақсадида 22 000 нафар янги ўқитувчи ишга қабул қилинди, етти тилдаги 8,5 миллион нусха дарслик ва ўқув-услубий қўлланмалар нашр қилинди. Ўқувчилар қамровининг ортиши ҳисобга олиниб, 900 та мактабнинг 8 мингтага яқин синфидаги ўқув жиҳозлари янгиланди, 400 дан ошиқ мактаб замонавий компьютер синфлари ва интерактив ускуналар билан таъминланди, ногирон болалар учун ихтисослаштирилган 17 та мактаб-интернат бинолари таъмирланди. Ўқитувчиларнинг иш ҳақи 1,5 маротаба оширилиб, уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 1 440 131 сўмдан 2 037 040 сўмга кўтарилди.
Корея Республикаси Эксимбанки иштирокидаги “Мактаб таълимида ахборот-коммуникацион технологияларни янада ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 2 859 та умумтаълим мактабларига ўқув компьютер синфлари Тошкент шаҳрига келтирилди, улардан 2643 та ўқув компьютер жамланмалари умумтаълим мактабларига етказилди.
Ўқитувчи касби мақомини ошириш юзасидан кўрилган чоралар натижасида халқ таълими тизимига 12 871 нафар эркак ўқитувчининг қайтиши натижасида уларнинг сони 133 320 нафарни ташкил этди, бу кўрсаткич умумий ўқитувчилар сонининг 30 фоизига етди.
Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда кадрлар масаласи ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги ҳисобга олиниб, кадрлар тайёрлашдаги асосий бўғин Олий таълим тизимини комплекс ривожлантиришга қаратилган 5 йиллик Дастур қабул қилинди.
Дастур доирасида амалга оширилган ишлар доирасида Олий таълим муассасаларига қабул квоталари қарийб уч баробарга оширилиб, 9 фоиздан 25 фоизга етказилди. Шу билан бирга, Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ҳамда фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган 5 тагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди.
Шу билан бирга, 35 та олий таълим муассасасида ўқув жараёни кредит-модуль тизимига ўтказилди ҳамда 10 та олий таълим муассасаси ўзини ўзи молиявий таъминлашга ўтди. Бундан ташқари, 5 та олий таълим муассасаси танлов асосида танлаб олинди ҳамда нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кейинги ўқув йилидан трансформация қилиш бошланди.
Ҳаракатлар стратегиясининг барча йўналишларида энг муҳим ва устувор масала ҳисобланган ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида ҳам қатор ишлар қилинди. Хусусан, Давлат раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон ёшларини буюк мақсадлар сари бирлаштирадиган ва сафарбар этадиган оммавий ҳаракат – Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ташкил этилди.
Барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, маҳаллаларда ёшлар масалалари бўйича ўринбосар штатлари ташкил этилди. 30 июнь Ўзбекистонда "Ёшлар куни” этиб белгиланди. Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил этилди.
Биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғи биринчи йил учун 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йиллар учун эса 25 фоизга камайтирилди. Фаол ёшлар учун "Мард ўғлон” давлат мукофоти ва "Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди.
Ёшлар муаммоларини самарали ҳал этиш мақсадида эса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати ҳузурида “Ёшлар парламенти” ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар соҳасидаги муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди
Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишнинг янгича ва халқаро стандартларга мос механизмларини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.
Мамлакатда камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Аҳоли бандлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ягона тизимини жорий этиш мақсадида “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди ва ушбу Қонунга мувофиқ аҳолини иш билан таъминлашга оид бир қатор масалалар, хусусан аҳоли бандлигини рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этиш учун субсидия, грант ва кредитлар ажратиш, ҳар йили иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмасини шакллантириш ҳамда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси ишлари йўлга қўйилди.
Шунингдек, мазкур Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр ичида кўпи билан 26 ҳафта давомида тўланиши белгиланди.
Мажбурий меҳнатга қарши курашнинг тезкор ҳамда марказлашган механизмини жорий этиш мақсадида, фуқаролар томонидан келиб тушадиган мурожаатларни тезкорлик билан рўйхатга олувчи Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “1176” рақамли ишонч телефони, www.dmi.mehnat.uz сайти, “mehnathuquqbot” телеграм мессенджери ташкил қилинди.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш мумкинки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мамлакатда барча соҳаларда юқори даражадаги ўсиш суръатларига эришилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак даражада эътироф этилиб, дунёдаги нуфузли нашрлардан бири – “Экономист” журналининг Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат – “Йил мамлакати” деб эътироф этиши ҳам фикримнинг ёрқин далилидир.
Музаффара АБДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг