Янгиликлар 1091
Аёлга эҳтиром
Юртимизда “Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади”,
деган эзгу қараш ҳаётимиз қоидасига айланиши учун
барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.
Ш.Мирзиёев.
Бугун “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан “Аёлга эҳтиром” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Гибрид шаклда (ҳам офлайн, ҳам онлайн) ташкил этилган мазкур тадбирда партия Сиёсий кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия Марказий аппарати ходимлари, ҳудудий Кенгашларнинг “Аёллар қаноти” Кенгаши раислари ва аъзолари, партиянинг фаол хотин-қизлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВлари ходимлари иштирок этди.
Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизлар фаол иштирок этиб, Ватан тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Мамлакатимизда хотин-қизларга оид давлат сиёсатининг ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётгани бу борадаги ислоҳотлар кўламининг янада кенгайтириб бораётганида яққол кўринмоқда. Буни Президентимизнинг “Оила ва хотин қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармон мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Жорий йилнинг 1 март куни давлатимиз раҳбари раислигида айнан хотин-қизлар манфаатларини кўзлаб ўтказилган видео селектор йиғилишида ҳар бир соҳада, ҳар бир туман, шаҳар, қишлоқларда истиқомат қилаётган аёлларга кенг имкониятлар ва имтиёзлар яратиб бериш вазифалари илгари сурилди.
Айниқса, олий таълим муассасаларида тахсил олаётган хотин-қизлар учун янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши, ҳар йили 50 нафар қизлар нуфузли хорижий олийгоҳларга бакалавр ва 10 нафари магистратурага юборилиши ҳамда ҳар бир вилоятда эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 150 нафар қизларнинг (жами 2,1 минг нафар) таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўлаб берилиши аниқ вазифа қилиб белгиланди. Бу давлат томонидан аёлларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг юксак намунасидир.
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўзининг сайловолди дастурида жамиятнинг ижтимоий–сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг фаоллиги ва ролини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, аёлларни пассив кузатувчи эмас, балки мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айлантириш, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида гендер тенг ҳуқуқлигига эришиш, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, муҳожирларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш асосий вазифалар қилиб белгиланган.
Бугун партия аъзолари 517 206 нафарни ташкил этаётган бўлса, шундан 235 899 нафарини (46%) хотин-қизлардир. Шунингдек, партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги аёл депутатлари сони 13 нафарни (59.1%), ҳудудий Кенгаш депутатнинг 35 нафари (35.3%), маҳаллий Кенгашлардаги 222 нафарини (30.2%) аёллар ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткичларга асосланиб айтиш мумкинки, мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ва давлат бошқаруви ҳамда сайланадиган вакиллик органларига хотин-қизларни кенг жалб қилиш борасида “Адолат” СДП фаоллари ташаббускор ва ўрнак бўлмоқдалар.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар жамиятда аёлларнинг тутган ўрнини ошириш борасида партия фаолларининг шу бугунги кунга қадар амалга оширган самарали ишларини аълоҳида эътироф этган ҳолда 8-март – Халқаро хотин қизлар байрами муносабати билан, партия сафида сидқидилдан меҳнат қилаётган фаол, ташаббускор хотин-қизлар ҳаёти ва меҳнат фаолиятига аълоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, маданий-маърифий байрам тадбирининг узвий давоми сифатида Абдулла Қодирий номидаги уй музейига махсус экскурсия уюштирилди.
Тадбир сўнгида партиянинг Марказий аппарати томонидан бир гурух адолатчи аёллар байрам совғалари билан мукофотланди.
“Адолат” СДП
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг