Аёлнинг зори ҳам бор, зўри ҳам бор

19.05.2021 15:05:30

Шарқда орият ҳаёт-мамот масаласи бўлиб келган. Чунки Шарқда аёллар кафтда тутгандек авайланган. Аёл ҳар бир отанинг, ака-уканинг, ўғилнинг, қўйинки, барча эркак қариндош-уруғ, маҳалла-кўйнинг ор-номуси, шаъни, нафсонияти мезони бўлган.

Юқорида келтирган иборалар чиройли сўзлар эмас. Улар менинг ҳаётим давомида кўрганларим, эшитганларим, гувоҳи бўлганларим.

Қизининг номуси учун ҳаётини тиккан оталарни кўрдим. Опа-синглисининг ори учун бутун авлодга қарши чиққан ака-укаларга ҳавас қилдим. Аёлининг шаъни учун наъра тортган эрларга тан бердим. Зеро, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам “Сизларнинг энг яхшингиз – аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир” деб марҳамат қилганлар.

Қизиқ. Хотинидан ажрашган ўғилга қараганда турмушидан қайтган қиз отанинг қаддини букиб қўяди. Бировнинг қизига зўравонлик қилган йигит эмас, зўрланган қиз шармисор бўлади. Қилғиликни қилган “йигитнинг гули” эртасига “қаҳрамонлигини” чойхонада достон қилади. Жабрдийда қизимиз шу кундан уйда “кўмилиб” ўтиришга мажбур бўлади... Энди уни тезроқ ё “тенги” бўлган хотини ўлган ёки қамалиб чиққан ёхуд бирон-бир касалманд ёши каттароқ “эрга беришади” ё бўлмаса узоқроқ қариндошникига бадарға бўлади.

Бир аҳмоқнинг калтабинлиги натижасида бир умр завол топди. Чунки у энди ҳеч ким эмас. У бир умрлик қулга айланади. “Айби” кунига юзига солинади.  Мазах қилинади. Камситилинади. Эрмак қилинади.  Охир-оқибат аёл ўз жонига қасд қилади. Бир умр савил кетди.

Ҳеч қачон ўзидан кучсиз рақиб билан кураш тушмаган мардларнинг авлоди қачон хотин кишига зўрлик қилиб хумордан чиқадиган махлуққа айланди?! Эркакларнинг кафти кичрайиб қолдими ёки белидан белбоғи тушиб қолдими?

Катта арава қайси йўлдан юрса, кичик арава ҳам ўша йўлдан боради. Сизнинг “собит” қадамларингиз ортидан эргашиб келаётган укаларингиз, ўғилларингиз, набираларингиз сизнинг “қаҳрамонлигингизни” такрорламаслигига кафолат бера оласизми? Агар бу “ҳалқа” узилмай давом этаверса, мамлакатимиз мажруҳлар маконига айланиб қолмайди?!

Давлатимиз раҳбари “Биз одатда жамиятимиз ҳаётига қарши қаратилган хавф-хатарлар ҳақида гапирганда, кўпинча четдан кирадиган таҳдидларни тушунамиз. Лекин эски замондан қолган айрим салбий ҳолатлар, афсуски, бугунги тинч ва ёруғ ҳаётмизга соя солиб турибди. Лоқайдлик, бир-бирини кўролмаслик, оилада эр-хотин, қайнона-келин, қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик, аёлларга беписанд қараш – бундай ярамас иллатлар бизга, бизнинг халқимизга мутлақо ярашмайди” деганида шу ҳолатларни назарда тутмаганмикан?!

Бир замонлар дарвозаларнинг икки ҳалқаси бўлган: бири катта, бири кичикроқ. Катта ҳалқа дарвозага урилганда меҳмоннинг эркак киши эканлиги англашилган. Кичигидан эса аёллар фойдаланишган. Ҳалқаларнинг қай бири чалинганига қараб, уй эгаларидан муносиби чиққан ва меҳмонни қаршилаган. Бугун қайси бир аёлга тажовузни эшитсам, ўқисам, шу икки ҳалқа ҳаёлимга келади. Чунки бугун ҳалқа тугул, дарвоза ҳам ўрнидан кўчиб кетганга ўхшайди...

Хитой мақолида “Аёллар осмоннинг ярмини тутиб туради” дейилган. Қолган ярми тўғрисида лом-мим дейилмаган. Эркак сўзининг олдига албатта ҳақиқий сўзини қўшадиган бўлганмиз. Балки ярим осмон шу ҳақиқийлари қўлидадир.

Атайин, ижтимоий тармоқларда “тутаётган” у ёки бу вилоятдаги зўравонлик ҳолатларига тўхталмадим. Чунки бу воқелик менинг ҳам маҳалламни четлаб ўтмаслигига кафолат йўқ. Зўравонларнинг қатъий ва ҳақиқий  жазоланишига ишонч йўқ. Демак, бу ҳолатга кўника бошлаймиз. Хотин-қизларни таҳқирлаш жамиятнинг “тараққиёти” мезонига айланиб қолиши ҳавфи ҳам йўқ эмас.

Токи зўравонларга максимал жазолар белгиланмас экан бу жараённи тўхтатиб бўлмайди. Ёмғирдан кейин потирлаб чиқадиган қўзиқоринлар каби у ёки бу жойда содир этилаётган аёлларга нисбатан тажовузни турли кўринишларини эшитаверамиз.

Азал-азалдан халқ томонидан улар сазойи қилинган, юзига қора суртилган, маҳалладан қувғин қилинган, қўл бериб кўришиш ор саналган, эшакка тескари ўтказилиб, кўча бўйлаб шарманда қилинган. Жамият улардан юз ўгирган. Бошқаларга сабоқ бўлиши учун. Миллат палагини тоза тутиш учун. Авлод давомчиси бўлмиш хотин-қизлар номусини машъала мисол ёритиш учун.

Аёл киши – Туроннинг қўнғироғи. Агар у бонг ура бошласа унча-мунча эркакка “сичқоннинг ини минг танга” бўлади-қўяди. Зеро, аёлнинг зори ҳам бор, зўри ҳам бор.

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+