Байроғимда Ватан ҳисси бор

18.11.2021 14:11:31

Бугун Ўзбекистон тарихида алоҳида зарҳал ҳарфлар билан битилган кунлардан биридир. Бундан 30 йил илгари Мустақил Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган.

Жаҳон тарихидан маълумки, қадимдан бизнинг халқимиз турли байроқлар остида бирлашиб яшаб келган. Албатта, бу байроқлар маълум бир ҳудуд, маълум бир мафкура, маълум бир мансубликни ифодалаган.

Албатта, уларнинг кўпи куч, қудрат тимсоли бўлган. Миллий давлатчилигимизни, тарихимизни яратишда унга асос бўлган даврлар, ҳукмронлар даври байроқларига ҳам чексиз ҳурматимиз бор.

Дунёда Ўзбекистон давлати пайдо бўлиб, Мустақилликка эришганимиздан кейин қабул қилган давлат рамзимиз – байроғимиз мен учун ҳурлик тимсоли, эркинлик тимсоли. Балки Ватанда яшаб туриб ҳар куни ҳилпираган байроқни кўриб туриш одатийлик, кўникиш ҳиссини берар, балки уни англамасмиз.

Аҳамият берган бўлсангиз, айниқса, кейинги йилларда ёшлар ўртасида байроғимизга нисбатан меҳр, ғурур ҳиссининг ортиб бораётганини кўрамиз. Шоҳсупага чиққан, жаҳон чемпионлигини қўлга киритган спортчимизнинг байроғимиз кўтарилган пайтдаги кўзларига боққанмисиз? Унинг кўз ёшларига Ватан меҳри жо бўлганини ҳис этганмисиз?

Ўйлашимча, чет давлатларга чиққан спортчиларимиз, меҳнат қилгани кетган юртдошларимиз биздан кўра буни чуқурроқ ҳис этадилар. Турли давлатларда вазият тақозоси билан яшаётган юртдошларимиз ҳам байроғимизни ғурур билан, фахр билан кўтариб Ўзбекистон Мустақиллик байрамини нишонлаганларини кўрмоқдамиз.

Юртдошларимиз, ватандошларимиз байроғимизни эъзозлаб нафақат иш жойларига, ҳатто уйларига ҳам қўйиб қўйганларини кўп кўрамиз. Байроғимизнинг кичик нусхасини автомашиналарига ўрнатиб олганларини кўрамиз. Менинг депутатлик нишоним ҳам байроқ рамзидир.

Ватанпарварлик ҳақида қуруқ сўзларни кўп айтиш мумкин. Лекин уни ҳис этиш бошқа нарса. Бир ёш шоиранинг шеърларини ўқигандим. Ундаги бир деталь диққатимни тортган. Муаллиф Ватан ҳақида ёзиб, қанийди ҳеч бўлмаса, шабадада ҳилпираган бир байроғинг эпкини бўлсам деган мазмунда ёзади. Ватан тараққиётига хизмат қилсам, ҳеч йўқ байроқ ҳилпирашидан эсган эпкин каби одамларга нафим тегса деган қизимиз каби ёшларимиз кўп. Мана шу ҳисни агар ҳар биримиз дилдан ўтказа олсак, кўп ишларни амалга оширсак бўлади.

Азиз юртдошим! Мустақил Ўзбекистон давлатининг рамзи – миллий байроғи, туркийчасига айтганда, бир санжоққа тўпланган кунимиз муборак бўлсин!

Гулбаҳор Саидғаниева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+