Янгиликлар 1821
Бош мақсад — тинчлик ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси
Жорий йилнинг 6 ноябрь куни янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимда илгари сурилган ташаббуслар юртимизни янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Маълумки, ўтган давр мобайнида, Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниб, ушбу ҳужжат асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Олиб борилган ислоҳотларнинг замирида қомусимизда кўрсатилгандек, халқ иродаси, халқнинг манфаатлари акс этди. Давлат идоралари ходимлари барчаси халқ ичига кириб, уларнинг муаммоларини ўзлари эшита бошлади. Барча ислоҳотлар инсон хуқуқларини амалга ошириш йўлида олиб борилди. Президентимиз, бундан буён ҳам “Инсон қадри учун”деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш фаолиятимизнинг бош мезони бўлиб қолишини таъкидладилар.
Инсон қадри бу — ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал хуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутилишини айтиб, шунингдек бу ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунишни бўйича алоҳида таъриф бериб ўтди.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси етти йўналишда белгиланганлиги ҳам алоҳида рамзий маънога эга.
Ҳар бир йўналиш ўзига инсон яхши яшаши учун, бу ҳаётда ўзини тўлақонли инсон деб ҳис этиши учун шароитлар яратиб бериш имконига эга бўлган мақсадларни қамраб олган.
Ҳар қандай ислоҳотларни олиб бориш учун замонавий илм, тарбия энг муҳим заруратдир. Ёшларнинг тақдири уларга таълим тарбия бераётган муаллим, мураббийларга чамбарчас боғлиқдир. Шу маънода, ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш алоҳида муҳим аҳамият касб этади. Олий тоифали ўқитувчиларнинг маошларини 2025 йилга бориб,
1 минг долларга етказиш чоралари туфайли, юртимизда таълим сифати юксак даражага етиши шубхасиздир.
Мактабгача таълим тизимини мактаб таълими билан уйғунлаштириш, ҳудудларда янги мактабгача таълим муассасалари қуриш ҳар бир оила фарзандини боғчага қамраб олишни таъминлайди.
Янги мактаблар қуриш, мавжудларининг моддий техник базасини мустаҳкамлашга, соҳанинг барча босқичлари ўртасида узвийликни таъминлашга қаратилган Миллий таълим дастурини ишлаб чиқиш эса фарзандларимизнинг таълим даражасини халқаро стандартларга мос бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
Аҳоли саломатлиги йўлида касалликни барвақт аниқлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, бирламчи бўғин фаолиятини ошириш орқали, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш чоралари кўрилади. Айниқса, бизнинг “Адолат” СДП сайловолди дастурларида кўрсатилган давлат тиббий суғурта тизимини ишга тушириш орқали, ҳар бир ажратилаётган маблағ аниқ беморга боғланган ҳолда бўлиши, тиббиёт тизимидаги шу кундаги коррупцион ҳолатларига барҳам беради.
Дастурдаги кекса авлод вакилларига алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни эъзозлашга қаратилган мақсадлар халқимизнинг азалий қадриятлари билан муштаракдир.
Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг кафолатли иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш учун уларга квоталар ажратиш билан боғлиқ масалалар юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритиш орқали, алоҳида эътиборга муҳтож бундай фуқароларнинг бандлиги таъминланиб, уларнинг бу хаётда яшашлари учун мақсадлари ортади.
Умуман, бу дастурда алоҳида эътиборга молик бўлган кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар билан биргаликда, меҳрибонлик уйларида ўсаётган ёш авлодга ғамхўрлик чоралари ҳам ўз аксини топган. Уларни уй жой билан таъминлаш, таълим олишларига оид ижтимоий сиёсат изчил даъвом этади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аёллар доимий эътибор марказида бўлиб келмоқдалар. Хотин-қизларимизнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида алоҳида Миллий дастур қабул қилиниши режалаштирилганлиги барча аёлларни бирдек қувонтирди.
Умуман олганда, тараққиёт стратегиясида инсон омили ривожланиши учун муҳим бўлган ўта муҳим вазифаларнинг белгиланиши келажакда ўзбек ҳалқининг турмуш даражаси ошишига, аҳолининг дунёқараши, салоҳияти ўзгаришига, келажакда яна Берунийлар, Форобийлар, Хоразмийлар каби алломаларнинг етишиб чиқишига хизмат қилади.
Олтиной МАМИРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг