Бошланган маъмурий ислоҳотлар изчил давом эттирилади

01.12.2021 12:12:34

Демократик ислоҳотлар ривожаланган, давлат бошқарувида жамият ва фуқаролар фаоллиги юқори бўлган давлатлар тажрибасидан маълумки, амалга оширилган ислоҳотларнинг энг устувори бу — бошқарув соҳасидаги маъмурий ислоҳотларнинг ўтказилишидир.

Шу боисдан, ҳам бундан беш йил олдин давлат ва жамият бошқарувида янги бир даврга қадам қўйган Ўзбекистонда ҳам Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш, улар фаолияти самарадорлигини ошириш, давлат томонидан тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини жорий этиш, давлат органларида соҳага оид бўлмаган вазифаларни қисқартириш, улар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, 2017 йилда Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилиниб, унга кўра, давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг 6 та устувор йўналиши белгиланди ва махсус “Йўл харитаси” асосида 100 дан ортиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш белгиланди.

Шунингдек, Ҳаракатлар стратегияси доирасида Давлат бошқарувида кадрларни тайёрлаш ва қабул қилишни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида, 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил қилинди. Натижада, ўтган вақт давомида Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz орқали очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш тизими йўлга қўйилди.

Аммо, ўтган вақт давомида тўпланган тажриба ва ютуқлар маъмурий ислоҳотларни изчил давом эттириш йўлида ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишни, Янги Ўзбекистон шароитида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти тизимининг самарадорлигини ошириб, улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашни ва “мобиль бошқарув аппарати”ни яратишни талаб этмоқда. Шу боисдан, яқинда қабул қилинган “2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши билан бошланган ислоҳотларни мутлақо янги босқичга олиб чиқишнинг бир қатор аниқ механизмлари белгилаб берилмоқда.

Хусусан, эндиликда вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, агентликлар, инспекциялар, марказлар ва бошқа давлат бошқаруви органларининг давлат сиёсатини амалга ошириш, назорат функцияларини бажариш, жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги функциялари аниқ белгилаб берилиб, вазирлик ва идоралар фаолиятида аниқ кўрсаткичлар ва мақсадли индикаторларга эришиш тизимини жорий қилинади.

Энг муҳими ушбу фармойиш орқали давлат бошқаруви асослари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг замон талабларига мос равишда пухта ишлаб чиқиш борасида ҳам бир қатор вазифалар белгиланмоқда. Бу эса, ўз навбатида биз парламент вакилларидан кучли билим ва тажрибани талаб этади. Боиси, маъмурий ислоҳотларнинг ҳар бир босқичида натижадорликка эришиш энг аввало, пухта ва бугунги замон талабларига жавоб берадиган, амлиётда тўлақонли натижадорликка олиб келадиган қонунчилик базаси ва ҳуқуқий нормаларни талаб этади.

Шунингдек, замонавий бошқарув меҳанизмларини ишлаб чиқишда, нафақат тор доирадаги вазирлик ва идоралар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар, шу билан бирга, илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар мутахассислари, маҳаллий ҳамда хорижий эксперт ва маслаҳатчилар жалб қилиниб улар томонидан билдирилган фикрлар ҳам таҳлил этилади.

Ушбу жараёнларга, журналист ва блогерлар жалб қилиниб, тайёрланаётган таклифлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилиб, белгиланган вазифалар бўйича сўровномалар ташкил этилади.

Галдаги вазифа эса, биз халқ вакилларидан мазкур йўналишда бошланган ислоҳотларнинг ҳар бири ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилишда фаоллик кўрсатиб, таъсирчан парламент назоратини олиб боришдан иборатдир. Сабаби, қабул қилинган ҳужжатлар ижроси ўз вақтида ва самарали таъминланмас экан, нафақат мазкур соҳада, балки бошқа соҳаларда ҳам амалга оширилиши белгиланган ислоҳотлар якунига етмай, ўз самарасини бермасдан қолаверади.

Мавлуда АТХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+