Бюджет маблағлари ислоҳотлар натижадорлигига хизмат қилиши керак

23.08.2021 20:08:15

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Президентимизнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқотидаги маърузасидан келиб чиқиб партия олдида турган устувор вазифалар муҳокамалар марказида бўлди.

Йиғилишда ҳудудларда Президентимиз томонидан кўтарилган долзарб ташаббусларнинг амалиётда аксини топиш масаласида депутатлар иштирокини кучайтириш лозимлиги қайд этилди. Хусусан, солиқ тизимини такомиллаштириш, тадбиркорлик учун ер ажратиш масаласи, бизнес учун зарур бўлган инфратузилма муаммолари, экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнесни экспорт фаолиятига кенг жалб этиш борасида ҳам бошлаган ислоҳотларни қатъий давом эттиришда ташаббуслар кўрсатиш ва кўмаклашиш зарурлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, маҳсулотларимиз рақобатбардош бўлиши, янги бозорларга чиқиши, умуман, ҳудудлараро савдо ва кооперация алоқаларини боғлашда транспорт-логистика масалаларида ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш, айниқса, тадбиркорлик фаолиятига аралашувларни қисқартириш, соҳадаги тартиб-таомилларни соддалаштириш, хусусий мулк даҳлсизлиги борасида кафолатланган тизим яратиш лозимлиги айтилди.

Ушбу вазифаларни бажаришда депутатлар тадбиркорлар билан ишончли ҳамкорга айланиши, уларнинг муаммоларини ҳал этиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашда жонбозлик кўрсатиши, зарур ҳолларда ҳуқуқий хужжатларни такомиллаштириш ҳақида келишиб олинди.

Фракция йиғилишида шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди.

Халқ вакиллари давлат бюджетининг ҳисобот давридаги ҳаражатлари ижтимоий йўналтирилганлиги бугунги пандемия шароитида тўлақонли ижобий натижа берганини қайд этишди. Давлат бюджети ижросини аввало халқ манфаатларидан келиб чиқиб таҳлил этиш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишга эътибор қаратилди.

Хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўйича ҳисоботни таҳлил қилганда ўтган ҳисобот даврида соҳада бир қанча амалий ишлар амалга оширилганига қарамай, жорий харажатлар 94 фоизга, бунда объектларни қўриш ва жиҳозлаш, капитал қуйилмалар ҳаражатлари 90 фоизга бажарилган ва натижада 87, 4 млрд.сўм ўзлаштирилмаган.

Шунингдек, ярим йиллик давомида 5,2 млрд.сўм молиявий хатоликлар аниқланган. Депутатлар вазирлик томонидан нима сабабдан харажатлар ўз вақтида ўзлаштирилмай қолгани ва молиявий хатоликлар бўйича вазирликдан изоҳ сўрашди. Бу тизимдаги камчиликлардан дея баҳоланди.

Йиғилишда бюджет маблағларини тақсимлашда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаларининг иштирок этмаслиги маблағларнинг ҳудудлар географик жойлашуви, аҳолининг касалланиш кўрсаткичлари ва шу кабилар ҳисобга олинмасдан, номутаносиб тақсимланишига сабаб бўлаётгани айтиб ўтилди.

Аксарият туман тиббиёт бирлашмалари, айрим вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаларининг мутасаддилари қайси ҳудудга қачон, қандай тиббий жиҳоз ва аппаратлар марказлашган ҳолда етказиб берилишидан хабардор эмаслиги танқид қилинди. Мазкур ҳолат, ўз навбатида, марказлашган ҳолда келтирилган тиббий жиҳоз ва аппаратлар учун зарур бўладиган штатлар, сарфлов материаллари учун етарли маблағлар ўз вақтида ажратилмаслигига,улардан маълум бир муддат фойдаланилмаслик ҳолатларига шароит яратади.

Масалан, Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган текширувлар “Саломатлик -3” лойиҳаси доирасида олиб келинган айрим тиббий жиҳозлар ва аппаратлардан турли сабабларга кўра фойдаланмаслик ҳолатлари мавжудлиги аниқланган. Демак, мутасаддилар бу борада мазкур йўналишда тизимли чора-тадбирларни белгилаши зарур. Депутатлар ушбу соҳада асосий эътиборни чекка ҳудудларга қаратиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш орқали аҳоли саломатлигини мухофаза қилиш лозимлигини билдирди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи маъқулланди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+