Янгиликлар 2237
Давлат бюджетини кўриб чиқиш мезонларини такомиллаштириш зарур
Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи ярим йиллиги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи куни кеча бўлиб ўтган “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида атрофлича кўриб чиқилди.
Йиғилишда ўтган даврда бугунги мураккаб пандемия шароитига қарамасдан иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатлари таъминланганлиги алоҳида эътироф этилди. Давлат бюджети даромадлари 74,9 трлн сўмни ташкил этиб, 107,8 фоизга ёки 5,4 трлн сўмга ошириб бажарилди. Бюджет даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,7 трлн сўмга кўп бўлганлиги ижобий ҳолат сифатида баҳоланди.
Фракция депутатлари томонидан вазирлик ва идоралар томонидан аҳолининг турмуш шарт-шароитларини яхшилашга қаратилган тизимли ислоҳотлар олиб борилганлиги, хусусан, камбағалликка қарши кураш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги, ҳудудларни комплекс ривожлантиришга, ижтимоий соҳаларнининг бир маромда ишлашини таъминлашга эришилганлиги, айниқса, давлат бюджети ҳаражатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги бугунги пандемия шароитида тўлақонли ижобий натижа берганлиги алоҳида қайд этилди.
Шу билан бирга, депутатлар Давлат бюджети ижросини таъминлашда баъзи камчиликларга йўл қўйилаётганини таъкидлаб, уларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратдилар.
Хусусан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида маблағларни тақсимлашда жамоатчилик фикрини тўлиқ ўрганиш лозимлиги таъкидланди. Ушбу дастурга киритилган қишлоқ ёки маҳаллаларда айрим йўллар асфалть, айримлари эса шағал билан таъмирланиши белгиланган бўлиб, уларни асфальт ёки тош йўлларга ажратишнинг аниқ мезонларини белгилаш тавсия қилинди. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда ўтган йиллар давомида бюджетдан ажратилган маблағлар асосида сотиб олинган баъзи жиҳозлар ва асбоб-ускуналар ишламаётганлиги танқид остига олинди. Масалан, қатор қишлоқларда ва маҳалларда ўрнатилган кўча ёритиш чироқлари бугунги кунда ишламаётган бўлиб, бунинг сабаби кўча ёритгичлари бирор бир идоранинг балансида турмаслиги, уларни сақлаб туриш ҳаражатлари ва электр токи учун маблағлар ажратилмаслигидир. Шунга ўхшаш ҳолатларни бошқа соҳаларда ҳам кузатиш мумкин.
Фракция йиғилишида Халқ таълими вазирлигида 65,2 млрд.сўм, Соғлиsни сақлаш вазирлигида 41,7 млрд.сўм, Мактабгача таълим вазирлиги 59,2 млрд. сўм, Автомобиль йўллари қўмитаси 59,3 млрд.сўм, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги 24,1 млрд.сўм, ва Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари 55,8 млрд. сўм камомад ва хато камчиликлар аниқлангани, Республика бўйича
1-ярим йилликда жами 372,7 млрд.сўмлик маблағлар ноқонуний сарфланишига йўл қўйилгани ҳам депутатлар томонидан кескин танқид қилинди. Депутатлар бу камчиликларни бартараф қилиш бўйича ўз таклифларини бердилар.
Афсуски, бу каби камчиликлар бюджет ижроси билан боғлиқ ҳисоботларда бундай камомадлар ҳар йиили тилга олинмоқда. 2021 йилининг ярим йилллигида 372,7 млрд.сўмлик маблағлар ноқонуний сарфланган ва бу рақам фақат молиявий назорат тадбирлари давомида аниқланган камчиликлар, холос. Аниқланмаган камчиликлар бундан ҳам кўп бўлиши табиийдир. Биз бундай ҳолатларга чек қўйиш керак, деган фикрдамиз. Мутасадди раҳбарлардан ушбу камчиликларни бартараф этиш ва молиявий интизомни мустаҳкамлашнинг тизимли чораларини кўришни, хусусан, молиявий очиқликни таъминлашнинг электрон дастурларини кенгроқ жорий қилиш орқали тизимни янада такомиллаштиришни сўраймиз.
Фракциямиз йиғилишида яна бир масалага кенг эътибор қаратилдики, у ҳам бўлса, давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижросини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш шакли ва форматини такомиллаштириш билан боғлиқдир. Биз бундан кейин Қонунчилик палатасида давлат бюджети ижросини кўриб чиқишда фақатгина умумий характердаги маълумотлар билан чекланиб қолмасдан, тасдиқланган режа ва дастурларнинг ҳудудлар кесимидаги ижросига кенг эътибор қаратиш лозим деб ҳисоблаймиз. Масалан, биргина соғлиқни сақлаш соҳасида 20 дан ортиқ дастурлар қабул қилинган. Ушбу дастурлар ҳудудларда аниқ бажариляптими ёки йўқми, бажарилаётган бўлса қанчалик сифатли бажарилмоқда, каби саволларни ўртага қўйган ҳолда ва энг муҳими, масалани олдиндан чуқур ўрганган ҳолда муҳокама қилиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Шу йўл билан давлат бюджетининг юқори даражада натижадорлигига эришиш мумкин.
Қодир ЖЎРАЕВ,
“Адолат” СДП фракцияси
раҳбари ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг