Янгиликлар 2723
Давлат дастури: таълим тизимида қандай янги механизмлар жорий қилинади?
2021 йил учун қабул қилинган Давлат дастурида, аввало талаба ёшларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилган. Дастурда шу соҳада кўзда тутилган айрим бандларга диққат қаратадиган бўлсак, кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар талабага Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти ажратилиши ёшлар сиёсатида жуда адолатли қарордир. Аввалги тизимда Президент стипендиясини талаба бир йил давомида охирги курсда олган бўлса, эндиликда талаба бутун ўқиш даврида ушбу Президент грантига эга бўлади. Ҳаётий тажриба шуни кўрсатдики, бу имконият билан стипендия олиш учун коррупцион ҳолатлар пайдо бўлишининг олди олинади. Буни жорий қилиш учун очиқ маълумотларни назарда тутувчи ягона электрон реестрнинг шакллантирилиши эса шаффофликни ва адолатни таъминлашда хизмат қилади.
Давлат грантларининг 25 фоизга оширилиши ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун 2 баравар грант ажратилиши ҳам ёшларнинг олий маълумотли бўлиши, мамлакат ёшларининг келажаги, илм-фан келажаги учун қўйилган катта қадамдир.
Иккинчи эътиборли бир жиҳат шуки, Дастурда ОТМларида икки ва ундан ортиқ фарзанди таълим олаётган оилаларга таълим кредитини талаба ўқишни тугатгандан сўнг қайтариш имконияти берилмоқда.
Давлат дастурида академик таътил масаласида ҳам енгилликлар берилаётганлигини айтиб ўтмоқчиман. Академик таътил даврини эндиликда талаба ихтиёрига кўра сиртқи ёки масофавий таълим турига алмаштириб, мустақил таълимни давом эттириш имкониятига эга бўлади. Яъни унинг таълим олишида узилиш бўлмайди. Аҳамиятлиси, академик таътилдан қайтган талабаларга илгари ўзлаштирган фанларидан қайта ўқитиш амалиёти бекор қилинмоқда.
Олий таълимдан кейинги таълимни давом эттирувчилар учун ҳам Дастурда яхши янгиликлар акс этган. Яъни, илмий унвон ва илмий даражаларни бериш ваколати 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб босқичма-босқич олий таълим муассасаларининг илмий кенгашларига ўтказилади. Бу эса хорижий амалиётга ҳам тўлиқ мос келади. Шунингдек, изланувчилар олдига сунъий тўсиқлар қўйилишининг олдини олиш, мамлакат илмий салоҳиятини оширишнинг муҳим омилидир.
Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашда биз – халқ вакиллари ҳам тизимли шиларни олиб борамиз.
Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг