Давлат фуқаролик хизматчисининг мақоми белгиланмоқда

15.03.2022 09:03:35

Ҳар қандай давлат ва жамиятдаги ривожланишларнинг асосида шу давр ва маконда меҳнат фаолиятини юритаётган, ислоҳотларни амалга ошираётган мутахассис, кадрларнинг салоҳияти муҳим аҳамият касб этади. Улуғ мақсад, эзгу марралар илгари сурилган ислоҳотларнинг ижросини салоҳиятли, ўз соҳаси бўйича билим ва кўникмага эга, профессионал, янгича фикрлайдиган, ташаббускор кадрларсиз амалга ошириб бўлмайди.

Сўнгги беш йил давомида юртимизда давлат фуқаролик хизматининг ҳуқуқий асосини ишлаб чиқиш ва уни ривожлантиришга масъул органни ташкил этиш юзасидан пухта ўйланган, чуқур таҳлил ва ўрганишларни ўзида акс этган ишлар олиб борилди. Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Мазкур агентликка давлат фуқаролик хизмати трансформациясининг ғоявий платформасини, уни ривожлантириш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, давлат фуқаролик хизмати соҳасида ягона сиёсатнинг амалга оширилишини таъминлаш, очиқлик, профессионаллик ва ҳисобдорлик тамойилларига асосланган ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришнинг инновацион усулларини жорий этиш вазифалари юклатилди.

Ҳар қандай давлатни бошқарув аппаратисиз тасаввур этиб бўлмайди. Давлат бошқаруви аппарати эса, давлат фуқаролик хизмати тизимига муҳтож бўлади. Шу сабабли давлат бошқаруви аппаратида олиб бориладиган ислоҳотлар, биринчи навбатда, давлат фуқаролик хизматининг тўғри ташкил этилиши ва самарали амалга оширилишини талаб этади. Ҳуқуқий мустаҳкамланган, шаффоф ва замон талабига мос равишда ташкил этилган давлат фуқаролик хизмати мамлакат аҳолисида унга нисбатан ижобий тасаввурларни шакллантиради. Давлат номидан фаолият олиб бораётган хизматчига қараб давлатга ёки давлат бошқаруви аппаратига баҳо берилади. Шу сабабли, ҳар бир мамлакатда давлат фуқаролик хизматининг қандай шакллангани, яъни ташкилий-ҳуқуқий асослари жуда муҳим аҳамиятга эгадир.

Шу боис, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, давлат хизматчиларининг касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини объектив ҳамда адолатли танлов асосида хизмат поғоналари бўйича кўтарилиш кафолатларини ўрнатиш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Дастлаб, ушбу ҳужжат regulation.gov.uz муҳокамалар порталига жойлаштирилди. Қонун лойиҳаси порталда 11 922 маротаба ўқилиб, фуқаролар томонидан 219 та таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Шундан сўнг қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди. Мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан 2021 йил 28 декабрь куни биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан, 2022 йил 2 март куни эса иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди.

Қонунчилик палатасининг барча фракцияларида қизғин муҳокамалардан ўтган қонун лойиҳасида давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини амалга оширишнинг асосий тамойиллари, давлат фуқаролик хизматчилари таркибини шакллантириш, танлов ўтказиш, фаолиятини мониторинг қилиш, хизматдан бўшатиш масалалари, давлат фуқаролик хизматчиларининг ижтимоий ва пенсия таъминотини ҳисобга олган ҳолда, ҳалол ва фидокорона хизматни моддий ва номоддий шаклда рағбатлантириш механизмлари, шунингдек, хизмат этикаси ва коррупцияга қарши кураш масалалари тартибга солинмоқда.

Ўрни келганда таъкидлаш керакки, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида кўплаб хорижий мамлакатларнинг тажрибалари ўрганилди. Хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Россия Федерацияси, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон Республикалари, Германия Федератив Республикаси, Япония ва яна бир қатор давлатларнинг норматив ҳужжатлари пухта таҳлил қилинди.

Қонун лойиҳаси билан давлат фуқаролик хизматида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ягона мезонлар белгиланиши, мазкур соҳада хизматчиларнинг коррупцияга муросасиз муносабатини шакллантириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган самарали превентив чоралар жорий этилишига олиб келади.

Давлат органларида ходимларга хизматни ўташ билан боғлиқ чекловлар мажмуи ҳам белгиланмоқда. Унга кўра, давлат фуқаролик хизматчиларининг хорижда мулк эгаси бўлиши, чет эл банкларида омонатлар очиши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши, совғалар олиши, чет эл фуқаролигини олиши, сиёсий партияларга аъзо бўлиши таъқиқланмоқда. Агар белгиланган чекловларга риоя этилмаган тақдирда давлат фуқаролик хизматчиси нафақат ишдан кетиши, балки жиноий жавобгарликка тортилишига асос бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, улар билан доимий ишлаш, малакасини ошириб бориш, малакали ва масъулиятли мутахассислар захирасини шакллантириш масалалари ҳар қандай давлат олдида турган устувор вазифалардан ҳисобланади. “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни эса бу борадаги ишларнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилиш билан бирга, давлат фуқаролик хизмати ва инсон ресурсларини ривожлантириш борасидаги ишларда йўл кўрсатувчи маёқ бўлиб хизмат қилишига ишончимиз комил.

 

Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар

ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш

органлари қўмитаси раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+