Депутат ва сенаторлар Хоразмда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ўрганмоқда

07.06.2021 10:06:32

Айни кунларда Олий Мажлис Сенати ҳамда Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари халқимизнинг ҳаётий талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Хоразм вилоятида амалга оширилаётган тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар ижроси юзасидан ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Ўрганиш жараёнида ишчи гуруҳ томонидан вилоятда “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси доирасида тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, касалликларни эрта аниқлаш, тўғри ташхислаш ва даволаш услубларини ўзгартириб, бу борада янгича тизим ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар ўрганилди.

Хусусан, халқ вакиллари томонидан жорий этилган янги тизимлар бўйича тиббий харита шакллантирилгани, аҳолининг хавф гуруҳларига бўлинганлик ҳолати, маҳаллалар кесимида тиббиёт бригадалари шакллантирилиб, аҳоли билан манзилли ишлай бошланганлиги ҳамда тиббиёт муассасаларида аҳолига қайси хизматлар бепул кўрсатилаётганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, вилоятининг Урганч шаҳри, Янгиариқ, Хонқа ва Хива туманларидаги тиббиёт бирлашмалари ҳамда оилавий поликлиникаларга ташриф буюрилиб, бирламчи тиббиёт муассасаларининг кадрлар билан таъминланганлиги, уларнинг малакасини ошириш ҳамда тоифаланиш даражаси кўрсаткичлари, бирламчи тиббиёт муассасаларининг моддий-техник ҳолати, муассасаларда аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида рақамлаштириш тизимининг йўлга қўйилганлиги ҳамда ортиқча қоғозбозликни камайтириш мақсадида “тиббиёт бригадалари” махсус компьютер-планшетлари, мобил тиббиёт-диагностика воситалари билан таъминланиш ҳолатлари таҳлил қилинди.

Муассасалар фаолияти билан танишув жараёнида олис ҳудудлардаги фуқароларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш, оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар шифокорлари учун “Қишлоқ шифокори” дастурининг жорий қилиниши каби қатор масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, Янгиариқ туман тиббиёт бирашмаси, кўп тармоқли марказий поликлиника, тумандаги 60-оилавий поликлиника ҳамда Хонқа туман тиббиёт бирлашмасидаги мавжуд 365 та койкалар сони, 380 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника, хар бири 100 қатновга мўлжалланган 6 та оилавий поликлиника ва 2 та қишлоқ врачлик пункти, 30 ўринлик шошилинч тез ёрдам бўлими, 85 ўринлик туғуруқ бўлими ҳамда ошхона, кирхона ва хўжалик бўлимлари фаолияти ўрганилганда ижобий ва салбий натижалар қайд этилди.

Хусусан, ижобий ҳолат сифатида профилактика муассасалари доимий равишда “Саломатлик-2” ва “Саломатлик-3” дастурлари бўйича замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан янгиланиб, 2020 йилда  туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 6 та оилавий поликлиникалар замонавий ультратовуш ва стоматологик жихозларни ўрнатиш учун тиббий хоналар шай қилиб қўйилганлиги қайд этилди. Аммо туман тиббиёт бирлашмаси бирламчи тиббий хизмат муассасаларида тиббий бригадаларга 90 донадан планшет, тонометр, пульсоксиметр, бўй ўлчагич, ЭКГ, глюкометрга эхтиёж мавжуд.

Шу билан бирга депутат ва сенаторлар тумандаги мавжуд 50 та умумтаълим мактабларида болалар саломатлигини узлуксиз таъминлаш учун ажратилган тиббиёт ходимлари фаолиятини ҳам ўрганишди. Бугунги кунда тумандаги 50 та умумтаълим мактабларида 27 штат бирлиги мактаб ҳамширалари ставкаларида 42 нафар ҳамшира фаолият олиб бормоқда. 9 та умумтаълим мактабида мактаб ҳамшираси штат бирликлари ажратилмасдан ҳудудий оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пункти шифокорлари ва ҳамширалари томонидан тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Бундан ташқари, Ишчи гуруҳи “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси, вилоятда қон донорлигининг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар ҳамда соҳани ривожлантириш юзасидан бажарилиши лозим бўлган вазифаларни ҳам таҳлил қилишди.

Вилоят Қон қуйиш маркази шифокор ва ходимлари билан ўтказилган суҳбатлар жараёнида гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижроси,  донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва ишлатиш ҳолати, қон билан ишлаш хизматининг қай даражада йўлга қўйилганлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги ваколатларини бажариш ҳолати, беғараз донорликни тарғиб қилиш бўйича фаоллар (волонтёрлар) ҳаракати ташкил этилганлиги каби масалалар муҳокама қилинди.

Ҳозирда ишчи гуруҳи томонидан вилоятнинг қолган туман ва шаҳарларидаги аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва тиббиёт муассасаларининг моддий техник базасининг бугунги мавжуд ҳолатини ўрганиш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+