Янгиликлар 1738
Депутатлар аҳоли мурожаатларини назоратга олиш билан чекланиб қолмайди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқидан келиб чиқадиган фракция олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, бугун халқимиз мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга хайрихоҳлик ва қатъий ишонч билан қарамоқда. Бунда ҳар бир фуқароларимиз ислоҳотларнинг ҳосили ва самарасини тезроқ кўриш ва унда иштирок этишни истамоқда. Ана шу ҳақли талабни инобатга олган ҳолда, Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилиб, сайлов жараёнида у ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказилди.
Ушбу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди.
Йиғилишда депутатлар юқоридагилардан келиб чиқиб бундан буён, сайловчилар билан учрашувларда аҳоли томонидан келиб тушадиган мурожаатларни назоратга олиш билан чекланиб қолмай, балки маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда мурожаатларни тизимли равишда ҳал қилиш чораларини кўриши қайд этилди.
Яна бир муҳим вазифа – айни вақтда одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш, адвокатура институтини кучайтириш, ушбу соҳалар фаолиятини рақамлаштириш бўйича кўпгина вазифалар ўз ижросини кутмоқда.
Келгусида депутатларнинг маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширишда фаол иштирок этиши албатта, жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг ушбу дастуриламал маърузасидан келиб чиқиб “Адолат” СДП олдида турган вазифалар белгилаб олинди.
Фикрингизни қолдиринг