Депутатларнинг эътирозига нима сабаб бўлди?

27.01.2021 18:01:37

Жорий йилнинг 26 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Вазирлар Маҳкамасининг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури ижроси ҳақидаги ҳисоботи атрофлича муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, 2020 йилги Давлат дастури 284 та банддан иборат бўлиб, унинг 163 та бандида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, жумладан, 37 та қонун, 126 та Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, 121 та чора-тадбирлар дастурлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Давлат дастури ижроси доирасида умумий қиймати 18,2 трлн сўм ва 10,3 млрд АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган эди.

Бугунги кун ҳолатига кўра, Давлат дастурининг 206 та банди тўлиқ бажарилган, 20 та банднинг муддати белгиланган тартибда узайтирилган, 58 та банднинг ижроси юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси (45 та) ва Олий Мажлис палаталарида (13 та) кўриб чиқилмоқда.

Ҳисобот даврида Давлат дастури доирасида жами 170 та, шундан давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича – 20 та, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишида – 13 та, иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишда – 63 та, ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишида – 53 та, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишида 21 та ҳужжатлар қабул қилинди.

Фракция аъзолари томонидан 2020 йил бутун дунё ҳамжамияти учун пандемия сабаб синовли йил бўлишига қарамасдан давлат дастурининг халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга жамиятда ислоҳотларнинг ўз вақтида амалга оширилишига оид бандларининг ўз вақтида бажарилиши ижобий ҳолат сифатида баҳоланди. Жумладан, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш йўналишида идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш, кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари сифатини ошириш ва рўйхатини кенгайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан бевосита алоқасиз ўзаро муносабатларни амалга ошириш шакллари жорий қилинди. Бу эса бугунги пандемия шароитида фуқароларимизга кўплаб қулайликларни яратиб берди.

Шунингдек, Давлат дастурининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш мақсадига қаратилган яна бир банди тўлиқ амалиётга тадбиқ этилди. Бу ҳам жиноят ишини юритишда суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамасида процессуал ҳаракатларни амалга оширишнинг соддалаштирилган тартибини такомиллаштириш билан боғлиқ қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди ва Олий Мажлис Сенатига киритилди.

Шу билан бирга фракция аъзолари 2020 йилги Давлат дастурининг айрим бандлари ўз вақтида бажарилмаганлиги ва муддати узайтирилганлигига эътибор қаратилди.

Хусусан, давлат дастурининг 68-бандида белгилаб берилган Суғурта бозорини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, 82-бандида назарда тутилган қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган барча турдаги хўжаликларни ялпи хатловдан ўтказиш ва 189-банддаги Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқиш каби вазифалар бугунги кунда энг долзарб йўналишлар бўлишига қарамай ўз вақтида бажарилмаганлиги депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Депутатлар муҳокамаларда баъзи бир долзарб масалага алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, бугунги кунда мамлакатимизда камбағаллик борасида аниқ рақамлар эълон қилинганлигига қарамасдан, ҳалигача фуқароларимизни камбағалликдан чиқаришнинг давлат дастурида назарда тутилган аниқ механизмлари ишлаб чиқилмади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган барча турдаги хўжаликларни ялпи хатловдан ўтказилмаганлиги ҳам бугун “снос”лар билан боғлиқ ва ноқонуний турар жойларнинг бунёд этилиши каби ҳолатларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.

Қизғин бахс ва мунозаралар тарзида бўлиб ўтган фракция йиғилишида Давлат дастурининг кечиктирилган бандларини қисқа фурсатларда амалга ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.




Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати

Давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидаги депутатлик

гуруҳлари билан ишлаш бўлими ижрочи котиби 

Фаррух АБДУХАМИДОВ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+