Янгиликлар 1825
“E-ijro auksion” орқали аҳолига ер участкаларини сотиш механизмларини такомиллаштириш зарур
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан Ҳаракатлар стратегияси доирасида кўплаб соҳаларда туб ўзгаришлар қилинмоқда. Эътиборли томони шундаки, ташаббуслар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Натижада, юртдошларимиз бу каби ўзгаришларни келажакда эмас, бугуннинг ўзида, ўз турмуш тарзларида ҳис этмоқда.
Чунончи, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида улкан ҳажмдаги бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимизда 140 мингта уй-жой барпо этилди. Йилига қурилган уйларнинг ўртача сони таққосланганда, бу аввалги даврдаги кўрсаткичдан 4-5 баравар кўплигини кўришимиз мумкин. Шу билан бирга, Ўзбекистонда уйга эҳтиёжи бор оилалар сони ҳамон юқорилигича қолаётганлигини таъкидлаш жоиз. Шу боис бу борада бошланган ишларни изчиллик билан давом эттириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Президентимиз ташаббуси билан 2021 йилда аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш мақсадида 54 минг оила учун замонавий уй-жойлар қуриб фойдаланишга топшириш вазифаси белгилаб олингани айни муддаодир.
Таъкидлаш жоизки, аҳолини уй-жой билан таъминлашда юртдошларимиз истиқомат қилиб келаётган шаҳар ва қишлоқларнинг табиий иқлим шароитлари, фуқароларнинг турмуш тарзининг ҳисобга олиниши, уларга ижтимоий аҳволидан келиб чиққан ҳолда олинган уй-жойларнинг бошланғич тўловларининг тўлаб берилиши юртдошларимизда бу борадаги ислоҳотларга нисбатан шукроналик ҳиссини уйғотмоқда.
Хусусан, олис қишлоқ ва овулларда истиқомат қилаётган аҳолини уй-жой билан таъминлашда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда уларга қулайлик яратиб бериш мақсадида бугунги кунда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган минглаб гектар ерлар “E-IJRO AUKSION” орқали фуқароларга ажратиб берилмоқда. Шу билан бирга, “Ҳар бир ёшга 1 гектар ер” лойиҳаси доирасида ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида уларга унумдор ерлардан 1 гектардан ер ажратиб берилиб, ёшлар деҳқончилигини йўлга қўйишлари учун барча зарурий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Шу билан бирга бугунги кунда бу каби ислоҳотларнинг янада ҳаётийлиги ва натижадорлигини оширишга тўсиқ бўлаётган айрим салбий омиллар борлигини алоҳида таъкидалаш зарур. Жумладан, миллий қонунчиликдаги “E-IJRO AUKSION” билан боғлиқ нормаларнинг ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилмаётганлиги фуқароларимиз томонидан олис қишлоқ ва овулларда барпо этилаётган уй-жойларни ўз вақтида ва сифатли электр таъминоти ва ичимлик суви билан таъминлашда ҳамда ички йўлларни таъмирлашда қатор муаммоларни юзага келтирмоқда. Яъни минглаб оилалар “E-IJRO AUKSION” орқали ерларни харид қилиб, орзу-ҳаваслар билан у ерда уй-жой барпо этган бир вақтда, ушбу янги уй-жойларга кўчиб ўтган юртдошларимиз йиллар давомида электр энергияси, ичимлик суви, газ каби коммунал инфратузилма ҳамда фарзандлари ўз вақтида таълим-тарбия олишлари учун боғча ва мактаблар билан таъминланмасдан қолмоқда. Натижада, минглаб ёшлар олис масофада жойлашган мактабга қатнашга, сифатсиз электр таъминотисиз, совуқ хоналарда дарс тайёрлашга мажбур бўлмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ер участкалари бериш ва якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилишнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан “E-IJRO AUKSION” орқали сотилган ерлардан тушадиган маблағларнинг 20 фоизи “Давергеодезкадастр” қўмитасининг Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармасининг махсус ғазначилик ҳисобрақамига, 10 фоизи — Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа хўжаликлари эгаларининг кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерлари эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ҳамда қолган пул маблағлари (ер участкасини танлаш материалларини тайёрлаш хизматлари учун тўлов суммаларини чегирган ҳолда) Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва тегишли маҳаллий бюджетлар махсус ғазна ҳисоб варақларига йўналтирилиши белгиланган.
Шу боис юқоридаги муаммо ва камчиликларнинг ўз вақтида бартараф этилиши ҳамда фуқароларимизга янги Ўзбекистонга хос турмуш шароитини яратиб бериш мақсадида қуйдагилар таклиф қиинади:
- “E-IJRO AUKSION” орқали сотилиши мўлжалланган ерларни аввало барча йўналишдаги харитасини ишлаб чиқиб, электр, газ, сув ва ички йўллар каби инфратузилма билан таъминлаш;
- “E-IJRO AUKSION” орқали сотилган ерлардан тушадиган маблағларнинг сарфланиш механизмларини янада соддалаштириш ва бу борада жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
- Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва тегишли маҳаллий бюджетлар махсус ғазна ҳисоб варақларига йўналтирилган пул маблағларини фақатгина “E-IJRO AUKSION” орқали сотилган ер участкаларида барпо этилган уй-жойларнинг инфратузилмасини яхшилашга сарфлашга йўналтириш;
- янги барпо этилаётган аҳоли массивларида аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб, ундан кейин ўша ерларни юртошларимизга сотиш имкониятини бериш;
- бу борадаги ишлар устидан назорат олиб бориш ваколатини маҳаллий Кенгашларга бериш;
Ўйлайманки, ушбу таклифларнинг ҳаётга татбиқ этилиши янгидан барпо этилган массивларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш имконини беради. Зеро, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб мақсади ҳам инсон фаровонлигини оширишдан иборат.
Зухра ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари
қўмитаси раисининг ўринбосари,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг