Янгиликлар 1774
Экспорт қилувчи кластер ва тўқимачилик корхоналари солиқ тўлашда имтиёзларга эга бўлади
Сўнгги беш йилда барча соҳалар каби мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, ресурстежамкор технологияларни жорий этиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, соҳада ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, ер ва сув муносабатларини такомиллаштириш, қулай агробизнес муҳитини ва юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, кооперация муносабатларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, соҳага бозор механизмларини, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида халқаро ташкилотлар ва экспертлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ишлаб чиқилди.
Мазкур стратегияда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида соҳага тадбиқ етилиши қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида самарадорликка эришиш имконини бермоқда. Мисол учун биргина, пахтачиликда толани қайта ишлаш 2,5 баробарга ошиб, 100 фоизга етказилди. Шунингдек, ип-калава ишлаб чиқариш 2 баробарга, тайёр маҳсулот – 3 баробарга ортди, экспортни йил якунига қадар 3 миллиард долларга етказиш мақсад қилинмоқда.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ривожи аҳоли бандлигини таъминлаш ва бозорларда нарх-наво барқарорлашишида ҳам муҳим рол ўйнамоқда. Ўтган беш йилда пахта хомашёсидан тайёр маҳсулотгача бўлган босқичларни қамраб олган 2 миллиард долларлик 125 та янги корхонанинг ишга туширилиши натижасида 150 мингта доимий иш ўринлари ташкил этилди.
Аммо, жаннатмакон юртимизда яратилган имкониятларга нисбатан қўлга киритилган натижалар ҳали бери бизни қаноатлантирмаслиги керак. Чунки, юртимизнинг ҳар бир қарич еридан унумли фойдаланиш ва уни асраб авайлаш борасида олдимизда қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина. Шу боисдан, куни кеча давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган қишлоқ хўжалигида кластер тизимини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида ҳам бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, келгуси беш йилда, ҳосилдорлик камида 2 баробарга кўпайтирилиб, хомашёни чуқур қайта ишлаш натижасида соҳа экспорти ҳозирги 3 миллиард доллардан 7 миллиард долларга етказилади. Шунингдек, кластерларни пахта ҳосили учун молиялаштириш жараёни амалдаги январь-февраль ойидан октябр ойига кўчирилади ва уларга ажратиладиган кредит муддати 11 ойлик имтиёзли даврдан, 18 ойлик имтиёзли даврга узайтирилиб, 24 ойга берилади.
Бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг экспортини қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан паст ставкаларда 100 миллион долларлик янги кредит линияси очилади. Шундай товарларнинг камида 80 фоизини экспорт қилувчи кластер ва бошқа тўқимачилик корхоналари учун ижтимоий солиқ ставкаси 3 йил муддатга амалдаги 12 фоиз ўрнига 1 фоиз қилиб белгиланади. Шунингдек, уларга мол-мулк солиғини 3 йилга кечиктириб тўлаш имконияти ҳам берилади. Бунинг ҳисобига, корхоналар ихтиёрида йилига камида 500 миллиард сўм маблағ қолади.
Шунингдек, йиғилишда мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперациялари учун ҳам қўшимча имкониятлар яратиш чоралари муҳокама қилиниб, мева-сабзавотчилик кластерларига айланма маблағ учун, Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ҳисобидан 1 йил муддатга 10 фоиздан кредит ресурслари ажратилиши маълум қилинди. Сабаби, мева-сабзавотчиликни ривочи ҳам соҳада аҳоли бандлигини таъминлаб, фуқароларнинг турмуш фаровонлигини оширишда муҳим ўрин тутиб келмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хомашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш имконияти мавжудлиги исботланган.
Шу сабабдан, келгуси беш йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва ердан самарали фойдаланиш мақсадида 200 минг гектар паст ҳосилли пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, бу майдонлар аҳолига танлов асосида, узоқ муддатли ижарага берилади. Ушбу ерлар ажратиб берилган аҳолига деҳқончилик сирлари ўргатилади. Уларга ўз томорқалари фаолиятини йўлга қўйиш учун 100 миллион сўмгача бўлган лойиҳада “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури шартлари асосида кредит ажартилади.
Бир сўз билан айтганда, қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланилмаган имкониятларнинг ишга солиниши, Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётини таъминлашда муҳим рол ўйнаши, шубҳасиз. Сабаби, соҳани ҳар томонлама ривожлантириш орқали миллионлаб янг иш ўринлари яратилади, фуқароларнинг турмуш фаровонлиги, дастурхоналаримиз тўкин-сочинлиги таъминланади.
Мавлуда АТХАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг