Эмлаш пунктларида кунига бор-йўғи 36 киши эмланяпти, бу жуда кам кўрсаткич

15.07.2021 14:07:30

Аввал хабар қилинганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялар йиғилишларида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Жумладан, “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши ҳам ушбу ишлар ҳолатига бағишланди.

Йиғилишда жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида коронавирус инфекциясига қарши эмланган аҳоли вакилларининг фоиз кўрсаткичлари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, жойларда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш бўйича барча чоралар кўрилган. Лекин айни вақтда бу имкониятларнинг тенг ярмидан фойдаланилмоқда. Режага кўра, ҳар бир эмлаш пунктида кунига 70 нафар фуқаро эмланиши белгиланган бўлса-да, амалда атиги 36 киши эмланяпти. Ваҳоланки, айни пайтдаги эпидемик вазиятни барқарорлаштиришда вакцинадан бошқа чора йўқ. Шу боис, жаҳон ҳамжамиятида вакцинага бўлган эҳтиёж жуда юқори.

– Бугунги кунда аҳоли орасида касалликка чалиниш ҳолатлари кўп учраётгани кишини ташвишга солмоқда, – дейди “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Иномжон Қудратов. — Кейинги пайтда жойларда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётганига қарамай, ҳали-ҳамон кўча-кўйда ниқобсиз юрганларни кўп учратяпмиз. Ахир ҳозир коронавирусга чалинганлар сони кескин ортиб бораётган бир пайтда, ҳар биримиз ўзимиз, оиламиз ва ҳамкасбларимизга эътиборли бўлишимиз керак эмасми?

Йиғилишда эмлашни оммавий тарзда йўлга қўйган кўп давлатларда касалланганлар сони изчил камайиб бораётгани айтилиб, бунинг ягона чораси вирусга қарши вакцина олиш эканлиги қайд этилди.

 

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+