Энди маҳаллий бюджетларни қўшимча маблағларининг 30 фоизи жамоатчилик фикри асосида ишлатилади

20.04.2021 13:04:23

Сўнгги йилларда барча соҳаларда давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш маханизмлари кун сайин ортиб бормоқда. Жумладан, “Жамоатчилик назорати тўғрисида” алоҳида Қонун қабул қилиниб, унда жамоатчилик назорати субъектлари, объекти, назоратнинг асосий принциплари ва шакллари белгилаб берилди. Бу эса нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар фаолиятини холисона баҳолашга ҳамда жамият бошқарувида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ҳамда амалий механизмларини жорий қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айниқса бу борадаги ўзгаришлар бюджет жараёни билан боғлиқ ҳолатларда кун сайин ортиб бормоқда. Жамоатчилик назорати томонидан ўз вақтида билдирилган фикр ва таклифлар сабаб миллиардлаб бюджет маблағларининг ноўрин сарфланишининг олди олинмоқда. Хусусан, жамоатчилик фикри инобатга олиниб, мана икки йилдирки, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети Қонун ҳолатида қабул қилинмоқда. Тегишли вазирлик ва идора вакиллари  парламент ва маҳаллий Кенгашлар олдида бюджет маблағларининг сарфланиш ҳолати бўйича ҳар чоракда ҳисобот бермоқда.

Эътиборли томони бюджет маблағлари сарфланишини назорат қилиш жамоатчилик назорати шаклидагина чекланиб қолмасдан, бюджет тўғрисидаги қонуннинг 20-моддасида туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари туманлар ва шаҳарлар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиши белгилаб қўйилди.

Мазкур қонунчилик амалиётининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида бугунги кунда маҳаллий кенгашга сайланган депутатлар ўз сайловчилари билан биргаликда жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишда маҳаллий бюджетнинг орттирилган қисмидан ажратиб берилаётган 10 фоиз миқдоридаги маблағлардан самарали тарзда фойдаланиб келишмоқда.

Қувонарли томони куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси президентининг “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликларининг 2021 йил 1 июлдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдорини 10 фоиздан 30 фоизга ошириш ҳақидаги таклифлари маъқулланди.

Эндиликда, туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи ўша ҳудуд аҳолиси яъний солиқ тўловчиларнинг истак ва хоҳишларидан келиб чиққан ҳолда сарфланади. Бундай имтиёз эса ўз навбатида ҳар бир ҳудуд аҳолиси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар зиммасига улкан масъулият юклайди.

Туман шаҳар фаоллари ҳудудлардаги ҳар бир муаммони етти ўлчаб бир кесган ҳолатда таҳлил этиши, ана шундан кейингина муаммо ечимига ажратилган маблағни сарфлаб фуқароларни бугунги ислоҳотлардан рози қилиши даркор.

Мавлуда АДХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+