Янгиликлар 1666
Ер қаъри участкаларини ҳадя қилиш таъқиқланяпти(ми?)
2022 йил йил 28 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги“Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда дастлаб, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, лойиҳада ер қаъри участкаларининг ресурслари, ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари рўйхати, уларнинг ваколат доиралари аниқ белгиланмоқда.
Шунингдек, геологик жиҳатдан ўрганиш ўтказилмаган ва кам ўрганилган ер қаъри участкаларини халқаро стандартлар асосида блокларга ажратиш тизими жорий этилмоқда. Бунда ер қаъридан фойдаланиш учун рухсатномалар талабгорнинг мурожаатига мувофиқ, “биринчи мурожаат қилган биринчи олади” принципи асосида шаффоф механизмлар орқали онлайн тарзда берилиши мустаҳкамланмоқда.
Лойиҳа билан ер қаъри участкаларини сотиш, ҳадя қилиш, мерос қилиб қолдириш, омонатга ёки гаровга қўйиш таъқиқланмоқда. Шу билан бирга, ер қаъридан фойдаланганлик учун тўлов турлари ва миқдори алоҳида моддаларда белгилаб қўйилмоқда.
Фракция аъзолари “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қизғин муҳокама қилишди.
Қонун лойиҳасида соҳага оид тушунчалар, ваколатли органлар, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш, маълумотлар тақдим этиш тартиби, ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлар ва хусусиятлари, рўйхатдан ўтказувчилар мақоми, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш, низоларни судгача ҳал этиш, жавобгарлик ва кафолатлар ўз аксини топган.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат реестри, рўйхатдан ўтказиш ишини ва бизнес жараёнларни электрон шаклда ахборот тизимлари орқали юритиш, давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнлари, авторизация қилинган воситачилар билан ахборот коммуникация тизимлари орқали маълумот алмашиш ҳамда ушбу маълумотлар асосида ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш, мулкдорнинг қарори ёки мулкдорларнинг битими асосида кўчмас мулкларни бўлиш ва қўшиш механизмларини жорий этиш масалалари белгилаб қўйилмоқда.
Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича фракция аъзолари томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва қонун лойиҳалари маъқулланди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Фикрингизни қолдиринг