Ерларнинг электрон хатловдан ўтказилиши коррупцияга қарши курашишнинг самарали усули

27.12.2021 09:12:00

Режасиз иш қолипсиз ғишт, деб бежиз айтилмаган. Яқин-яқин йилларгача мамлакатимизда ер ажратиш ва давлат кадастри соҳасида тизимли муаммолар тўпланиб қолганининг сабаби ҳам айнан соҳада режа бўлмагани, тартиб-интизом ўрнатилмаганига бориб тақалади. Аниқ ҳисоб-китоб бўлмагани, шаффофлик етишмагани боис минглаб гектар ерлар талон-торож бўлиб кетгани халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлганди.

Бундан ташқари, ерларни ажратиш, уларнинг ҳисобини юритиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, ер назоратини амалга ошириш ҳам, ер участкалари, бино ва иншоотларга кадастр йиғмажилдини рўйхатдан ўтказиш ҳам ягона орган томонидан амалга оширилиши ўз вақтида соҳада манфаатлар тўқнашувини юзага келтирганди. Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ёки ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш муаммоси ҳам солиқ идораларига, яъни давлат бюджети тушумига тўланиши керак бўлган маблағларнинг “ҳавода айланиши”га олиб келганди.

Бу каби муаммоларни бартараф қилиш мақсадида шахсан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2020 йил собиқ Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилди.

Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш вазифаси мазкур агентликка, ерлардан самарали фойдаланишни таъминлаш ва назорат қилиш функциялари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилиши замирида ер ҳисобини аниқ юритиш, бу борада адолатни таъминлаш мақсади тургани ҳеч кимга сир эмас.

Қолаверса, ўтган йили Қонунчилик палатасида қизғин муҳокама қилинган ва қабул қилинган янги таҳрирдаги Ер кодекси ва унда белгиланган нормалар мамлакатимизнинг янги тарихида энг катта ислоҳотлардан бири бўлди. Сабаби Янги таҳрирдаги Ер кодекси қабул қилиниши билан ерларни иқтисодий оборотга киритиш, уларни олди-сотди ва гаров объектига айлантириш, барча ерларни 2 та тоифага, яъни қишлоқ хўжалиги ерлари ва ноқишлоқ ерларига ажратиш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилди.

Кези келганда айтиш керак, ўтган бир йил давомида янги ташкил этилган Кадастр агентлиги томонидан ерларни ялпи хатловдан ўтказиш ва электрон рўйхатга олиш ишларининг амалга оширилганига қарамай, соҳада ечимини кутаётган муаммолар ҳанузгача учраб турганини тан олиш керак.

Айнан шу ва бошқа масалалар 2021 йил 21 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда тилга олинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, янги ташкил этилган Кадастр агентлиги жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон тарихида илк бор қишлоқ хўжалиги ерларини ялпи хатловдан ўтказиб, электрон рўйхатдан ўтказишни бошлагани ва 23 миллион гектар қишлоқ ерларининг электрон хариталари тузилган. Бугунги кунга қадар 22 миллион гектари давлат рўйхатидан ўтказилгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, ҳисобга олинмаган 412 мингта кўчмас мулк кадастр базасига киритилди, 478 мингта объектда қўшимча қурилмалар аниқланиб, кадастр баҳоси қайта кўриб чиқилган.

Электрон хатлов амалдаги ҳолат билан ҳисоботлардаги маълумотлар ўртасида тафовут борлигини яққол кўрсатиб қўйган. Хусусан, 830 минг гектар ер майдонида аҳоли яшаш пункти мавжуд бўлсада, бу майдонлар қоғозда бошқа ер тоифаларида ҳисобда турганлиги аниқланган.

Йиғилишда соҳадаги яна кўплаб муаммолар очиқ-ойдин таҳлил қилингани, ечимини кутаётган масалаларни бартараф этиш юзасидан манзилли, аниқ топшириқлар берилгани халқ вакили сифатида , биз, депутатларни қувонтиради.

Шу ўринда айтиш керак, давлат хизматлари ва маълумотларини рақамлаштириш, имкон қадар “инсон фактори”ни камайтириш ишларининг жадал суръатларда амалга оширилиши жойлардаги айрим мансабдор шахсларнинг “кирдикорлари”ни фош қилишга хизмат қилиши билан эътиборлидир.

Давлатимиз раҳбари келгуси йил 1 апрелга қадар қишлоқ хўжалиги ерларини ҳисобга олиш ишларини якунига етказиш, ер балансидаги фарқ бўйича ер майдонларининг эгаси ва аниқ тоифасини белгилаб бериш, 38 мингта субъектга тегишли ер ажратиш ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган 1 миллион гектар майдоннинг ижара шартномаларини расмийлаштириш бўйича муҳим топшириқларни берди.

Яқин кунларда биз, депутатлар сайловчилар билан учрашиш мақсадида ҳудудларга борамиз. Келгуси йилда 80 минг гектар пахта ва ғалладан бўшаган ерларни аҳолига бўлиб беришни режа қилинаётгани, деҳқон хўжалиги учун ерлар фақат танлов асосида ушбу маҳаллада яшайдиганларга, “дафтарлар”га кирганларга, деҳқончилик тажрибасига эга бўлганларга устуворлик асосида берилиши бўйича ислоҳотлар халқимизни қувонтиришига ишончим комил.

 

Дилрабо ХОЛБОЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+