Фермернинг даромади ошадиган бўлди

23.11.2021 16:11:33

Бундан анча йиллар олдин ғалла мустақиллигига эришганимизни фахр билан тилга олганмиз. Тўғри, ер соҳасида ислоҳотлар ўтказилди, фермер хўжаликлари гоҳ ихчамлаштирилди, гоҳ йириклаштирилди. Бироқ, ғалла етиштирган фермер, хўжаликда ишлаган деҳқон меҳнатига ҳар доим ҳам рози бўлавермаган. Чунки, ерга, мулкка, меҳнатга муносабат ўзгариши учун ҳосилга пешона тери сингган деҳқон ҳам, фермер ҳам барака топиши керак. Шунда ислоҳотлар самара беради.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳусулотлари етиштирувчиларни рағбатлантириш баробарида, ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлашга, ғалланинг, керакли ҳажмидан ташқари, давлат харидларидан тўлиқ воз кечишга ва ниҳоят ғалла донини биржа савдоларида чекловларсиз сотишга имконият яратади. Энди дон етиштиришни молиялаштириш, буғдойни биржадан сотиб олиш ҳамда сотишда янги тартиб ўрнатилмоқда.

2022 йилдан бошлаб республика ҳудудида экишга тавсия этилган буғдой навлари хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ер-сув шароитларидан келиб чиққан ҳолда мустақил жойлаштирилади. Фақатгина, ички бозорни дон билан кафолатли таъминлаш мақсадида 2022 – 2025 йилларда 1 027 минг гектарга буғдой жойлаштириш амалиёти сақлаб қолинади.

Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси кредит ресурслари ҳисобидан ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш учун имтиёзли кредитлар ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари, элита уруғчилик хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларига ажратилади.

Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари, элита уруғчилик хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ҳар йили эълон қилинадиган минимал нарх асосида ҳамда тупроқнинг бир бонитет баллига нисбатан норматив ҳосилдорликни (центнер/гектар) ҳисобга олган ҳолда ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 12 фоизда, 40 фоизигача йиллик 10 фоиз (шундан, 2 фоизи банк маржаси) ставкада 12 ой муддатга кредит ажратилади.

Қарорда белгиланганидек, 2022–2024 йилларда ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган буғдойнинг ҳар гектардан ўртача 2,5 тоннасини эркин биржа савдолари орқали, қолган қисмини тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш йўлга қўйилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари 2,5 млн тонна буғдойни эркин биржа савдолари орқали давлат ресурсларига сотиши натижасида улар томонидан қўшимча 500 млрд. сўм даромад олинишига эришилади.

Шундай ҳоллар ҳам бўлганки, дала шароитини яхши билган деҳқон ва фермерга ўз пулига мустақил равишда на уруғ, на минерал ўғит ва на ёқилғи сотиб олишга рухсат берилди. Мазкур қарор билан бу каби тақиқловларнинг барчасига чек қўйилди. Яъни, ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари, элита уруғчилик хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларига кредит маблағларидан эркин фойдаланиш, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги техникаларини бевосита харид қилиш ҳуқуқига эга бўлди.

Қарорда келгуси йил 1 январгача ички бозорда нарх барқарорлигини таъминлаш учун буғдойни биржа савдоларида сотиб олиш ва сотиш тартибини ишлаб чиқиш бўйича вазифалар белгиланди. Манфаатдор вазирликлар томонидан ғалла етиштириш ва сотишда бозор тамойилларини жорий этишга қаратилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади. Янги тартибга кўра, буғдойнинг келгуси йил ҳосили учун кутилаётган индикатив нархи календарь йилнинг 1 августига қадар оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.

Қарор асосида 2021–2022 йилларда “Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги донни қайта ишлаш корхоналари тадбиркорлик субъектларига фаолият йўналишини ўзгартирмаслик шарти билан сотиш учун баҳоланади ва очиқ савдоларга қўйилади. Шунингдек, тизимдаги дон маҳсулотлари корхоналарига тегишли 20 та уруғлик дон тайёрлаш цехлари Уруғчиликни ривожлантириш марказига берилади ва тўлиқ модернизация қилинади.

2022 йил 1 мартга қадар: деҳқон бозорларидаги буғдой ва бошқа асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархларини “on-line” тарзда кузатиш имконини берувчи электрон платформа ишга туширилади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган экин майдонларини, шунингдек, бошоқли доннинг экилишини, экиннинг ривожланишини учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида кузатиш ва мониторингини юритувчи электрон платформа иш бошлайди.

“Ер ахборот тизими” порталида қишлоқ хўжалиги экинларининг жойлаштирилиши, шу жумладан, такрорий ва тўқсонбости усулида етиштирилаётган экинлар тўғрисидаги электрон маълумот базаси шакллантирилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарор аҳолини қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат масулотлари билан барқарор таъминлашга, ушбу тармоқда меҳнат қилаётган фермер ва деҳқонлар даромадининг ошишига, ғалла донини биржа савдоларида чекловларсиз сотишга имкон яратиш, давлат аралашувини кескин камайтириш орқали соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

Дилрабо ХОЛБОЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+