Фракция аъзолари қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватлади

14.12.2021 10:12:02

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида дастлаб “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳаси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар туб моҳиятидан келиб чиққанлигини, халқнинг айниқса аёллар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг яшаш шароитини яхшилаш мақсадларига қаратилганини таъкидлаб ўтдилар.

Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳасида боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўловларини марҳумнинг қарамоғидаги фарзандларига, улар 18 ёшгача, агар умумий ўрта таълим муассасаси, академик лицей ва олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса 23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўлаш таклиф этилмоқда.

Фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳаси аёлларга пенсия ҳисоблашда уларнинг ижтимоий ҳимоясини янада мустаҳкамлашга, бола парвариши даврида бўлиш таътил вақтини муносиб рағбатлантиришга ҳамда ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш барқарорлигини таъминлашда муҳим эканлиги эътиборга олиниб, қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди.

Қонун ташаббускори вакиллари қонун лойиҳаси билан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига жалб этилган чет эллик фуқаролар билан боғлиқ “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги 17-бобида назарда тутилган нормалар “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонунга ўтказилаётгани ҳақида тушунтириш бериб ўтди. Шу муносабат билан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасидан ушбу қонуннинг меҳнат фаолиятига жалб этиладиган чет эллик фуқароларга нисбатан татбиқ этилишига оид қисми чиқариб ташланмоқда.

Халқ вакиллари қонун лойиҳасини қабул қилиниши уюшган ҳолда ишга жойлаштириладиган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқароларнинг реинтеграция қилиш тартиби тизимлаштирилиши назарда тутилаётганини инобатга олиб, уни маъқуллади. 

Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+