Янгиликлар 1156
Фракция аъзоларининг танқидига нима сабаб бўлди?
2021 йил 21 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилдаги ва 2021 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар кўриб чиқилди.
Фракция депутатлари бугунги мураккаб пандемия шароитига қарамасдан вазирлик ва мутасаддилар томонидан аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган тизимли ислоҳотлар олиб борилгани, камбағалликка қарши курашишга йўналтирилган иқтисодий соҳаларни ривожлантиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар бажарилганлигини эътироф этишди.
Таъкидланишича, мамлакатимизда олиб борилган ислоҳотлар натижасида ҳисобот даврида иқтисодий барқарорлик ва ўсишнинг юқори суръатлари таъминланган. Хусусан, 2020 йил якунига кўра, давлат бюджети даромадлари 132,9 триллион сўмни ташкил этиб, белгиланган 128,8 триллион сўмлик прогноз кўрсаткичлари 103,3 фоизга ёки 4,1 триллион сўмга ошириб бажарилди.
Йиғилишда фракция аъзолари давлат бюджетининг ҳисобот давридаги харажатлари ижтимоий йўналтирилганлиги бугунги пандемия шароитида тўлақонли ижобий натижа берганлигини эътироф этган ҳолда бу борада йўл қўйилган айрим камчиликларга ҳам тўхталиб ўтишди.
Депутатлар, партия экспертлари ва фаоллари, тегишли вазирлик, идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мазкур йиғилишда Давлат бюджети ижросини аввало халқ манфаатларидан келиб чиқиб таҳлил этиш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишга эътибор қаратдилар.
Давлат бюджетидан молиялаштириладиган айрим вазирлик ва идоралар тизимида ҳар йили молиявий ўзлаштиришлар, камомадлар ва хатолар кўпайиб бораётганлиги танқид остига олинди. Хусусан, вазирлик ва идораларда аудит хизмати ташкил этилишига қарамай, Халқ таълими вазирлигида 96,6 миллиард сўм, Соғлиқни сақлаш вазирлигида 40 миллиард сўм, Мактабгача таълим вазирлигида 16,7 миллиард сўм, “Ўзбеккино” миллий агентлигида 17,9 миллиард сўм ва жами республика бўйича 245,9 миллиард сўмлик камомад ва хато камчиликлар аниқланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Республика ихтисослаштирилган марказларига имтиёзли тоифадаги беморларга бепул тиббий хизмат кўрсатиш бўйича харажатлар Давлат бюджети томонидан қопланиши белгиланганлиги қайд этилиб, 2020 йилда марказларнинг харажатларидан ташқари устама сифатида белгиланган соф фойдага асоссиз ҳисобланган фойда солиғи ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўтказилган ажратмалар ҳам қоплаб берилиб, давлат бюджетининг 39,2 миллиард сўм маблағи ортиқча сарфлангани маълум бўлган. Натижада марказлар томонидан шаклланган тарифларга соф фойда миқдори чекланмаганлиги сабабли марказларнинг соф фойдаси турлича шаклланиб, ўртача битта беморнинг даволаниш миқдорлари ошиб кетишига сабаб бўлганлиги депутатлар танқидига сабаб бўлди.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли саломатлигини сақлаш билан боғлиқ марказлашган харажатлар эҳтиёжга мувофиқ амалга оширилмаслиги оқибатида 23,7 миллиард сўм маблағ ортиқча режалаштирилган ҳамда 2020 йил якунларида 40 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилмаганлиги ҳам ҳақли эътирозларни келтириб чиқарди.
Депутатлар томонидан соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар долзарб аҳамиятга эга эканлиги таъкидланиб, тиббиёт марказларини аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар учун замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш ва бу муассасалардаги нархларнинг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш бўйича тизимли равишда парламент назоратини ўрнатиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда Божхона қўмитаси томонидан давлат бюджети даромадларига ўтказилиши лозим бўлган 458,4 миллиард сўмлик даромадлар божхона органларининг депозит ҳисоб варағида қолдиқ бўлиб сақланган ва давлат бюджетига ўтказилмаганлиги, божхона юк декларацияларни қайта расмийлаштиришда ноаниқликларга йўл қўйилганлиги натижасида 237,7 миллион сўмлик божхона тўловларини давлат бюджетига ўтказишда хатоликларга йўл қўйилганлиги ва бошқа аниқланган камчиликлар бўйича депутатлар изоҳ сўрашди. Божхона қўмитаси бюджет маблағларини давлат бюджетига ўтказмаган ва асоссиз равишда бюджет маблағларини камайтирганлиги тизимдаги тартибсизлик, дея кескин баҳоланди.
Шунингдек, давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси масаласи ҳам депутатларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди.
Ҳисоботни кўриб чиқишда 2021 йил давлат бюджетида коронавирусга қарши кураш тадбирлари учун шакллантирилган 3 триллион сўм маблағлар ҳисобидан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирларига жорий йил 1 май ҳолатига давлат бюджетидан коронавирусга қарши вакцина сотиб олиш учун 225,2 миллиард сўм ва эмлаш пунктларини ташкил этиш учун 5,1 миллиард сўм, жами 230,3 миллиард сўм маблағ ажратилганлиги қайд этилиб, бугунги кунга қадар аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирларига ажратилган маблағнинг атиги 7,5 фоизи молиялаштирилганлиги танқидий баҳоланди. Бутун дунёда пандемиянинг 2 ёки 3-тўлқинлари бошланаётган бир вақтда коронавирусга қарши эмлаш харажатлари етарлича молиялаштирилмаганлиги ёки вакцинани олиб келиш жараёнларида муаммоларни бартараф этиш вазифалари юзасидан масъулларга мурожаат қилинди.
Депутатлар ҳисобот даврида ҳозирги мураккаб шароитларидан келиб чиққан ҳолда таълим тизимидаги ислоҳотларни изчиллигини таъминлаш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштириш, соҳада инновацион ўқитиш усулларидан кенг фойдаланиш, стандартлар ва дастурларни мукаммаллаштириш, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар таълими ва олий ўқув юртлари ходимларининг нуфузини оширишга қаратилган ислоҳотларни янада жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилганлигини депутатлар эътироф этишди
Шунингдек, фракция аъзолари ушбу соҳада асосий эътиборни чекка ҳудудларга қаратиш, давлат-хусусий шерикчиликни кучайтириш ҳамда сифатли таълим-тарбия бериш орқали мактабларга ҳар томонлама етук, фаол болаларни етказиб бериш таклифи илгари сурилди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг, фракция аъзолари “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадлари нуқтаи-назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирди ҳамда ҳисоботлар давридаги Давлат бюджетларининг ижросини маъқуллади.
Фикрингизни қолдиринг