Фракция берган таклифлар қонун лойиҳасида акс этди

01.07.2024 17:07:25

2024 йил 1 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида «Адолат» СДПнинг сайловолди дасурида белгиланган устувор мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, таҳлилий ёндашишди.

Бугунги кунда қонунчилигимизда судларда фуқаролик ва иқтисодий ишлар кўрилишида прокурорлар давлат манфаатларига оид айнан қандай тоифадаги ишлар кўрилишида иштирок этиши аниқ белгиланмаган. Бу эса қатор суд муҳокамаларида прокурор иштирокини таъминлашда муаммоларни юзага келтирмоқда.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишлар кўрилишида прокурор давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, атроф-муҳитни муҳофаза этиш ҳақидаги қонунчилик бузилиши, давлат буджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш ҳамда божхона тўловларини ундиришга оид ишларда иштирок этишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Йиғилишда депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўзларининг муносабатларини билдириб, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида фракция томонидан берилган айрим таклифлар инобатга олинганлигини эътироф этишди.

Фракция аъзоларининг фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини оширишга, судларда фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга хизмат қилади. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Савол-жавобларга бой бўлган йиғилишда кун тартибига киритилган масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+