Янгиликлар 2445
Глобал “яшил” ўсишга қаратилган ташаббус
Инсон ҳаётининг сифати у яшаётган атроф-муҳит шароитига бевосита боғлиқ бўлиб, бу ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим кўрсаткичларидан биридир. Шу боис, қайта тикланувчи табиий ресурслардан фойдаланиш, янги манбаларни излаб топиш, бир вақтнинг ўзида табиатга босим ўтказмай туриб, иқтисодиётни ривожлантириш сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтаётган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” иккинчи халқаро саммити ишида иштирок этиб, соҳадаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича таклифларни илгари сурди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари ўз чиқишида пандемия даври инсон саломатлиги ва атроф-муҳитнинг ҳолати, шунингдек, иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт бир-бири билан нақадар боғлиқ эканлиги, шу боисдан она табиатнинг ўзи бизга йўллаётган огоҳлик қўнғироғига бепарво бўлмаслик кераклиги ҳамда минтақамиздаги асосий дарёларнинг ҳавзаси ва биологик хилма-хилликнинг қисқариб бораётгани жиддий хавотир уйғотиши лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистонда шу йўналишда олиб борилаётган муҳим ишлар, “яшил иқтисодиёт”га ўтишнинг кенг қамровли стратегияси ишлаб чиқилганлиги, қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантириш дастури амалга оширилаётганлиги ҳамда Париж битими доирасида 2030 йилга бориб ҳавога зарарли газлар чиқаришни 10 фоизга камайтирилиши маълум қилинди.
Шу билан бирга давлатимиз раҳбарининг форумдаги нутқида тўртта ташаббус илгари сурилди.
Биринчи ташаббус, “яшил технологиялар”ни кенг жорий этиш ҳисобидан Орол денгизи ҳалокатининг глобал оқибатларини бартараф этиш. Бунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошида тузилган махсус Траст фонди ҳамда P4G платформаси доирасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Иккинчи ташаббус, “яшил энергетика”ни ривожлантириш орқали углерод ёқилғисига боғлиқликдан қутулишга эришиш. Бунинг учун эса, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш, яқин ўн йил давомида қайта тикланадиган энергия манбалари улушини уч баробар кўпайтириш ҳамда минтақамизнинг гидроэнергетика соҳасидаги улкан салоҳиятини ишга солишда қўшни давлатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш. Шунингдек, келгуси йили Ўзбекистонда “Ривожланаётган мамлакатлар учун яшил энергетика” мавзусида халқаро конференция ўтказиш.
Учинчи ташаббус, “яшил иқтисодиёт”ни барпо этишда ёшларни фаол жалб этиш бўйича Махсус дастурни амалга ошириш орқали келажакда “яшил”, яъни экологик тоза маҳсулотларни истеъмол қилиш маданиятини шакллантиришга эришиш.
Тўртинчи ташаббус, молия сектори ва инвесторларнинг “яшил технологиялар”га тобора ортиб бораётган ишончини рағбатлантириш ниятида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу мақсадда Ўзбекистон P4G йўналишидаги шерикликка қўшилиш ва унинг тўлақонли иштирокчисига айланишга тайёр эканлиги.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ташаббусларнинг амалиётга жорий этилиши, технологик модернизациялаш ва молиявий механизмларни ривожлантириш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш имкониятини яратиб беради. Шу билан бирга, “яшил” истеъмол маданияти шакллантирилиши, инсонларда соғлом турмуш тарзи кўрсаткичи ортишига олиб келади.
Зуҳра ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
“Адолат” СДП фракцияси раҳбари
Фикрингизни қолдиринг