Янгиликлар 2806
Гуруч курмаксиз бўлмас экан-да
Ушбу мақолни эшитган одам гап қандайдир камчилик ҳақида эканлигини дарҳол пайқаб олади. Мен ҳам ушбу мақолнинг давоми улароқ, кейинги кунларда интернет тармоқларида мактабгача таълим муассасаларида юз бераётган инсофсизликлар ҳақида тўхталмоқчиман. Минг афсуски, ҳаммада ҳам виждон тушунчаси бир хил бўлмас экан, ҳаттоки, орамизда умуман виждони йўқлар ҳам ота-онасига, ҳам авлодларига лаънат келтириб яшайверишаркан. Улар на гўдакларнинг, на ўзганинг ҳақидан қўрқишмайди. “Текин бўлса тошни ют” ақидасига амал қилишади. Айниқса, бу тоифадаги инсонлар мактабгача таълим муассасаларига раҳбар бўлиб қолса борми, урди худо деяверинг.
Барчамизга яхши маълумки, кейинги беш йилда мамлакатимизда мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси йилдан-йилга кескин ошиб бормоқда. Бу қувонарли ҳол, албатта. Қолаверса, бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам ўз самарасини бера бошлаганидан далолат. Аммо ҳали 3-6 ёшли болаларни мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш имконияти яратиб бўлинмади. Ислоҳотлар давом этаяпти. Тан олиб айтиш керак, ушбу соҳада ҳам виждонан фаолият олиб бориб, ота-оналарнинг олқишини олаётган мактабгача таълим ташкилотлари вакиллари кўпчиликни ташкил этади. Жонкуяр, фидоий соҳа вакилларининг ҳалол меҳнати ҳар қанча таҳсинга лойиқ...
Лекин минг афсуслар бўлсинки, уларнинг орасида гуруч ичидаги курмакдек, айрим олғирлари, болаларимизнинг ҳақига хиёнат қиладиганлари ҳам учраб турибди. Ана шундай ноинсофлар сабаб баъзи мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия ва овқатланиш сифатида оқсашлар юз бермоқда.
Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг ҳудудий, шаҳар, туман бўлимлари масъуллари, мактабгача таълим муассасасининг мудири, шифокори фаолияти қай даражада йўлга қўйилган? Саволлар кўп, аччиқ жавоблар эса интернет тармоқларидаги нохуш ҳолатларда яққол кўзга ташланиб қолмоқда.
Бугун ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда Тошкент вилояти, Оққўрғон туманидаги 5-сонли мактабгача таълим муассасасидаги 25 нафар тарбияланувчининг овқатдан заҳарланганлиги, 6 нафар болаларнинг оғир аҳволдалиги ва бир нафар боланинг ҳолати ўта оғир эканлиги айтилмоқда. Жуда аянчли хабар. Эътиборсизлик, маъсулиятсизлик оқибати бу!
Эртанги кунимиз бўлган болаларга нисбатан, халққа нисбатан, Ватанга нисбатан хиёнат бу! Ҳар қандай хиёнат жиноят сифатида ўз вақтида ва адолат тамойиллари аосида жазоланмас экан, тизимдаги муаммо ва камчиликлар газак олиб, маддалаб кетаверади...
Юқоригилардан келиб чиқиб, соҳа мутасаддиларига аниқ бир таклиф билдирмоқчиман. Мутасаддилар бугундан бошлаб назоратни кучайтиришлари, айниқса, овқатланишдан заҳарланиш ва бошқа жароҳатлар, турли кутилмаган хавфлардан болаларни янада эҳтиёт қилиш чораларини ишлаб чиқишлари шарт. Жумладан, Ҳар бир мактабгача таълим ташкилотида озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини қаттиқ назоратга олиш, гўшт, сут маҳсулотларининг кундалик мониторингини текшириб борувчи комиссия тузиш, комиссия аъзоларига ота-оналардан ҳам жалб қилиш лозим. Акс ҳолда бундай нохуш ҳолатлар такрорланаверади...
Оққурғонлик бемор болажонларимизга эса тезроқ тузалиб, соғ-омон ота-оналари бағрига қайтишларини тилаймиз.
Зуҳра ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари,
“Адолат” СДП фракцияси раҳбари
Фикрингизни қолдиринг