Янгиликлар 2415
ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ НОРМАЛАРИ – УЛАРНИНГ УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ
Бугунги жаҳон иқтисодиёти ривожланишининг шиддатли, ўзига хос бешафқат рақобат даврида ҳар бир мустақил давлат ўзи алоҳида, ёпиқ ҳолда ривожлана олмаслигини даврнинг ўзи кўрсатмоқда. Интеграция жараёнларида нуфузли халқаро ташкилотлар, улар томонидан қабул қилинаётган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар аҳамияти долзарблиги ҳам ортиб бормоқда.
Шу сабабли Ўзбекистон ҳам жаҳон глобал интеграция жараёнларида фаол иштирок этиб, турли халкаро шартномалар, битимлар, келишувлар, конвенсиялар, декларацияларда ўз манфаатлари доирасида қатнашиб келмоқда.
Бу борада халқаро мулоқотлардаги давлатлараро ва бошқа қатнашувчилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари устуворлигини таъминлаш муҳим талаблардан бўлиб, турли халкаро шартномалар, битимлар, келишувлар, конвенсиялар, декларациялар, БМТнинг ҳужжатлари халқаро ҳуқуқнинг норматив базаси ҳисобланади.
Зеро халқаро ҳуқуқ давлатлараро миллий муносабатларни, давлатлар билан халқаро ташкилотлар, халқаро миқиёсда фуқароларнинг асосий ҳуқуқ, бурч ва эркинликларини, халқаро ҳуқуқ доирасида халқаро низо ва келишмовчиликларни ҳал қилиш билан боғлиқ ҳамда бошқа муносабатларни ўзида ифодалайди.
Мамлакатимизда ҳам мустақилликка эришилган илк даврдан бошлаб халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида, ҳуқуқий давлат қуриш, давлат қурилишининг халқаро андозаларга мос мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу сабабли ҳам бош қомусимиз мамлакат конституциясининг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилиши билан биргаликда, унда кўплаб демократик давлатларда конституциявий қурилиш соҳасидаги илғор тажрибанинг энг яхши жиҳатлари, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг умумэътироф этилган нормалари ҳамда мазкур соҳадаги бошқа халқаро ҳужжатларга асосланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмлари мужассам этган.
Хусусан ташқи сиёсат борасида конституциямизда Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти эканлиги, унинг ташқи сиёсати халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари ва нормаларига асосланиши белгилаб қўйилган.
Бу борада миллий қонунчилигимизда ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда қонунчиликнинг ҳолатини, қўлланилиш амалиётини, жамоатчилик фикрини ўрганиш билан бир қаторда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини ҳисобга олиш, шунингдек бошқа давлатлардаги ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш борасидаги тажрибани ўрганиш талаби белгиланган.
Бундан ташқари қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчи органлар норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органга Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳасини киритаётганда, халқаро ҳужжатларнинг ва хорижий мамлакатлар қонунчилигининг, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг тегишли қоидаларини, тегишли халқаро тажрибани Ўзбекистон Республикаси шароитларида қўллаш мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифларни кетма-кетлик тартибида кўрсатган ҳолда таҳлилий қиёсий жадвални тайёрлаши шартлиги кўрсатилган.
Шу билан биргаликда халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонунчилиги принциплари, қоидалари ҳамда таърифларининг тайёрланган батафсил таҳлилини ўз ичига олган қиёсий жадвалсиз киритилган Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси кўриб чиқилмаслиги белгилаб қўйилган.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки мамлакатимизда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва қоидаларига изчил риоя қилинмоқда, Ўзбекистон халқаро шартномаларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда фаол иштирок этиб, уларни бажармоқда. Халқаро ҳуқуқ устуворлиги таъминлаш аввало нуфузли халқаро ташкилотлар билан ўзаро тенглик асосида ҳамкорлик қилишда ва мамлакатимизда рақобатдошликни таъминлаб, халқаро майдонда мамлакат нуфузини ошишига хизмат қилади.
Абдиғани УМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг